Ёнғоқ эккан минг йил яшайди

3_yongoq

“Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 2017 йил 28 ноябрь сонида чоп этилган “Биз билган ёнғоқнинг “чақилмаган” мўъжизалари” сарлавҳали мақолани ўқиб, болалик кезларим ва ўша даврларда ҳамқишлоқларимнинг ёнғоққа бўлган муносабатини эсладим. Қувонарлиси, йиллар ўтгач, фойдали ва серҳосил бу дарахтга нисбатан муносабат ўзгарди, унинг ҳосили туфайли оилаларга файз-барака инди. Ёнғоқ ҳақидаги хотираларим газетхонларни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умиддаман.

Мен Чироқчи туманининг тоғли қишлоқларидан бирида туғилиб ўсдим. Болалигим Бешик тоғ этак­ларида тошдан тошга жайрондай сакраб, қўй, эчки боқиб ўтган. Чироқчиликлар чорвадор халқ экани азалдан маълум. Аммо раҳматли отам дов-дарахт экишга ғоят қизиқар эди, кичиккина томорқамизда олма, анордан тортиб кўпқаватли уйдай келадиган ёнғоқ дарахтларигача бўларди. Отам дарахт кўчатларини ҳам етиштирарди. Шунинг орқасидан тирикчилигимиз ҳам анча дуруст ўтар, бирор нарсага муҳтожлик сезмай яшардик.
Қишлоғимиз одамлари орасида “Ёнғоқ эккан унинг мевасини емай вафот этади”, деган бемаъни гап юргани учунми, ҳеч ким ёнғоқ экишга ботинмас, лекин отам етиштирган ниҳолларни бемалол экиб парваришлашарди. Отам бу ҳолдан ажабланиб: Бунда ҳеч бир мантиқ йўқ, ўғлим, – дердилар. – Қайси бир киши шу гапни тўқигану ўзи маза қилиб кўчат сотган бўлса керак-да. Ҳеч бир асоссиз гапни айтиб, шунча одамни ишонтирган ўша кимса ноинсофлик қилган экан. Мен эсимни таниганимда қишлоғимизда бит­таям ёнғоқ дарахти йўқ эди. Самарқанддан ёнғоқни килолаб олиб келиб, доналаб сотардим. Охир-оқибат бу бориш-келишлардан безор бўлиб тўрт туп ёнғоқ кўчати экдим. Ана энди одамларимизнинг ваҳимасини кўрсангиз. Ҳали униси келиб: “Жиян, бу кўчатларни суғуриб ташла, унинг мевасини емасдан ўтиб кетасан, ёш жонингга жабр қилма”, деса, бош­қаси: “Ёнғоқ эккан муродига етмайди”, деб мени қўрқитар, кўнглимни совутмоқчи бўларди. Ахийри бир тўйда ҳаммага эшиттириб шундай дедим: “Мен тўрт туп ёнғоқ экдим. Шуларни парваришлайман, ҳосилини кўраман. Худо хоҳласа, ҳаммангизга едираман ҳам. Агар бунинг учун умрим қисқариши керак бўлса, бунга ҳам розиман!” Шундан кейин гап-сўзлар тинди-қолди. Аммо бу ёнғоқ қурмагур ўн йил деганда ёлчитиб ҳосил бераркан. Ўн йилгача қанча пичинг­лар бўлмади дейсиз. Ниҳоят қоп-қоп ҳосил ола бошлаганимдан сўнг мени ёнғоқ экишдан қайтарган одамларнинг ўзлари кўчат олиб, эка бошлашди. Лекин ҳанузгача ёнғоқни мевасини экиб кўпайтиришдан ирим қилишади”.
Болалигимда уйида ёнғоғи, туршаги бўлмаган тенгдошларим бир донагина туршак ёки ёнғоқ олиб чиқиб беришимни сўраб ялинганларини эслайман. Бизнинг уйда эса қоп-қоп туршак, ёнғоқ, яшикларда олма, анор турарди. Қиш кунларида тумов бўлиб қўшнилардан кимдир ётиб қолса ҳам олма, анор сўраб бизникига чиқишарди. Қишлоқ аҳли туман маркази ва бозор узоқ бўлгани учун меваларни биздан олишарди. Ўшанда катта-катта томорқаси бор кишилар ўзлари йўнғичқа экиб, мевани биздан сотиб олишларига сира ақлим етмасди. Тўғри, улар туфайли гўшт, сут арзон эди, аммо томорқага тўрт тупгина мевали дарахт ҳам экиб қўйиш мумкин эди-ку!
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида отам бир гуруҳ ҳамқишлоқлари билан бирга тоғ орасидаги Арпали деган жойда ёнғоқзор бунёд қилди. Дастлабки йилларда дов-дарахтларни чорвадан қўриқлаш анча қийин бўлди. Аммо кейинчалик, одамлар дарахтнинг фойдасини билиб олишгач, ўзлари ҳам томорқаларига дов-дарахт эка бошладилар. Ҳозир қиш­лоқдошларимиз тонналаб ёнғоқ етиштиришади. Шунинг ортидан хонадонлар обод, ҳар бир уйда битта-иккитадан автомашина бор. Ўтган йили дўппидаккина қишлоғимиздан уч киши ҳаж зиёратига бориб келди. Яна уч нафар савобталаб ҳаж учун тўплаган маблағига уч жойда кўприк қурди. Бу ишларнинг бари ёнғоқдан, ҳалол меҳнатдан келган даромадлар ҳисобига бўлди. Қолаверса, бу каби амаллар ибрат ўрнида ҳам муҳим экан. Ҳамқишлоғимиз Сувон Халилов уч километр йўлга ўз ҳисобидан асфальт ётқизиб берганини эшитиб, отамнинг бир гапларини эсладим:
“Луқмаи ҳалолда гап кўп, – дер эдилар у киши баъзан ишдан бе­зиб ялқовланган кезларимизда. – Меҳнат қилиб топилган нон одамни хушхулқ қилади, яхши ишларга илҳомлантиради”.
Яқинда қишлоққа бордим. Бу йил отам эккан ёнғоқлар ҳосили мўл бўлибди. Ёру биродарлар, қариндошлар билан отамнинг эзгу ишларини ёдга олдик. Улар қишлоқ ва қишлоқдошлар ҳақидаги янгиликларни айтар экан, барча гап ёнғоққа бориб тақаларди. Шунда отам бошлаган ишларнинг қанчалик ҳикматга бой эканлигини англадим: Ёнғоқ эккан минг йил яшайди. Отам буни амалда исбот этиб кетган…

Ориф ҲОЖИ