Ҳарбийлар учун янги уй-жойлар

askar

Навоий вилояти

Навоий шаҳрида ҳарбийлар оилалари учун иккита уч қаватли жами 36 хонадондан иборат турар жой биноси фойдаланишга топширилди.

Қиймати 2,4 миллиард сўмга тенг бўлган мазкур турар жойларни топширишга бағишланган тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида олиб борилаётган тизимли ишлар Қуролли Кучларимизнинг нуфузини янада оширишга хизмат қилаётганлигини таъкидладилар.
Ўн беш йилдан буён ҳарбий соҳада хизмат қилиб келаётган Обиджон Умаров оиласи учун бугун унутилмас кун. Асли Навоий вилояти Хатирчи туманида таваллуд топган Обиджон хизмат тақозоси билан Нукус шаҳрида ҳамда Бухоро вилоятида ўз хизмат бурчини ўтади. Ҳозирда Навоий шаҳридаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган қаҳрамонимиз бугун янги уй калитини қўлига олди. Албатта, халқимизнинг “уйи борнинг, ўйи йўқ”, деган пурмаъно ҳикмати бугун 3 нафар фарзанднинг отаси бўлган Обиджоннинг ҳаёти мисолида яна бир бор ўз тасдиғини топди.
– Бугун орзуларим ушалган кун, – дейди янги уй соҳиби Обиджон Умаров. – Фарзандларим ва турмуш ўртоғимнинг қувончини айт­майсизми!? Келажакда шу уйда тўйлар қиламиз, яхши кунлар кўрамиз. Шундай имкониятлар яратиб бераётган, бизга ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан чексиз миннатдормиз.
Ушбу уйларнинг қулай ва шинам хоналарида оила бекалари учун ҳам барча шароитлар яратилган. Имтиёзли кредит эвазига ўн йил муддатга берилган бу уйлар бугун ўз эгаларига қувонч улашди. Қолаверса, соҳада олиб борилаётган хайрли ва эзгу ишларнинг бардавомлиги ҳарбийларни янада руҳлантириб, Ватан ҳимоя­си йўлидаги фидокорона хизматларига куч ва шижоат бағишлайди.
Тантанали тадбирда Навоий вилояти ҳокими ­Қ.Турсунов иштирок этди.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.