Китоб қадри

Бир куни китобни ўқиб бўлиб, дераза токчасида қолдириб кетибман. Хонадонимизнинг янги келини ҳали оиламизнинг пасту баландини билмагани учун китобни тебраниб турган шкафнинг тагига қўйибди. Буни кўрган қайнонаси ҳай-ҳайлаб китобни шкаф тагидан олдириб турган маҳали мен келиб қолдим. Кечқурун оила жамулжам бўлганида отам ҳикоя қилиб берган бир воқеани тарбия учун сўзлаб бердим.

“1937 йил эди, – деб ўз ҳикоясини бошлаган эди отам. – Қўшнимиз эшон эди. Ўша суронли йилларнинг бирида эшон буванинг оиласи бошига ҳам қора кун тушди. “Уйидан китоб чиқди”, дея қамашди. Шу кечаси эшон буванинг хотини  бизникига бир даста китоб кўтариб чиқди. Эскичадан сал-пал саводим борлиги учун китобларнинг муқовасига кўз югуртирдим. Машраб, Навоийнинг эски ёзувда битилган китоблари. Қўшни аёл ташлаб кетган китобларни сомонхонага яширдим. Эшон бува қамалгач, қўрққанимдан китобларни қўйнинг терисига ўраб, ерга кўмиб қўйдим.
Орадан анча йиллар ўтди. Китобни кўмган жойим эсимдан чиқиб кетган эди. Эшон бува дом-дараксиз кетди. Эшонбийи ҳам дунёдан ўтди. Бир куни томорқада ишлаб юрганимда бехосдан кетмон бир нарсага тегиб, тери бўлаги кетмонга илашиб чиқди. Ерни пайпаслаб, қўлим билан очдим. Не кўз билан кўрайки, бундан ўттиз йиллар бурун кўмилган китоблар турарди. Терига ўралгани учун улар яхши сақланган эди.
Бир куни маҳалладаги маъракада китоб ҳақида сўз очдим. У ерда эшон буванинг кенжа ўғли Салоҳиддин ҳам бўлиб, дадасининг китобларига қизиқиб қолганини, шу китоблардан биттасини беришимни, дадасидан ёдгорлик сифатида сақлаб қўйишини айтди. Рози бўлиб, Машрабнинг китобини бердим.
Орадан беш-олти ойлар чамаси ўтгач, қандайдир юмуш билан Салоҳиддинникига бордим. Кечқурун оила ҳовлида жамулжам бўлиб овқатланиб ўтиришган экан. Мени тўрга ўтказишди. Дастурхон ўртасида қирқинчи лампа, унинг остида эса Машрабнинг китоби турарди. Қўлимдан қошиқ тушиб кетгудек бўлди. Китоб­га тикилиб қолганимни кўрган Салоҳиддин мулзам бўлиб:
– Боя ўқиб ўтирувдим, болалар билмай лампа тагига қўйишибди, – деди ва  болаларини койиган бўлди. Кейин китобни олиб, лампа тагига бошқа нарса қўйди. Китобни қўлимга олдим. Китоб устига томган керосин юқи унинг лампа тагида анча вақт “хизмат” қилганидан далолат бериб турарди…”
Инсон учун китобдан яхши дўст йўқ. Дўстга эса ёмон муносабатда бўлинмайди, деб отам айтиб берган ҳикояни якунладим. Шу-шу келиним жавондаги китоблар чангини артиб, чиройли қилиб тахлаб қўядиган бўлди. Кўпгина китобларни ўқиб чиқишга ҳам улгурди.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ