МИРЗАОБОДЛИК МИРИШКОРЛАРНИНГ МАТОНАТЛИ МЕҲНАТИ МАҲСУЛИ

Сирдарё вилояти

Мирзаобод туманида деҳқончилик қилиш миришкорлардан катта тажриба ва омилкорликни талаб қилади. Боиси пахта ва ғалла етиштириладиган майдонларнинг аксарияти шўрхок. Туманнинг Меҳнатобод ҳудудига чегарадош жойларда тез-тез эсиб турадиган кучли шамол тупроқ юзасини қотириб, экинларга олти-етти марта ишлов беришни талаб қилади.

Шундай шароитда ҳам туман меҳнаткашлари ҳар бир агротехник тадбирни пухта амалга оширишди. Хусусан, ғўзани озиқлантиришда суспензия усулидан, суғоришда маҳаллий ўғитдан оқилона фойдаланишди. Вегетация даврида ҳосил кушандаси – кўсак қуртига қарши курашда биомаҳсулотлар билан ишлов беришга алоҳида эътибор қаратилди. Кўсаклар тўлиқ етилган пайкалларда ғўза баргини тўктириш тадбири қулай муддатда ўтказилди. Қатъий саъй-ҳаракатлар натижасида туман деҳқонлари вилоятда шартнома режасини биринчилардан бўлиб адо этишди. 6500 гектар майдондан қабул масканларига 11411 тонна сифатли хомашё топширилди. “Оқолтин”, “Хўжаобод”, “Мирзачўл” сув истеъмолчилари уюшмаларида давлатга пахта сотиш шартномавий режаси 102-108 фоизга бажарилди.
Чунончи, “Дилдаги наво сири” фермер хўжалиги жамоа­си гектаридан 41 центнердан ҳосил олиб, пахта топшириш режасини 203 фоизга уддалади. “Аваз Идрисов”, “Тожимаҳал Янгиобод”, “Раим ота”, “Баҳодирҳожи ўғиллари” фермер хўжаликларида гектаридан 35-40 центнердан ҳосил териб олинди.
Ерга бўлган муносабатнинг ўзгариши натижасида бир йилда бир ердан икки марта ҳосил олинмоқда. Туманда 299 та фермер хўжалигида 2434 гектар ғалладан бўшаган майдонга такрорий экин – мош экилиб, 2492 тоннадан зиёд ҳосил олинди. Шунинг 503 тоннаси экспорт қилинди. Етиштирилган мош ва бошқа қиш­лоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаб, хорижга экспорт қиладиган бир нечта корхона фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, “Бек Кластер” масъ­улияти чекланган жамияти мош ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаб чет мамлакатларга кенг ҳажмда экспорт қилмоқда.
Эришилган ютуқларни янада мус­таҳкамлашга интилаётган туман пахтакорлари айни вақтда 2018 йил ҳосилига мус­таҳкам пойдевор қўйиш­моқда. Шу мақсадда ҳосилдан бўшаган майдонларни шудгорлаш, пол олиб, яхоб бериш, кўкламги экиш-тикишда фойдаланиладиган техника воситаларини таъмирлаш ишлари уюшқоқлик билан бошлаб юборилди. Майдонларни шудгорлашда 26 та юқори унумли трактор кучидан тўла қувватда фойдаланилмоқда. Уларнинг кучи билан ҳар куни ўртача 210-230 гектар ҳосилдан бўшаган, ғўзапоя ва мош­дан  тозаланган майдонлар шудгорланяпти.
Қишки тадбирларнинг оби-тобида бажарилиши келгуси ҳосилга ишонч­ли замин яратишнинг асоси эканлигини тажрибадан яхши англаган пахтакорлар ҳайдалган майдонларда чел олиш, яхоб бериш, пушта тортиб, эгатлаб суғориш ишларини ҳам қизғин олиб боришаётир. Ҳозиргача туманда 920 гектар майдонда чел олиниб, 258 гектар майдонга яхоб берилди.
– Деҳқонларимиз далаларга маҳаллий ўғит жамғаришни ҳам бош­лаб юбордилар, – дейди Мирзаобод тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Аброр Хидиров. – Айни вақтда туманимизда кунига 40-45 тонна маҳаллий ўғит дала бошига чиқарилмоқда. Ички имкониятларни ишга солиб, қиш мавсумининг ўзида 5000 тонна маҳаллий ўғит тўплашни мақсад қилганмиз. Бу эса келгуси йили ғалла ва ғўзани “шарбат” усулида суғориб, юқори ҳосил етиштиришга мустаҳкам асос яратади.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.