Меҳнатнинг нони тотли

Сурхондарё вилояти

Муқаддас йигирма уч ёшида уч фарзанди билан оиласининг таянчидан айрилди. Ёш она ҳаётнинг қаттиқ зарбасидан эсанкираб қолди. Аксига олиб, ёшгина ўғлининг “қора ер”да ётганига чидай олмаган қайнона бор аламини келинидан ола бошлади. Бардоши тугаб, уйдан болаларини олиб кетишга мажбур бўлди.

Яхши ҳамки ота-она, ака-укалар меҳри уни фарзандлари учун яшашга ундади. Болалари ёш эди. Нафақа пулини эплаб ишлатди, яқинлари кўмак берди, зориқтирмади. Беш-олти йил кўз очиб юмгунча ортда қолди. Аммо йиллар ўтгани сайин болаларининг кийими ҳам энига, ҳам бўйига узаяр, бозор-ўчар учун тузиладиган рўйхат сони кундан-кунга чўзилар эди. Кундалик эҳтиёж ортди, қўли калталик қила бошлади. Болаларининг ўксимай яшаши учун шароит яратиш  керак эди.  Бирор касб эгаси бўлиш учун эса анча кечиккан эди. Шу саволлар қийноғида юрган кезларида қизига кўйлак тиктириш учун туман марказидаги  тикув цехига борди. Қараб турса, қизлар қўли-қўлига тегмай, бири ўлчашга тушган, бири бичаётган, бири тикаётган, хуллас, иш қизғин. Уялди. Шу ёшга кириб ҳунар ўрганмаганига, рости, жуда пушаймон бўлди. Олиб келган матони секингина сумкасига солиб қўйди…
“Менинг ҳам қўлимдан келади”. Шу тариқа тикувчиликни ўрганди. Ўзи ҳам устозлари қаторида буюртма ола бошлади.  Қарабсизки, мустақил пул топа олди. Энг қизиғи, бу пуллар шунчалик қадрли эдики, ёш болалардек севинди. Қалби қувончга, кўзлари севинч ёшларига тўлди. Меҳнатдан келган ризқ шу қадар баракали эдики…
Муқаддас ҳозир чевархона очган. Аввалига иккита шогирди бўлган бўлса, бугунги кунда ўн беш нафар шогирди бор. Уч фарзандига ҳам мактаб давриданоқ ҳунар ўргатди. Кечикиб бўлса-да, танлаган ҳунарининг ортидан қизини турмушга берди. Ўғлини институтда ўқитмоқда.
Бугун Муқаддас опа ҳаётидан мамнун. Унинг фаолиятидан ҳар биримиз тўғри хулоса чиқара олсак, олдимизга қўйган мақсадимизга эриша оламиз. Чиройли турмуш фақат эртакда эмас, ўз қўлимизда эканлигини ақлан англаймиз.

Дилдор  НУРМУҲАМЕДОВА