Соя – ҳам элни, ҳам ерни тўйдиради

3_soya

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда соя ўсимлиги майдонлари кенгайди. Ушбу экиннинг тупроқ унумдорлигини ошириш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдаги иқтисодий самараси катта эканлиги намоён бўлди.

Соя дони ўз таркибида 50 фоиз оқсил ва 28 фоизгача мой сақлагани учун ўта қимматбаҳо ўсимликлар гуруҳига киради. Соя дони озиқ-овқат саноатининг турли соҳаларида ишлатиладиган экологик тоза хомашёдир. Хитой, Япония, Корея ва бошқа мамлакатларда аҳолининг оқсилга бўлган эҳтиёжи асосан соя дони эвазига қондирилади. Соя дони ҳосилдорлиги кейинги йилларда тезлик билан ошиб бормоқда. Канада ва Япония деҳқонлари соянинг гектаридан 78-80 центнер ҳосил олишмоқда.
Соя ўсимлигининг агротехникаси мураккаб эмас. Соя уруғлари маккажўхори, сабзавот сеялкалари билан экилади. Экиш меъёри 70-75 кг. бўлиб, бир гектарда 400-450 минг туп ниҳол бўлганда юқори ҳосил беради.
Соя уруғларини экиш билан бирга гектарига 30 кг. азотли ўғит берилади. Ерости суви 120-150 см бўлган майдонларда 2 марта, сув чуқур жойлашган бўлса, 5-6 марта суғорилади. Суғориш меъёри 700-800 м3/га. бўлиб, жилдиратиб, намиқтириб суғорилади.
Соя ўсимлиги дуккаклилар оиласига мансуб бўлгани учун  ўзидан кейин тупроқда 55-60 кг. соф азот қолдиради. Бу туп­роқ унумдорлигини тиклаш ёки уни бор ҳолида сақлаб қолишда ниҳоятда муҳимдир.
Паст бўйли ва эртапишар навларнинг ҳосилдорлиги кам бўлади, улар асосий экинга ярамайди. Эртапишар навлар баҳорда экилса, июль ойининг биринчи ўн кунида пишиб етилади ва кам ҳосил беради. Чунки бу навлар 70-75 кунлигида пишиб етилади.
Қисқа кунлик экин сифатида  ўртапишар навларини кузги буғдойдан бўшаган майдонларга такрорий экиш мумкин, эртапишар навларни экиш ярамайди. Июнь ойининг 15-20 кунлари такрорий экишга энг яхши муддат саналади. Экиш муддати кечикиши дон ҳосилининг камайишига олиб келади. Ёзда экилган уруғлар 3-4 кунда униб чиқади ва навларга қараб сентябрнинг охири ва октябрь ойи ўрталарида пишиб етилади. Такрорий экилганда соя навларининг ўсув даври 25-30 кунга қисқаради. Кечпишар “Узбекская-6” ва “Барака” нав­лари баҳорда экилганда 140 кунда пишиб етилади.
Поясининг бўйи 40-200 сантиметргача етади. Илдиз тизими яхши ривожланган, ўқ илдизи тупроққа 1,5-2,0 метр чуқурликкача кириб боради. Лекин илдизлари асосан туп­роқнинг ҳайдалма қисмида ривожланиб, жуда кўп ён илдизлар ҳосил қилади. Майда, ингичка ва ён илдизлари соя илдизи массасининг 55-66 фои­зини ташкил этади. Майда ва ён илдизларнинг кўплиги ўсимликнинг бақувват илдиз тизимига эга эканлигини кўрсатади. Ўсимлик униб чиққанидан 8-12 кун ўтгач, асосий илдизда дастлабки туганаклар пайдо бўла бошлайди.
Ўсимликнинг биринчи ривож­ланиш босқичи ҳароратга, тупроқ намлигига, уруғнинг тушиш чуқурлигига ва нав хусусиятларига қараб, 5-6 кун, баъзан 15-20 кун ва ундан ҳам ортиқроққа чўзилиши мумкин. Айни шу даврда майсаларни бегона ўтлар сиқиб қўйишидан сақлаш лозим. Агарда бегона ўтлар кўпайиб кетса, касаллик­лар ҳам кўпая­ди. Соя ривожланишининг иккинчи босқичида учталик барглар ҳосил бўлади. Ниҳол униб чиққандан 4-6 кун ўтгач, қарама-қарши жойлашган жуфт барглар ташкил топади. Майсалар униб чиққанига 8-10 кун бўлганда биринчи учталик барглар чиқади, кейинги учталик барглар эса ҳар 3-5 кунда биттадан ҳосил бўлади.
Гуллаш босқичи навига қараб ҳар хил муддатларда бош­ланади. Тажрибаларга кўра, айни бир навнинг гуллаши турли иқлим шароитида ва экиш муддатида қуйидагича бўлади.
Соя бир йиллик ўсимлик бўлиб, вегетация даври 70-140 кунни ташкил этади. Биологиясига кўра, баҳорги ва ёзги экин навларига қараб 1700-1900, ўртапишар навлар 2000-2200 ва кечпишар 2500-28000С эффектив ҳарорат талаб қилади. Уруғларининг униб чиқиши учун минимал ҳарорат 8-100С, оптимал ҳарорат 14-150С зарур. Ўзбекистон шароитида маккажўхори билан бир вақтда экилиши яхши натижа беради. Лалми майдонларда ҳосил бермайди, фақат суғориладиган шароитда ўстирилади. Ҳосилдорлиги навларига ва экиш муддатига қараб ўзгаради. Эртапишар навлари 15-17 центнергача, ўртапишар навлари 28-32 центнергача, кечпишар навлари 35-38 центнергача ҳосил беради. Ўртача шўрланган майдонларда ҳам яхши ўсиб, ҳосил беради.
Ўзбекистонда яратилган “Орзу”, “Сочилмас” номли эртапишар, “Узбекская-2”, “Парвоз”, “Дўстлик”, “Тўмарис”, “Ойжамол” каби ўртапишар, “Узбекская-6” ва “Барака” номли кечпишар навлари респуб­лика тупроқ-иқлим шароитига мослашган бўлиб, юқори ҳосил беради. Айтиш жоизки, четдан келтирилган, яъни Краснодар ўлкасида яратилган кечпишар навлар Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида олиб борган тажрибаларимизда юқори ҳосил берган.
Соядан юқори ҳосил олишда муҳим агротехник тадбирлардан бири экишнинг қулай муддатларини белгилаб олишдир.
Баҳорда тупроқ ҳарорати 12-140С бўлганда экиш лозим, бунда бирон-бир ҳудуд учун алоҳида бир санани кўрсатиб бўлмайди. Чунки баҳорда об-ҳавонинг иссиқ ёки совуқ келишига қараб экиш муддати белгиланади.
Уруғларнинг катта-кичиклигига ва экилиш мақсадига қараб ўзгаради. Майда уруғли навларда экиш меъёри 60-70 кг, ўртача уруғлар 70-75 кг, йирик уруғли навларда эса 80-85 кг. миқдорда уруғ сарфланади. Албатта, бу вақтда уруғларнинг унувчанлик фоизи ҳисобга олинади. Экиш усули кенг қаторлаб, қатор оралари эса 60-70 см. кенгликда пунктир усулида бўлади. Бир погонни метрга  28-30 дона уруғ ташланиши лозим бўлади.
Дуккаклар дон ўрадиган комбайнлар орқали йиғиб олинади. Ўримни кўпроқ кечки салқинда олиб бориш лозим. Дуккаклар 70 фоиз пишганда ўришга киришилади, поянинг учидаги 5-6 та дуккакнинг пишишини кутмасдан донни ўриб олиш лозим. Чунки уларнинг пишиб етилиши кутилса, пастки қисмдаги яхши етилган сифатли донни йўқотиб қўямиз.

Дилором ЁРМАТОВА