Хонадон шароитидан саноат корхонасигача

Асака туманидаги “Барака ҳамкор парранда” хусусий корхонаси раҳбари Шуҳратбек Алиев тажрибаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда

Бир муддат аввал Ниёзботир қишлоғида хонадон шароитида тадбиркорлик билан шуғулланиш борасида кўргазмали семинар бўлиб ўтганди. Қатнашчилар қишлоқдаги Шуҳратбек Алиев хонадонида ҳам бўлиб, унинг парранда парвариши борасидаги тажрибаларидан бир олам таассурот олганди. Хонадонда парранда боқишнинг ҳадисини олган ҳақиқий ишбилармон дастлаб ишни наслли тухумлардан инкубаторияда жўжа олиш, ўзидан ортганини маҳалладошларига илинишдан бошлаган. Кейинчалик хонадонида беш мингта парранда парвариш­лаб, кунига 4500 донагача тухум олган. Бу хонадон шароити учун юқори натижа. Тадбиркор тажриба орттиргач, қулочни кенгроқ ёйди. Паррандачилик фабрикаси ташкил этишни мақсад қилди.
Асака-Қува магистрал йўлининг жануб томонида бир вақтлар паррандачилик корхоналари бўлиб, уларнинг айримлари бозор иқтисодиётига дош беролмай қолганди. 2015 йилнинг қишида Шуҳратбек Алиев ҳувиллаб турган мажмуанинг бир қисмини ижарага олди ва паррандачиликни саноат асосида ривожлантиришга бел боғлади.
Айни кунда Шуҳратбек Алиев бошлиқ жамоа 215 мингта парранда парвариш қилмоқда. Биринчи йили парранда сони 40 мингга етказилди. 2016 йилда эса бу кўрсаткич 95 мингтага етди. Корхонада асосан “Ломанн Браун-Классик”, “Ломане ЛСЛ-Классик”, “Ломанн Сэнди” зотига мансуб товуқлар боқилмоқда. Инкубаторияни обдон ўзлаштиргани эвазига тадбиркорнинг ишида барака бор. Германиялик ҳамкорлар билан бамаслаҳат иш юритаётганлиги ҳисобига товуқлардан тухум олиш миқдори 95 фоизгача етмоқда. Кунига 140 мингтагача тухум кўп тармоқли “MAKRO”  супермаркетининг вилоятдаги дўконларига узвий етказиб берилаётир.
Корхона раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Лутфулло Собиров яқин вақтга мўлжалланган режалар билан таништирар экан, келгуси йилда паррандалар бош сони 400 мингтага етишини таъкидлади. Корхона “Ҳамкор банк”нинг мижози. Айни пайтда банк кредити эвазига Хитойдаги “Салмет S 700” компаниясидан сўнгги русумдаги технологияларни олиб келиш мўлжалланмоқда.
Ҳозирда корхонада 28 киши меҳнат қилаётир. Уларга қулай иш ва маиший шароит яратилган. Келгуси йилнинг ёзига қадар 20 та янги иш ўрни юзага келади. Бош ветеринар Фарҳод Тожибоев янги ишга қабул қилинадига талабгорлар билан ўқув машғулотлари олиб боради. Шундан бўлса керакки, корхонада ишлаш истагини билдираётганлар кўпчиликни ташкил этмоқда.
Паррандалар учун кунига 23 минг 650 килограмм тўйимли озуқага эҳтиёж бор. Ушбу рақамни 365 кунга айлантирсангиз қанча тўйимли озуқа кераклиги маълум бўлади. Ваҳоланки, корхонанинг адир ёнбағирларида атиги 23 гектар экин майдони бор. Хайриятки, “Ўзпаррандасаноат” уюшмаси томонидан режа асосида озуқа ажратилмоқда. Озуқа таркибида бўлиши шарт бўлган айрим оқсилга бой дон ва қўшимчалар хориждан келтирилмоқда. Ана шундай шароитда ҳам соф фойда олиш эътиборга лойиқдир.
– Муаммолар бор, – дейди Шуҳратбек Алиев. – Улар ижобий ҳал этилмоқда. Бу эса, албатта, тадбиркорликнинг тадрижий ривож­ланишига бўлган ишончни мустаҳкамламоқда. Касб байрами куни Президентимизнинг бизга йўллаган таб­риги ҳамда тантанали маросимдаги маърузаси барчани, айниқса, озиқ-овқат етиштиришдек заҳматли меҳнатни зиммасига олган тадбиркорларни беҳад қувонтириб юборди. Олдимизда режалар кўп. Уларнинг амалга ошишига ишончимиз қатъий.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.