Эл корига камарбастамиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги  ходимлари куни муносабати билан ўтказилган байрам тантанасида эришилган ютуқларни таъкидлаб, соҳа вакиллари зиммасидаги бурч ва масъулият ҳақида  тўхталди. Ҳали ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратди. Ҳақиқатан ҳам, биз – фермерлар имконият даражасида иш олиб бормаяпмиз. Қишлоқларда етакчилик борасидаги  ўрнимиз тўла  сезилмаяпти. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мўл-кўллиги учун олиб бораётган ишларимизда кенг кўламлилик кўринмаяпти. Куч, имконият етарли. Бироқ ундан оқилона, одилона фойдаланишда  тажрибанинг ўзи етмайди. Бунинг учун фермер ўз соҳаси бўйича етарли билимга эга бўлиши ҳам шарт.

Мана масалан, Қамаши туманидаги “Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида юздан ортиқ  фермер хўжалиги мавжуд. Уларнинг аксарияти кўп тармоқли. 916 хонадоннинг 12-17 сотих, баъзиларида эса  30 сотих  томорқаси бор. Айни пайтда 45-50 фоиз  хонадонда пиёз экилган бўлиб,  бу борада  ҳар йили мўмай даромад кўрилмоқда. 18 та хонадонда иссиқхона фаолият кўрсат­япти. Унда лимон ўстирилиб, цитрус экинидан мўл ҳосил етиштиришда ўзига хос тажриба тўпланган. “Иқболхоним” фермер хўжалигида куркачилик равнақ топмоқда. Ҳозирги кунда бу ерда паррандалар сони юздан ортиқ бўлиб, келажакда уни 1,5-2 баробарга ошириш имконияти мавжуд.  “Чим чорваси” фермер хўжалигида хориждан келтирилган “Қизил ола”  зотли қорамоллар парвариш қилиняпти. Қисқа муддат ичида бу ердаги қорамоллар сони 120 бошдан ошди. “Нодирбек Шохрухбек” фермер хўжалигида эса балиқчилик борасида муайян ютуқлар қўлга киритиляпти.

Бизнинг фермер хўжалигимизда ҳам йигирма киши ишлайди. Уларнинг кучига таяниб, пахта ва ғалладан мўл ҳосил етиштир­япмиз.  “Бухоро-6” навидан  40 центнердан ҳосил етиштирдик. Пахта таннархининг оширилганлиги ишимизда қўл келди. Даромадимиз ҳам чакки бўлмади. Биргина пахтачиликдан 110 миллион сўмдан ортиқ соф фойда кўряпмиз. 35 гектар ерда эса буғдойнинг “Краснодар-99” навидан 50 центнердан ҳосил олдик.

Келгуси йилда пахта, ғалла ҳосилдорлигини ошириш билан бирга боғдорчилик, сабзавотчилик, полизчилик тармоқларини ташкил этмоқчимиз. Чим қиш­лоғи узумининг шуҳратини тиклаш учун ушбу соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Шу мақсадда олимлар ва соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.

Сирасини  айтганда, зиммамиздаги бурч ва масъ­улият катта. Бу, энг аввало, биздан билим ва амалиётни уйғунлаштиришни тақозо этади. Президентимиз биздан бугуннинг эмас, эртанинг ташвиши билан яшашни талаб қилаётган экан, бу йўлда ҳамжиҳатлик ва якдиллик барчамизни муваффақиятлар сари етак­лайверади.

Абдумурод БОЗОРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Қамаши туманидаги

“Бозор ўғли Абди” фермер хўжалиги раҳбари.