МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУҲИМ КАФОЛАТИ

Асосий Қомусимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Бу ҳар томонлама кучли, ривожланган, эркин, ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг асосий омили саналади.

 

Агар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлашга оид етмишдан ортиқ халқаро шартномаларга қўшилганини, жумладан,  Ўзбекистон Рес­публикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйи­ча вакили (Омбудс­ман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, прокуратура, адлия, ички ишлар органларини ўз ичига олган миллий қонунчилик тизими фаолият олиб бораётганини,  шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Респуб­ликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, “Хабеас корпус” институтини қўллашни кенгайтиришни назарда тутувчи  элликдан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинганини ҳисобга оладиган бўлсак, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга ва муносиб ҳимоя қилишга қаратилган ишлар кўлами янада яққолроқ намоён бўлади.

Эндиликда суд тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган ишлар ўзининг самарасини бера бошлади. Жумладан, жиноят содир этишда айб­ланаётган шахснинг айби судда аниқ бўлмагунга қадар у айбдор ҳисобланмаслиги тўғрисидаги конституциявий нормаларни амалда таъминлашга эъти­бор кучайтирилди. Шунинг­дек, ягона суд амалиётини таъминлаш учун Ўзбекистон Рес­публикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди. Судь­яларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судьялар олий кенгаши таъсис этилди. Жаҳон тажрибаси чуқур ўрганилган ҳолда давлатимиз тарихида биринчи марта судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Шу асосда судьяларнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди.  Судья адолатли ҳукм чиқариши учун аввало халқни, унинг ҳаётини, дарду ташвишларини яхши билиши керак. Ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат идоралари томонидан бузилса, улар ҳар бир туман ва шаҳарда тузилган маъмурий судларга мурожаат қилиш­лари мумкин. Маълумки, илгари ҳар бир туманда бундай судлар бўлмагани туфайли одамлар ўз муаммоларини вақтида ҳал қила олмаган.  Суднинг тарбиявий ролини кучайтириш, унинг фао­лиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, суд ҳукмларини қабул қилишда жамоат­чилик фикрини инобатга олишга жиддий эътибор қаратилди. Шу мақсадда суд ишларини сайёр тартибда кўриш йўлга қўйил­ди.

Ишларни назорат тартибида кўриш муддатлари уч йилдан бир йилга қисқартирилди. Апелляция ва кассация инстанциялари босқичида иш юзасидан юқори суд инстанция­си томонидан якуний қарор чиқариш кафолатлари мустаҳкамланди. Янги тартиб жорий этилиши билан фуқароларимизнинг судма-суд овораю сарсон бўлиб юриши каби салбий жиҳатларга барҳам берилди.

Янги тартибда судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш тартиби бекор қилинди. Бу эса суд ва тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилиш борасидаги масъулиятини оширди.

Ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фикрини инобатга олиш амалиёти йўлга қўйил­ди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида судланувчиларга, айниқса, ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари тайинланиши каби қайта имкониятларни қўллаш тажрибаси жорий этилди. Сирасини айтадиган бўлсак, бу саъй-ҳаракатлар натижасида фуқароларимиз онгида қонунларни ҳурмат қилиш ва итоат­корлик туйғуси ошиб бормоқда. Қонунларга амал қилиш эса юксак ҳуқуқий онглилик, жамият ва давлат манфаатларини чуқур тушуниб етиш, ижтимоий бурч, яъни  ўз қилмиш­лари учун жамият, давлат олдида жавобгарлик туйғусини шакллантиришга хизмат қилади. Қонунга бўйсунган ҳар бир фуқаро қонун талаблари жамиятнинг юксак манфаатларини ифода этишини, қонунларга риоя этиш фақат халқ манфаатларига эмас, ўз шаъни ва қадр-қимматига ҳам хизмат этишини яхши тушунади. Қонунларни ҳурмат қилиш ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг асоси бўлиб, унинг негизида шакл­ланган ҳуқуқий маданият жа­мият тараққиётига хизмат қилади.

Самадхон ТЕМИРОВ,

Жиноят ишлари бўйича
Сирғали тумани
суди судьяси ёрдамчиси.