Адирлар ёнғоқзорга айланмоқда

Самарқанд вилояти

Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида юртимизнинг тоғолди ҳудудларига серҳосил ёнғоқ кўчатларини экиш ишлари бошлаб юборилди. Бунда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, суғориш қийин кечадиган тоғолди ҳудудлари ҳамда лалми майдонларда экиш учун хориждан ёнғоқ, писта, бодом ва унаби кўчатлари келтирилмоқда.

Самарқанд вилоятининг Жомбой, Қўшработ, Ургут туманларида интенсив ёнғоқзорлар барпо этилди. Бунинг учун АҚШ, Туркиядан тезпишар, оқ мағизли, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган “Чандлер” навли ёнғоқ кўчатлари келтирилди. Ёнғоқнинг бу тури совуққа чидамлилиги ҳамда серҳосиллиги билан ажралиб туради.
Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифи чоғида Ургут туманининг лалми, тоғолди ерларидан самарали фойдаланиб, интенсив узумчилик, писта, бодом, унаби ва ёнғоқ экиш юзасидан топшириқлар берган эди. Шундан келиб чиқиб, ажратилган ер майдонлари ҳисобига 1857 та лойиҳа амалга оширилди. Унга кўра, 2020 йилга қадар 1700 гектар ерда ёнғоқзорлар барпо этилиб,  7300 та янги иш ўрни яратилади.
Туманнинг Қоратепа, Зинак, Бойқишлоқ, Хўжайдуқ каби даштли қишлоқларида сув танқислиги боис экин-тикин қилинмас эди. Тадбиркор фермерлар саъй-ҳаракати туфайли бу жойлар мевали дарахтзорларга айланмоқда.
Хусусан, Зинак тоғ ёнбағридаги 300 гектар ер текисланиб, атрофи ўралди. Майдонларни суғориш учун янги сув ҳавзалари барпо этилди. “Қоратепа” сув омборидан замонавий насос, агрегатлар ёрдамида сув чиқарилиб, ёнғоқ кўчатларини томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Ерлар узоқ йиллар фойдаланилмай ётганлиги боис тупроқ таркиби лаборатория текширувидан ўтказилиб, унда азот ва фосфор моддаси камлиги аниқланди. Кўчатлар агротехника қоидалари асосида ўтқазилди.
– Вилоятда жами 2500 гектар тоғолди ва лалми ер майдонларида интенсив ёнғоқзор ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, унинг 500 гектари Жомбой, 600 гектари Пайариқ ва 1400 гектари Булунғур тумани ҳудудида жойлашган, – дейди ёнғоқ ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Камол Абдуллаев. – Мамлакатимиз иқлим шароитига мос кўчатларни етиштириш мақсадида Жомбойда замонавий лаборатория, иссиқхона ва тажриба майдончаси барпо этилмоқда. Лабораторияда ёнғоқ, бодом, писта, зайтун ва бошқа турдаги мевали кўчатлар “инвитро” усулида етиштирилади. Бундай усулда етиштирилган  кўчатлар турли касалликларга, сувсизлик ва совуққа чидамли, шу билан бирга, қисқа муддатда ҳосилга кириши билан ажралиб туради.
Мутахассисларнинг фикрича, уч йилда ҳосилга кирадиган ёнғоқнинг дастлабки йилида ҳар бир тупдан 10-15 килограмм, гектаридан эса 4 тоннагача ҳосил олинар экан. Дарахтлар тўққиз йилда тўлиқ ҳосилга киради ва ҳосилдорлик 8 тоннани ташкил этади. Дастлабки йилларда ҳосилни териб олиш қўлда, кейинчалик тўлиқ автоматлаштирилади, яъни техника ёрдамида амалга оширилади.
Корхона томонидан ёнғоқ ҳосилини қайта ишлаш борасида ҳам аниқ режалар ишлаб чиқилган. Унга кўра, дарахтлар тўлиқ ҳосилга киргач, ёнғоқзорга яқин ҳудудда замонавий технологияларни жалб этган ҳолда махсус завод бунёд этилади ва маҳсулот қайта ишланиб, қадоқланган ҳолда ички ҳамда ташқи бозорга чиқарилади.

Нуриддин БОЛИЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.