Зомин адирларида «Иделбоев» қўйлари

3_zomin

Жиззах вилояти

Зомин туманидаги наслчиликка ихтисослашган “Зомин Зафар чорвачи” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини бошлаганига ҳали кўп бўлмаган бўлса-да, салмоқли ютуқларни қўлга киритиб келмоқда.

– Юз бош жайдари, майда шохли моллар билан фаолият бошлагандик, – дейди МЧЖ раҳбари Зафар Ўролов. – Ҳозирда 1200 гектар майдонимиз бор. Бу йил банкдан 500 миллион сўм  миқдорида имтиёзли кредит олиб, Қозоғистондан 200 бош наслли “Иделбоев” зотли қўйлар келтирдик. Натижада ишчиларимизнинг моддий манфаатдорлиги ошди, турмуш фаровонлиги юксалди, янги иш ўринлари яратилди. Боққанга яраша наслли қўйларни боққан маъқул. Чунки озуқа зое кетмайди. “Иделбоев” зотли қўйлар 4-5 ойлигида 45-50, бўрдоқига боқилгандан сўнг 120-130 килограмм тирик вазнда бўлади.
Зафар Ўролов изланувчан ва тажрибали чорвадор. У қатор давлатларда бўлиб, соҳани янада ривожлантириш, қўйларнинг наслини яхшилаш, маҳсулдорлигини ошириш борасидаги илғор тажрибаларни ўз фаолиятига татбиқ этиб келмоқда.
– Бу йил Россиянинг Рос­тов, Қозоғистоннинг Астана, Жамбул вилоятларида бўлдим, – дейди Зафар ака. – Улардан насл­ли қўйларни парваришлашни ўрганишга ҳаракат қилдим. Мисол учун, “Романов”, “Идел­боев” зоти гўштдорлиги билан ажралиб туради.  “Асканий” зоти эса 20-30 килограммгача жун беради. “Цигайский” зотли қўйлар бир кунда 8-10 литр  сут беради. Шундан ҳам кўриниб турибдики, рес­публикамизда қўйларнинг наслини яхшилашга катта эътибор беришимиз лозим. Шу ният билан  2018 йилда бўрдоқичилик ва наслчилик мажмуасини барпо этмоқчимиз. Унда бўрдоқилар боқиладиган махсус жой, жун ва гўштни қайта ишлаш цехлари бўлади. Шу жойнинг ўзида ем-хашак, озуқа сақланадиган омборлар ҳам қурилади. Мақсадимиз чорвачиликни ривожлантириб, эл фаровонлигига ҳисса қўшиш. Давлатимиз биздан шуни кутяпти. Барча имкониятларни яратиб бер­япти. Шунга яраша жавоб беришимиз керак-да…

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.