Йилқичилик ва от спорти истиқболлари

4_01

Ортга назар ташлайдиган, амалга оширилган ишларни кўз ўнгимиздан ўтказадиган бўлсак, жорий йил ҳақиқатан ҳам катта ислоҳотлар, ўзгаришлар йили бўлганига амин бўламиз. Юртимиз, юртдошларимиз ҳаётида ўчмас из қолдирган муҳим воқеликлар йили сифатида тарих зарварақларига муҳрланиб бораётган йилда ҳеч бир соҳа йўқки, эътибордан четда қолаётган бўлса! Жорий йилда мамлакатимизда йилқичиликни, кейинги пайтларда эътибордан четда қолиб келаётган от спортини жадал ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада ҳам дадил қадамлар ташланди.

Президентимизнинг 2017 йил 15 июндаги “Ўзбекистон Рес­публикасида йилқичилик ва от спортини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа ривожидаги янги ва муҳим босқични белгилаб берди. Шу асосда кўплаб амалий ишларга киришилди. Ўзбекистон от спорти федерацияси Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси сифатида қайта ташкил этилиб, унинг зиммасига қатор янги вазифалар ва топшириқлар юкланди. Таъбир жоиз бўлса, федерациянинг имконият­лари кўлами кенгайтирилиб, қатор имтиёзлар ва қулайлик­лар ҳам берилди.

Мазкур қарор ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Тошкент “Марказий ипподром”ини қайта реконструкция қилиш ишлари ҳам шулар жумласидандир. “Марказий ипподром” акциядорлик жамияти Ўрта Осиё давлатлари орасида географик жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашганлиги боис, Халқаро от спорти федерацияси ва Осиё от спорти федерацияси мусобақаларини ўтказишда муҳим ўрин тутади. Бинобарин, Осиё от спорти президенти Ҳамад бин Абдулраҳмон ал-Аттия пойтахтимизга ташрифи чоғида давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорини юқори баҳолаб, “Марказий ипподром”нинг минтақавий ва гео­график имкониятлари хусусида батафсил тўхталиб ўтди. У билан олиб борилган музокараларнинг дастлабки натижаси сифатида мамлакатимизда келаси йил Осиё от спорти федерациясининг Бош ассамблеяси ўтказилиши борасида келишув амалга оширилганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ўтган давр мобайнида спортчилар, ҳакамлар, стюард ва бошқа от спорти соҳаси ходимларининг тажриба ва малакаларини ошириш учун қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, жорий йилнинг 16-19 октябрь кунлари от спортининг тўсиқлардан от сакратиш ва от йўрттириш турлари бўйи­ча спортчилар, ҳакамлар ва мураб­бийларнинг малакасини ошириш учун Евроиттифоқдан мутахассислар таклиф қилиниб, Халқаро от спорти федерацияси грантлари эвазига Зангиота туманидаги “Бабос” ва Қибрай туманидаги “Универсал жампинг” от спорти клубларида улар иштирокида семинар-тренинглар ташкил этилди. Ушбу ўқув-амалий машғулотларда 30 га яқин мутахассислар иштирок этиб, 4 нафари халқаро тоифадаги ҳакам сертификатини қўлга киритди.

Бундан ташқари, Осиё от спорти федерацияси билан йўлга қўйилган кенг кўламли ҳамкорлик натижасида от спорти ривожланган Қатар давлатининг Доҳа ва Ар-Раян шаҳарларида шу йилнинг 16-25 ноябрь кунлари бўлиб ўтган халқаро тўрт юлдузли мусобақаларда бутун дунёдан ташриф буюрган энг тажрибали чавандозлар қаторида терма жамоамиз аъзолари ҳам иштирок этди.

Мусобақа натижаларига кўра, баландлиги 1 метру 25 сантиметр бўлган тўсиқлардан от сакратиш бўйича Аъзам Толиббоев мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Шунинг­дек, 1 метру 20 сантиметр бўлган тўсиқлардан от сакратиш бўйича ёш чавандоз Саидамирхон Турғунбоев иккинчи, Оқил Собиржонов учинчи ўрин соҳиби бўлди.

Тадбир давомида чавандозларимиз тўсиқлардан от сакратиш бўйича Олимпия ўйинлари олтин медали совриндори, афсонавий мураббий Ян Топс қўл остида машғулотлар олиб борди.

Ўтган қисқа вақт орасида от спортида эришилган ютуқлардан яна бири шуки, Халқаро от спорти федерацияси билан олиб борилган қизғин музокаралар натижасида 2018 йилда Сиртқи жаҳон кубоги – “Челленж” мусобақаларининг финал босқичини юртимизда ўтказишга келишилди. Мазкур нуфузли мусобақани ўтказиш учун от спорти ривожланган Португалия ва Эквадор давлатлари ҳам ўз номзодларини қўйишганди. Бироқ олиб борилган музокаралар сабаб ушбу мусобақанинг финал босқичини Тошкентда ўтказишга эришилди. Буни федерациянинг дастлабки ютуқларидан бири, дейиш мумкин. Бошқача айтганда, юртимиз Осиё давлатлари орасида илк бор “Челленж” мусобақаларининг финал босқичига мезбонлик қилган давлат сифатида дунё от спорти тарихидан жой олади.

Айнан шу мусобақада қатнашган чавандозимиз Оқил Собиржонов шу йили Жазоир давлатида муваффақиятли иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

Жорий йилда чавандозларимиз эришган натижаларга келадиган бўлсак, 1-3 декабрь кунлари тўсиқлардан от сакратиш бўйича Гонгконг шаҳрида болалар ва ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган Иккинчи Осиё чемпионатида ёш чавандоз Саидамирхон Турғунбоев кумуш медални қўлга киритди. Эътироф этиш керакки, Ўзбекистон от спорти тарихида ўтган йигирма беш йил ичида чавандозларимиз биринчи марта мазкур нуфузли мусобақа шоҳсупасининг биринчи учталигига кўтарилди. Яна бир тажрибали чавандоз Нуржон Туёқбоев от спортининг тўсиқлардан от сакратиш тури бўйича Жаҳон кубоги мусобақаларининг Марказий Осиё лигасида ўз иқтидорини намоён этиб, Олтин лиганинг Гран При совринини қўлга киритди ва 2018 йили Германияда бўлиб ўтадиган асосий баҳсларга йўлланма олди. Тўсиқлардан от сак­ратиш бўйича Россия федерацияси президенти кубоги учун бўлиб ўтган мусобақаларда ҳам терма жамоамиз муваффақиятли иштирок этиб, икки нафар чавандозимиз фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

Ҳозирда ёш чавандозларни тарбиялаш, уларни жаҳон ареналарига олиб чиқиш бўйича қатор чор-тадбирлар, ўқув-амалий машғулотлар мунтазам ташкил этилмоқда. Бунинг натижасида от спортининг тўсиқлардан от сакратиш турида истеъдодли ёш чавандозлар гуруҳи шаклланди. Бугунги кунда от спортининг уч йўналиши бўйича асосий ва захира қисмда жами 120 нафар истеъдодли ёш йигит-қиздан иборат чавандозлар гуруҳи мавжуд. Албатта, кўп нарса рақамларда, муқояса қилинганида ойдинлашади. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, ўтган йили халқаро мусобақаларда чавандозларимиз жами 16 та олтин, 3 та кумуш, 2 та бронза медални қўлга киритгани ҳолда жорий йилнинг шу пайтига қадар 19 та олтин, 10 та кумуш, 14 та бронза медал соҳиби бўлишди. Соҳани ривожлантиришга қаратилаётган жиддий эътибор, амалга оширилаётган кенг кўламли ишлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу борадаги ютуқларимиз салмоғи йилдан-йилга ортиб бораверади. Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси томонидан ўтказилган “Ўзбекистонда йилқичилик ва от спорти истиқболлари: қарор ва ижро” мавзусидаги пресс-конференцияда шулар хусусида батафсил сўз юритилди.

Раимқул СУЯРОВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.