Олам аҳли масрурлиғи алардин…

1_01

Темур бобомиз ўз “Тузуклар”ида “Шижоатли кишиларни дўст тутардим, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди”, дейди. Иш тутарида ҳам шунга амал қилган Соҳибқирон деҳқонларни эъзозлаган, эл ризқи яратувчиларига кўп жиҳатдан имтиёзлар яратган.

Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида деҳқонлар ҳақида сўз юритар экан, уларга “Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин” дея таъриф беради.
Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга назар ташлар эканмиз, уларнинг туб мазмун-моҳиятида эл маъмурчилиги ва халқ фаровонлигини ошириш ётганини яққол кўрамиз.
Президентимиз ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланганида ҳам ана шундай юксак эътиборни кўриш мумкин.
Бу йил ушбу сана юртимиз бўйлаб илк бор нишонланди. Нишонланганда ҳам, юксак савияда, ҳақиқий маънода “Ҳосил байрами” сифатида тантана қилинди, деҳқонлар меҳнати шарафланди.
9 декабрь куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон”  халқаро  анжуманлар саройида  Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Видеоселектор тарзида ташкил этилган тадбирни 157 минг нафардан зиёд соҳа ходимлари кузатиб борди.
Давлатимиз раҳбари барчани Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан муборакбод этди. Деҳқон меҳнати шарафланган, соҳа фаолияти чуқур таҳлил этилган, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинган анжуман қизғин ўтди. Соҳа ходимларида катта таассурот қолдирди. Уларни янги марраларга руҳлантирди.
Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардан пойтахтимизга ташриф буюрган аграр соҳанинг энг илғор вакиллари Мус­тақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбарлар қўйди.
Улар соҳадаги илғор тажрибалар, инновациялар билан танишди. Хусусан, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида ташкил этилган кўргазмада мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган энг замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олиш усуллари, фойдаланиш самарадорлиги, тежамкорлиги ҳақида маълумотга эга бўлишди.
“Ўзкўргазмасавдо” марказида ташкил этилган асал байрами ва асал маҳсулотлари кўргазма-ярмаркасида эса  мутахассислар билан соҳанинг нозик сирлари, ҳосилдорликни ошириш ва тармоқни кенгайтириш истиқболлари борасида фикр алмашди.
Байрам иштирокчилари Тошкент вилоятидаги илғор қишлоқ хўжалиги субъектлари билан танишди. Тошкент шаҳридаги музейларда бўлди, театрларда спектакл­лар томоша қилди.
Ҳудудларда ҳам Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва “Ҳосил байрами” қизғин ўтди.
Сурхондарё вилояти. Термиз шаҳридаги “Grant Almaz” тўйхонасида бўлиб ўтган Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали байрам тадбирида меҳнат фахрийлари, илғор фермерлар, хизмат кўрсатувчи корхоналар вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида пахта ва бошоқли дон экиладиган майдонларни қисқартириш, бўшаган ерларга картошка, сабзавот, озуқа ва ёғ олинадиган экинларни экиш, шунингдек, янги интенсив боғ ва узумзорларни жойлаштириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини рағбатлантириш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган корхоналарни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотиш, агрокимё, молиявий ва бош­қа замонавий бозор хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини янада кенгайтириш каби вазифалар белгиланган.
Бу йўналишда вилоятда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоятда 9 минг 346 та фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. 3 минг 543 та фермер хўжалиги пахта ва ғалла парваришлаб, сифатли, мўл ҳосил йиғиб олмоқда.
2 минг 318 та фермер хўжалиги мева-узум, 40 дан ортиғи сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирмоқда. 844 тасида чорвачилик, 25 тасида паррандачилик, 150 тасида балиқчилик ва 20 га яқинида асаларичилик йўлга қўйилган. Етиштирилаётган маҳсулотларнинг бир қисми экспорт қилинаётир.
Вилоятда 1 минг 100 та кўп тармоқли фермер хўжалиги қишлоқда маҳсулотларни қайта ишлаш корхонаси барпо этиб, сервис ва бошқа хизматлар кўрсатишни йўлга қўйган. Бу билан аҳоли бандлигини таъминлашдек муҳим ишга кўмаклашаётир.
Давлатимиз раҳбарининг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи воҳа миришкорларини бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга ундаб, янги марралар сари руҳлантирди. Айниқса, Жарқўрғон тумани пахтакорларининг меҳнати алоҳида эътироф этилгани уларнинг шижоатини янада юксалтирди.
Тадбир доирасида туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига хизмат автомашиналари, секторлар раҳбарлари ва бир гуруҳ илғор қишлоқ хўжалиги ходимларига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорларнинг концерт дастури байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Фарғона вилояти. Вилоятда “Ҳосил байрами” шодиёналари ўзгача руҳда кечди. Фарғона туманидаги “Отчопар” ўйингоҳида халқ сайли сифатида ташкил этилган байрамда деҳқону фермерлар, чорвадору боғбонлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари вакиллари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Бу йил вилоят деҳқонлари 222 минг тоннадан зиёд пахта, 315,8 тонналик ғалла хирмони бунёд этдилар. 332,5 минг тонна картошка, 945,9 минг тонна сабзавот, 85,6 минг тонна полиз, 502,4 минг тонна мева, 141,4 минг тонна узум етиштирилди. 136,3 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳслотлари экспорт қилинди. 61 та мева-сабзавот, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилди. Натижада 860 та янги иш ўрни яратилди.
Президентимизнинг нутқида фарғоналик ғаллакорлар, хусусан, Олтиариқ, Учкўприк, Қува туманлари фермерлари меҳнати эътироф этилгани уларни янада мўл ҳосил олишга ундамоқда.
Мана шундай меҳнатнинг эътирофи вилоят миришкорларида байрам кайфиятини янада кўтарди. Тадбир доирасида бўлиб ўтган халқ ўйинлари, фольклор жамоаларининг чиқишлари, полвонлар беллашуви барчада катта таассурот қолдирди. Шаҳар ва туманлар ўртасида ош танлови, улоқ-кўпкари мусобақаси ташкил этилди. Таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури  ҳосил байрами қатнашчиларига завқу шавқ улашди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.
Жиззах вилояти. “Ўзбек деҳқонлари она заминимизга, муқаддас туп­роғимизга энг садоқатли, элу юрт тақдири учун чинакам фидойи инсонлардир. Уларнинг бундай фазилатларидан барчамиз ўрнак олсак арзийди”. Президентимизнинг нутқида келтирилган бу эътироф жиззахлик меҳнаткашларга ғурур ва ифтихор бағишлаб, уларни янги меҳнат марраларига ундамоқда.
Буни вилоятда Ўзбекистон Респуб­ликаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтказилган “Ҳосил байрами” тадбирларида яққол кўриш мумкин бўлди.
“Ҳосил байрами”да эришилган ютуқлар сарҳисоб этилди. Айни вақтда вилоятда 12 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Улар томонидан бу йил 500 минг 343 тонна ғалла,  167 минг тоннадан зиёд пахта хирмони бунёд этилди. 401 минг 222 тонна сабзавот, 181 минг тоннадан ортиқ полиз, 68 минг 161 тонна мева йиғиб олинди.
Келгусидаги устувор вазифлар белгилаб олинди.
Байрам тадбирларида соҳанинг илғор ходимлари, фермерлар, томорқа эгалари қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига хизмат машиналари топширилди.
Санъат усталари томонидан тайёрланган байрам дастури ўзгача файз киритди.
Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Солиев сўзга чиқди.
Бухоро вилояти. Бу йил бухоролик миришкор учун омадли келди. Вилоят пахтакорлари 300 минг тоннадан зиёд пахта ҳосили олишди. Ғаллакорлар эса ундан-да сарбаланд хирмон бунёд этишди – 376 минг тоннадан зиёд. Ана шу ғалланинг ярмидан кўпи фермер хўжаликлари ихтиёрида қолди. Пахтачиликдан бу йил 116 мил­лиард 423 миллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда.
Ҳозирда вилоятда 7 минг 589 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 5 мингдан зиёди кўп тармоқли хўжаликка айланиб бўлган. Миришкорлар томонидан бу йил 204 минг тоннадан зиёд мева, 135,3 минг тоннага яқин узум, 591 минг 681 тонна сабзавот, 101 минг 565 тонна полиз маҳсулотлари ва 181 минг 883 тонна картошка, 1 минг 855 тонна пилла етиштирилди.
Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган “Ҳосил байрами”да ана шу ютуқлар сарҳисоб этилди.
Деҳқону фермерлар, мироблару механизаторлар боғбону чорвадорлар, қишлоқ хўжалиги мутахассислари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбир кўтаринки руҳда ўтди.
Президентимизнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тадбирдаги нутқида бухоролик деҳқонларнинг меҳнати алоҳида эътироф этилгани уларни янги марраларга руҳлантирмоқда. Айниқса, Вобкент, Бухоро, Ромитан, Пешку туманлари деҳқонларининг қувончи чексиз.
Бу хурсандчиликни вилоятнинг илғор қишлоқ хўжалиги ходимларининг эсдалик совғалари билан тақдирланиши ҳамда туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига хизмат автомашиналари топширилиши янада безади.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.
Қашқадарё вилояти. Қашқадарёлик деҳқонлар ҳам “Ҳосил байрами”ни кўтаринки руҳда нишонлади.
Бу йил вилоятда 420 минг тонна пахта, 1,5 миллион тоннадан зиёд ғалла етиштирилди. Барча тармоқларда ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Ана шундай ютуқлар таҳлил этилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасининг бир гуруҳ илғорлари рағбатлантирилди. Туманлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига хизмат автомобиллари топширилди.
Эришилаётган ютуқлар, энг аввало, катта даромад, қишлоқларимиз, бутун юртимиз ободлиги, янги-янги иншоотлар, инфратузилма объектлари, маиший хизмат бинолари, замонавий уй-жойлар барпо этиш омили, аҳоли турмуш фаровонлиги янада ошиши учун имконият демакдир, дея қайд этилди тадбирда.
Шунинг билан бирга, соҳада йўл қўйилган камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли вазифлар белгилаб олинди.
Санъаткорлар иштирокида қишлоқ хўжалиги ходимлари учун концерт дас­тури намойиш этилди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.
* * *
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни юртимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланди. Уларда “Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ”, деган эзгу ғоя аграр соҳага ҳам чуқур кириб бораётгани яна бир бор ифодасини топди. Бу эса, ўз навбатида, қишлоқ меҳнаткашларининг қалбини оловлантириб, уларни янги марраларга шижоат­лантирмоқда.

Ўз мухбирларимиз.