СОҒИНЧ

Турдиали туш кўрди. Тушида қадрдон ҳовлисида олмаю анорлар ғарқ пишган, онаси набираларимга олиб борасан, дея тутармиш…
Уйқуси қочди. Дам олиш куни эди. Мазза қилиб ухламоқчи эди. Аммо…
Ўйлаб қараса, туғилиб ўсган қишлоғига бормаганига  уч ойдан ошибди. Онаси шунинг учун тушига кирган бўлса керак. Шу хаёл билан шифтга қараб ётганди: “Дада, туйинг, ишга боймайсизми”, – дея тўрт яшар қизи Гулсевар кириб келди.
– Йўқ, қизим, бугун дам олиш куни.
– Дам олиш куни нима дегани?
Турдиали кунига қанчадан-қанча одамларнинг саволларига жавоб беради. Аммо тили эндигина чиқиб келаётган қизининг саволлари олдида каловланиб қолди.
– Дам олиш дегани, дам олиш дегани…Қизим, жойингга бориб ётгин. Бунча…Сўпи азон айтмасдан туриб олибсан!
– Сўпи нима у?
– Нимамас,  ким? – қизининг гапини тўғрилаган бўлди Турдиали.
Турдиали ўрнидан туриб, юз-қўлини ювди. Нонуштага ўтирди. Пиёладаги чойни ича туриб, яна кўрган тушини эслади.  “Бормасам бўлмайди, бораман,” – деди ўзига ўзи.
Автобусга чиқиб, ўриндиқлардан бирига ўтирди. Ҳаш-паш дегунча автобус одамлар билан тўлиб, йўлга тушди. Автобус ойнасидан қараб, Турдиали хаёлга чўмди. У қишлоқнинг чанг кўчаларини соғинган. Мовий кўз, қирғий бурун, қарашларига унча-мунча одам дош бера олмайдиган бобосини  соғинган. Ҳар борганида калитлар шодаси билан сандиқни очиб, яширганларини неварасининг олдига тўкадиган  энасини соғинган. Нон ёпганда, қўни-қўшнисининг болаларига кулча тарқатадиган онажонини соғинган. Бир коса ёғми, унми сўраб чиқиб, соатлаб суҳбат қиладиган қўшниларни соғинганини ҳис қилди. Ана шу соғинч ҳисси билан ёнаётган қалб ким ва нимагадир интиқ.
Ниҳоят, қишлоғига етиб келди. Қадрдон кўчаларда чопгиси келди. Таниш ҳид димоғини қитиқлади. Юраги алланечук орзиқиб кетди…

Муқимбой ИСМОИЛОВ