Ишлаган қадр топади

3_khorezm

Асли касби қурувчи бўлган Бектурди Ортиқов 1998 йили  10 гектар ерда фермер хўжалиги ташкил этиб, иш бошлади. У бугунга келиб экин майдонини 67 гектарга етказди. Ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин сифатида 10 гектар ерга шоли кўчати ўтқазди, мош, сабзавот экинлари экиб, ундан мўл ҳосил олди.

– Пахтадан 40 центнердан, ғалладан 50-60 центнердан ҳосил олиш биз учун одатий ҳолга айланиб қолди, – дейди Қўшкўпир туманидаги “Ҳамроҳ” фермер хўжалиги раҳбари Бектурди Ортиқов. – Бу йил ғалладан 80, пахтадан 45 центнердан ҳосил олдик.

Президентимиз Хивага ташрифи чоғида фермерлар билан учрашди. Илғор фермер Бектурди Ортиқовга эришган муваффақиятлари, ҳалол ва самарли меҳнатлари учун  “Дамас” автомашинаси калитини топширди. Бу Бектурди ва фермер хўжалиги аъзолари меҳнатига берилган баҳо ва катта ишонч эди.

Дарҳақиқат, ишлаган қадр топади. Бектурди Ортиқовнинг меҳнатлари ҳам қадр топди. 2007 йили  “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Эл-юрт орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.

Сахийлик яхши одамларга хос фазилатлардан биридир. Фермер буғдойга ўроқ тушдими, дастлаб маҳалладаги боқувчисини йўқотган оилаларга буғдой тарқатади, моддий ёрдам кўрсатади. Унинг ўғли Хайрулла ҳам изидан бормоқда. У ҳозир “Хонободлик Хайрулла кўли” фермер хўжалиги раҳбари.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.