«Ҳар ён қилсак ҳаракат, элга етказайлик қут ва баракат»

ёш фермерлар ўз фаолиятини шундай шиор остида ташкил этмоқда

Ҳаммамизга маълумки, Президентимиз ташаббуси билан бу йил мамлакатимизда биринчи марта Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни таъсис этилиб, кенг нишонланди. Давлатимиз раҳбари ушбу соҳа вакилларини “Қалбимга энг яқин инсонлар, қадрдонларим”, деб атади. Соҳада эришилган ютуқларни эътироф этиб, истиқболдаги вазифаларни белгилаб берди.

Деҳқон ва ушбу соҳага камарбаста инсонлар меҳнати улуғлигини барчамиз яхши биламиз. Ҳазрат Навоий ҳам деҳқон меҳнатига “Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин…” дея таъриф берган эди.

Бугун мамлакатимизда 160 мингдан ортиқ фермер хўжалик­лари 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда. Қувонарлиси, уларнинг 12 мингдан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар бошқармоқда.

Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда янада ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни, хусусан, унинг йирик тармоғи бўлган аграр соҳани тараққий эттиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Унга мувофиқ, ўтган ниҳоят­да қисқа даврда, кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида ташкил этилган Ўзбекис­тон ёш фермерлари кенгаши ҳам ёш фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида фермерлик фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Ёш фермерларни хорижий илғор тажрибалар билан таништириш ва фаолиятига жорий қилиш мақсадида уларнинг халқаро кўргазмаларда иштирокини таъминлашга ҳам муҳим вазифа сифатида қаралмоқда.

Ёш фермерлар эришган ютуқларни оммалаштириш, уларни қўллаб-қувватлаш, фермер бўлишни истаган ёшларга ҳам ҳуқуқий, ҳам маънавий кўмак бериш, уюшмаган ёшларни ижтимоий фойдали иш билан таъминлаш муҳим вазифалардандир.

Ана шу вазифалар юзасидан қатор лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир. Жумладан, туманларда ташкил қилинаётган “Ёш фермерлар мулоқот клуби” ёш фермерларга ҳуқуқий, иқтисодий ва агротехник кўмак беради, ўзаро таж­риба алмашишга хизмат қилади.

Шунингдек,  Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Фермер консультант” маслаҳат марказлари, “Ёшлар инновацион ривожланиш йўлида” лойиҳаси аграр соҳадаги ёш олимлар ва фермерлар ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш имконини беради.

Бизнинг ишга солинмаган имкониятларимиз ниҳоятда кўп. Яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланишимиз, қалб қўримиз, ақлу шууримизни соҳа равнақига йўналтириб, янада юксак натижаларга эришиш ­– жонажон Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига муносиб улуш қўшиш фарзандлик бурчимиз, касбимизнинг асосий мезони эканлигини  бугун ёш фермерларимиз чуқур англаб етмоқда.

Президентимиз соҳанинг энг нозик ва инжа сирларини яхши билган ҳолда бизнинг олдимизга юксак вазифаларни қўймоқда. Уларнинг барчаси эл фаровонлигини ошириш, мамлакат иқтисодиётини юксалтириш билан боғлиқ эканлигини чуқур англаган ҳолда ушбу эзгу ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаш ёш фермерларнинг ҳам муҳим вазифасидир.

Президентимиз ердан унумли фойдаланиш ва уни талон-тарож қилишнинг олдини олиш – энг муҳим вазифалардан биридир, дея алоҳида таъкидлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда Ёшлар иттифоқи “Она ер ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида барча ёш фермерлар ихтиёридаги лалми ерларда асосан сувсизликка  чидамли бўлган ва юқори даромадли дуккакли, мойли экинлар, фармацевтика саноати учун зарур бўладиган доривор ўсимликлар етиштириш ҳамда писта, ёнғоқ ва бодом экишни ташкил этишга қаратилган аниқ мақсадли тадбирларни амалга оширади. Бу борада хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари ўрганилади. Соҳанинг етук олим ва мутахассислари иштирокида ёш фермерларнинг билим ва малакаси ошириб борилади.

“Менинг далам – менинг фахрим”. Бу ҳар бир ёш фермернинг шиорига айланади. Қолаверса, бу борада Ёшлар иттифоқи фаоллари, ёш фермерлар ва фермерликка қизиқувчи ёшлардан иборат жамоатчилик назорати гуруҳи тузилиб, ердан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари билан қаттиқ кураш олиб борилади.

Давлатимиз раҳбарининг мева-­сабзавот етиштириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ва экспорт қилиш ишлари талаб даражасида эмас, деган танқидий сўзлари ҳамда кластер усулининг истиқболидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи “Ёшлар агрокластери” лойиҳасини амалга оширишга киришди. Бунда, биринчи навбатда, мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштириш, йиғиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва сотиш занжирли тизимини ривожлантириш мақсад қилинди. Шунингдек, лойиҳа доирасида инновацион технологияларни қўллаш, соҳанинг энг сўнгги илмий ютуқларини жорий этиш, агроклас­тер ҳудудида илмий изланишларни олиб бориш учун ёш олимлар ва фермерларнинг кооперацион алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам режалаштирилмоқда.

Ер, сув ресурсларидан унумли фойдаланадиган, юртдошларимиз ҳаёти фаровон бўлиши учун садоқат билан хизмат қиладиган ёш, фидойи ва ташаббускор фермерларни тайёрлаш Ёшлар иттифоқи олдидаги долзарб вазифа ҳисоб­ланади. Бу борада Ёшлар иттифоқи ёш фермерлар ва фермерликка қизиқувчи ёшларга “Барчаси ёш фермерлар истиқболи учун” лойиҳасини тақдим этмоқда. Лойиҳа доирасида илғор фермерлар иштирокида маҳорат дарслари, агробизнес саёҳатлар, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида ўқувлар ташкил этилиб, уларнинг ҳам назарий, ҳам амалий билим ва кўникмалари ошириб борилмоқда.

Аҳолини сифатли гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш долзарб масалалардандир. Ёшлар иттифоқи бу борада фермерларни фаолликка чақириб, 12 мингдан ортиқ ёш фермернинг ҳар бирининг даласида 1 бошдан соғин сигир, 10 бош­дан қўй, 50 та парранда, 10 қути асалари боқишни йўлга қўйишга киришмоқда.

Томорқа – даромад манбаи. Бу борада юртимизда катта имкониятлар бор. Лекин улардан тўлақонли фойдаланилмаётир. Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши “Томорқа  – даромад манбаи” лойи­ҳасини амалга ошириб, жойларда томорқадан унумли фойдаланиш масалаларини томорқа эгаларига ўргатиб келмоқда. Хусусан, “Томорқа – даромад манбаи” номли амалий қўлланма тайёрланди. Ундан аҳоли томорқаларида сабзавот, полиз ва мева етиштиришнинг замонавий ҳамда анъанавий усуллари, цитрус мевалар етиштиришга мўлжалланган ихчам иссиқхоналар барпо қилиш, ёнғоқ, унаби етиштириш борасида олимларнинг тавсиялари ўрин олган.

Қишлоқ хўжалигини замонавий илм-фан ютуқларидан, ресурс тежамкор техника ва технологиялар, илғор инновацион ишланмалардан фойдаланмасдан ривожлантириб бўлмайди. Айнан ушбу масалаларни ҳаётга татбиқ этишда эса, ёшлар, хусусан, ёш фермерлар фаол бўлиши шарт. Шу нуқтаи назардан ҳам Ёшлар иттифоқи “Ёш фермерлар – инновацион ривожланиш йўлида” лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ҳа, ёш фермерлар қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳага замонавий техника ва технологияларни жорий этиш, янги интенсив усулларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ишларида ёшларга хос ташаббускорлик кўрсатиши даркор. Зеро, ушбу вазифаларнинг ижроси халқ фаровонлиги ва юрт тараққиёти билан бевосита боғлиқдир.

Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида деҳқонлар ҳақида сўз юритар экан, уларга “Ҳар ён қилсалар ҳаракат, элга қут еткарур, ҳам баракат” дея таъриф беради.

Бугун Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига назар ташлар эканмиз, уларнинг туб мазмун-моҳиятида эл маъмурчилиги ва халқ фаровонлигини ошириш ётганини яққол кўрамиз. Бу жараёнда фаол иштирок этиш, эзгу ташаббусларга қанот бўлиш ёш фермерларнинг ҳам асосий мақсадидир.

Соатмурод Қулмирзаев,

Ўзбекистон ёш фермерлари кенгаши раиси.