«Ёнимиздан ўтди Мангулик…»

«Ислом Каримов хотирасига бағишланган
энг яхши илмий-оммабоп мақола» кўрик-танловига

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов Биринчи Президентимиз вафотига бағишлаган марсиясини ана шу сўзлар билан якунлаган эди. Бу шунчаки назмий муболаға ёки пафосга берилиб айтилган сўзлар эмас, балки айни ҳақиқатдир. Зеро, мустақиллигимиз меъмори, халқимизнинг асрий орзусини ушалтира олган Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимиз олдидаги буюк хизматлари, халқ учун амалга оширган оламшумул меҳнатлари билан мангуликка дахлдордир.

Ўзбек халқининг буюк фарзанди, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом ­Каримов билан Қашқадарё вилоятини бошқарган йилларида бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Нафақат қашқадарёликлар, балки бутун ўзбек халқи учун оғир ва синовли кечган ўша дамларда бир хўжалик раҳбари сифатида ­Ислом Абдуғаниевичнинг матонати, халқпарварлиги, донолиги, узоқни кўра олиши ҳамда метиндек иродасига гувоҳ бўлганман. Қуйида ана шундай хотираларимни газетхонларга улашишни ҳам фарз, ҳам қарз деб билдим.
Қашқадарёнинг биринчи раҳбари бўлиб ишлаган йиллари Ислом Абдуғаниевич ҳаёти ва фаолиятида энг оғир ва энг таҳликали йиллар сифатида бир умрга муҳрланиб қолди. Чунки собиқ Марказдан юборилган “тартиб ўрнатувчилар” вилоятда юз бераётган ижобий ишлардан ич-ичидан куйиб, ўзларини қаёққа уришларини билмас эди. Ислом аканинг халқ ўртасида обрўси кундан-кунга ошиб бораётган эди. Шу сабаб улар ­Ислом ­Каримовни халқдан ажратиб ташлаш мақсадида махфий режа туза бош­ладилар.
Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг иккинчи котиби В.Анишчев бошчилигидаги “тартиб ўрнатувчилар” Қашқадарё вилоятининг раҳбарини ҳамда халқини бир-бирига қарши қўйиш, қама-қамани авж олдириш мақсадида 1987 йил 12 декабрдаги вилоят партия ташкилотининг Пленумидаги сўзида “ўзбеклар иши”, “пахта иши” кампаниясини янги босқичга кўтармоқчи бўлдилар.
Агар Қарши шаҳрида бўлиб ўтган ўша Пленумда ва ундан кейинги даврларда Ислом Абдуғаниевич эзгулик ва адолат йўлида қатъий турмаганларида яна ишлар орқага кетиши, қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар бадном бўлишлари муқаррар эди.
Вилоятимиз кундан-кунга ўсиш сари одимлаётган бир пайтда, “Ўзбекистон ССР халқ хўжалигини бошқаришнинг бош схемаси” деб аталган директив ҳужжатга кўра Қашқадарё вилоятини Бухоро вилояти таркибига қўшиш ҳаракати бошланди. Аниқроғи, “Ҳудудий бўлинишдаги ортиқча тарқоқликка барҳам бериш, маъмурий аппаратни қисқартириш”, деган баҳона билан йирик вилоятлар тузиш, жумладан, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари негизида Бухоро вилояти ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.
Агар масалага чуқурроқ қарайдиган бўлинса, бу масала замирида ғаразли мақсад яширинганини сезиш мумкин. Янада аниқроқ айтганда, юқорида ўтирган Марказқўмдагилар мана шу йўл билан кун сайин халқ ўртасида обрўси ошиб бораётган Ислом Абдуғаниевич­ни раҳбарлик вазифасидан четлаштирмоқчи эди. Агар масалага одилона баҳо берадиган бўлсак, бундай ғаразли режани амалга ошириш учун Марказқўмдагиларга бошқа йўлнинг ўзи ҳам йўқ эди-да.
Қашқадарё халқи Ислом ­Абдуғаниевичга ишониб ҳамда суяниб қолган эди. Шу боисдан ҳам бу улуғ раҳбарни тўғридан-тўғри вазифасидан олиб ташлаш катта норозиликларга сабаб бўлиши та­йин эди.
Шулардан келиб чиқиб, Ислом Каримов 1988 йилнинг бошида Кавказда санаторийда даволанаётган пайтда, фурсатдан фойдаланиш мақсадида Бухорода ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда иштирок этган икки вилоят вакиллари Бухоро ва Қашқадарё вилоятларини бирлаштириш ҳақидаги таклифни “бир овоздан” маъқуллайдилар. Бу йиғилишни Ислом Каримовнинг иштирокисиз ўтказилиши бежиз эмас эди. Чунки Анишчев “якдиллик” билан қарор қабул қилингач, уни ҳеч қандай куч ўзгартира олмайди, деган тўла ишончга эга эди.
Ислом Абдуғаниевич бу воқеадан хабар топгач, ўша куннинг ўзидаёқ Қаршига етиб келди. Эртаси куни вилоят бўйича фаоллар йиғилишини чақиртирди. Йиғилишга вилоятдаги барча хўжалик раҳбарлари ҳам таклиф этилган эди.
Йиғилишни Ислом Абдуғаниевич­нинг ўзлари очдилар.Табиийки, унинг мутлақо кайфияти йўқ эди. Шу сабабдан ҳам ўтирганларга қараб, асабий оҳангда:
– Ахир Бухородаги йиғилишда Қашқадарёдан таклиф қилинганлар ичидан бирон инсон вилоятнинг эртанги тақдири нима бўлади, деб, ҳатто бир оғиз ҳам айта олмабди-ку! Фақат қўл кўтариб, бу таклифни маъқуллаб келишибди холос, – дедилар.
Шунда Нишон туманидан вакил Ҳайитмурод Фармонов сўзга чиқиб:
– Ислом ака, вилоят аҳли бундан норози. Агар сиз рози бўлсангиз, барча қашқадарёликлар ортингиздан боришга тайёр туришибди, – деди.
Бу сўзларни эшитган Ислом аканинг руҳи шундай кўтарилдики, боягина юзида пайдо бўлган кайфиятсизлик ўрнини бир зумда умид ва ишонч эгаллаб олди. Ислом ­Абдуғаниевич халқнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, ишга астойдил киришиб кетди.
Тошкентда бўлиб ўтган юқори доирадаги ҳукумат аъзоларининг тўлиқ таркибдаги йиғилишида қашқадарёликларнинг манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиб чиқди.
Ўша йиғилишда қатнашган ва барча вазиятларга гувоҳ бўлган Бухоро вилоятининг ўша пайтдаги вилоят ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлаган А.Тошкентбоевнинг хотираларидан келтирсак, фикримиз янада ҳаққоний бўлар эди.
“Муҳокамага қўйилган масала аслида халқимиз манфаатларига зид эканини, бу бизга ҳам иқтисодий, ҳам маънавий жиҳатдан зарба бўлишини англаб турар эдик. Лекин мана шу ички норозиликни баён этишга ҳеч ким журъат қилолмас эди. Чунки шафқатсиз равишда ҳукм сураётган зўравонлик ҳаммани чўчитиб қўйган эди. Ни­ҳоят Қашқадарё вилоятининг раҳбари Ислом Каримовга сўз берилди.
Ҳеч кутилмаганда, у киши шиддат билан фикрини баён этди. Республика Министрлар совети раисининг биринчи ўринбосари В.Огарок бошчилигидаги комиссия Москва сиёсатини кўр-кўрона бажараётгани, вилоятларни бу тарзда бирлаштириш ижтимоий, иқтисодий ва тарихий жиҳатдан мутлақо хато бўлишини далиллар асосида исботлаб берди.
Ўшанда менга залда момақалдироқ гумбурлагандек туюлганди.
В.Огарокнинг қовоқ-тумшуғи осилиб кетган. У қўрслик қилиб Ислом Абдуғаниевичнинг гапини бўлиб:
– Юқорида ўтирганлар буни яхшироқ билса керак? – деб луқма ташлади.
Ислом Абдуғаниевич эса вазминлик билан, мен бу масалада энг билимдон одам билан ҳам мунозара қилишга тайёрман, деди.
Ўша пайтда одамлар, ҳатто ўз отасининг маъракасига боришга журъат этмас, қатағон гирдоби ҳар куни ўнлаб инсонларни ўз домига тортиб кетаётган эди. Мана шундай қалтис вазиятда собиқ марказнинг қонунга тенг ҳукмини рад этиш ҳар қандай одам учун кутилмаган фожеалар келтириб чиқариши ҳеч гап эмас эди. Шу боис залда ўтирганлар сукутга чўмиб, тош қотиб қолган эди.
Ислом Абдуғаниевичнинг ҳар томонлама асосли ҳаққоний фикр­лари республика раҳбариятини ўйлантириб қўйди. Шундан сўнг улар Қашқадарё ва Бухоро вилоятларини бирлаштириш масаласини яна кун тартибига қўйишга журъат этмадилар”. (П.Равшанов. “Қашқадарё истиқлол арафасида: 1986-1989 йиллар” китобидан олинди).
Ислом Абдуғаниевичнинг бу мардлиги ва жасорати барча Қашқадарё халқининг руҳига-руҳ, ғайратига-ғайрат қўшди. Бунинг устига 1988 йил бошидан қиш ҳам, баҳор ҳам серёғин келди. Ерлар қор ва ёмғир сувига тўйинди. Ерга, хирмонларга барака инди.
Қашқадарё осмонидаги қора булутлар бу ютуқлардан сўнг офтобнинг заррин нурларидан қочгандек бир пасда узоқ-узоқларга тарқаб кетди. Шундан сўнг Ислом Абдуғаниевич жуда катта ғайрат ва ши­жоат билан вилоятдаги барча раҳбарлар олдига қуйидаги вазифаларни бажаришни шарт қилиб қўйдилар:
–    ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш, бунинг учун, аввало, алмашлаб экишни кенг жорий қилиш;
–    ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, очиқ ва ёпиқ дренажларнинг узлуксиз ишлашини йўлга қўйиш;
–    пахта яккаҳокимлигига чек қўйиш;
–    оддий деҳқонга мустақил ишлаши учун имкон бериб, унинг устидан буйруқбозликка йўл қўймаслик;
–    вилоятдаги барча колхоз ва совхоз ерларида оилавий звено ва бригада пудратига ўтиб ишлашни жорий қилиш ҳамда тўлиқ чек системасига ўтиб ишлаш;
–    вилоят бўйича барча турдаги хўжалик аъзоларига томорқа учун ер ажратиб бериш.
Томорқада етиштирилган мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларининг ички эҳтиёжларидан ортганини бозорга чиқариб сотишни ташкил қилиш, бу билан деҳқонларнинг оилавий бюджетига қўшимча даромад олиб келишни алоҳида уқтирарди. Шу боисдан Ислом ­Абдуғаниевич ҳар бир сўзида:
– Халқ бой бўлмаса, давлат ҳеч қачон бой бўлмайди, – деган ҳаётий ҳақиқатни биз, вилоятнинг барча хўжалик раҳбарлари онги-­шуурига қўрғошиндай қуярди.
Шунинг учун ҳам Ислом ­Абдуғаниевич мамлакатимизда биринчи бўлиб оддий меҳнаткашларга томорқа учун ер ажратиб беришга журъат этган мард ва тенгсиз, жасур ва улуғ инсон эдилар.

Мусурмон БОЙХОНОВ.
(Давоми келгуси сонда)