Қишлоқ хўжалигидаги таркибий ўзгаришлар

соҳани янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Бугун мамлакатимиз аграр соҳасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, амалга оширилаётган ишларга назар ташлар эканмиз, улар моҳиятида халқимизнинг фаровон ҳаёти мужассам эканлигини кўрамиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланганида ҳам ўзига хос мазмун, соҳа вакиллари меҳнатига юксак эътибор мавжуд.

Бу йил мазкур сана юртимизда илк бор “Ҳосил байрами” сифатида тантана қилинди. Пойтахтимизда ташкил этилган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Эъти­борлиси, видеоселектор тарзида ташкил қилинган анжуманни 157 мингдан зиёд соҳа ходимлари жойларда кузатиб борди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳани модернизация қилиш Ўзбекистонни 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Муҳими, жорий йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳаси фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 5 та қонун, 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди, 2 та янги қўмита ва 3 та уюшма тузилди. Ўзбекис­тон Фермерлари кенгаши Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этилди.

Олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар, фермерлик ҳаракатининг ривожланиши натижасида кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шакл­ланди. Охирги икки йилда кўп тармоқли фермер хўжаликлари 45 фоизга кўпайиб, улар сони 75 мингтага етди. Фермер ва деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатлари туфайли жорий йилда мамлакатимиз бўйича 8 миллион 377 минг тонна ғалла,  2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта ҳосили, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 мил­лион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион АҚШ долларилик тайёр маҳсулот ҳамда 856 миллион долларга тенг 724 минг тонна ҳўл мева экспорт қилинди.

Шунингдек, қимматбаҳо хомашё бўлган ипак етиштиришнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилиб, “Ўзбек­ипаксаноат”, балиқчилик соҳасини тиклаш учун “Ўзбекбалиқсаноат” ва асаларичилик соҳасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон асаларичилар уюшмалари ташкил этилди.

Бундан ташқари, ке­йинги йилларда чорвачилик тармоғини ривожлантириш дас­турлари доирасида парранда, эчки, қуён, туяқуш, қорамол боқиладиган кўп­лаб хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилиб, йилқичилик тармоғига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шуни қайд этиш лозимки, мамлакатимизда ирригация ва мелиорация тадбирларининг барча харажатлари тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланиб, ҳар йили давлат бюджетидан 2 триллион 400 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда. Ҳосилдорлиги паст ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта етиштирадиган фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан маб­лағ ажратиш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар 2008 йилда ушбу мақсадлар учун 80 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 300 миллиард сўмга етди.

Шунингдек, Президентимиз томонидан соҳада эришилаётган ютуқлар билан бирга, ишга солинмаган имкониятлар, ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар айтиб ўтилди. Хусусан, жойларда қатъий назорат йўқлиги оқибатида суғориладиган ерларни фермерлар ва бош­қа мутасадди раҳбарлар томонидан сотиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, талон-тарож қилиш ҳолатлари мавжудлиги, суғориш иншоотларининг эскириши ва тармоқлар яроқсиз ҳолга келиб қолгани оқибатида 830 минг гектар ерни суғоришда қийинчилик­лар юзага келаётгани, аҳолини сифатли гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, мева-­сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ва экспорт қилиш ишларининг етарли даражада эмаслиги таъкидланди. Фермер хўжаликларида ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, даромад ҳажмини ошириш, шунингдек,  пахта ва ғалла экилаётган паст рентабелли майдонларни йилдан-йилга қисқартириб, уларнинг ўрнига интенсив боғлар, ёнғоқзор ва токзорлар барпо этиш, сердаромад бўлган соя, қалампир ва кўкатлар экиш режаларини амалга ошириш жиддий муаммолардан эканлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу каби муаммоларни ҳал этиш, ечимларини топиш мақсадида долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Албатта, биз ҳам дастурий маърузадан хулоса қилиб, мазкур жараёнда соҳанинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш, кўрсатмалар ижросини самарали таъминлашни парламент ва депутатлар зиммасидаги устувор вазифа деб ҳисоб­лаймиз ҳамда келгуси йилги режа ва мақсадларимизни шу асосида қатъий белгилаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, Давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқи қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янги босқичга олиб чиқиш, экспорт салоҳиятини ошириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига янада кенг имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси.