Комилликнинг олмос қирралари

ibrohim_gafurov

Гўзал ният билан
Иброҳим ака билан бундан эллик йилча аввал, у кишининг ажо­йиб бир асари орқали ғойибона танишганман. Ҳали мактабни ҳам битказмагандим. Адабиётга мо­йиллигим тобора кучайиб, бадиий асарлар билан бирга уларнинг тадқиқи-таҳлилига бағишланган тақризлар, танқидий мақолаларни, вақтли матбуотдаги илмий баҳсли мунозараларнинг тафсилотларини ҳам чанқоқлик билан ўқирдим. Кунларнинг бирида кутубхонада “Гўзалликнинг олмос қирралари” деган мўъжаз бир рисола кўзимга оловдай кўринди. Ҳали қўлимга олиб варақлаб кўрмасимданоқ қалбимда илиқ бир туйғу пайдо бўлди. Сабаби гўзаллик сирларидан сўзламоқчи бўлаётган китобчанинг аввало номи жуда мафтункор эди. Қунт билан синчиклаб, такрор-такрор ўқиб, шундай таассурот ҳосил қилдим: мазмуни ҳам нафосату назокатга, заковату фасоҳатга йўғрилган, ифодали қилиб изоҳласам, гўзаллик ҳақида, гўзал ният, гўзал услуб, гўзал тил билан ёзилган гўзал китоб экан.
Дилимдаги ҳайрату ҳавас баробарида “бу одамнинг ўзи ҳам бадиий ижод билан шуғулланса керак”, деган фикр пайдо бўлди. Анча йиллар ўтгач, устоз билан яқиндан танишишга муяссар бўлиб билдимки, Иброҳим Ғафуров адабиёт бўсағасига ҳикоянавислик билан кириб келган ва кейин ҳам мунтазам ёзиб, янги шакллар излаб юрган экан. Унинг ўзбек адабиётидаги янги жанр намунаси ҳисобланувчи, ўзи “менинг жажжи романларим”, деб атовчи мансуралари жамланган “Ҳаё – халоскор”, “Мангу латофат”, “Паривашлар мажлиси” китоблари шунинг ёрқин далили бўлди. Бироқ у ўзи ёзишдан кўра кўпроқ ўқиш, яъни бу беназир гулшаннинг анвойи неъматларидан, бетакрор оройишларидан баҳраманд бўлишни, шунинг баробарида тадқиқу таҳлил этиб, олмос қирраларини очиб, бош­қаларни-да шунга ошно қилишни афзалроқ билибди.
Нафсиламбрини айтсам, мендаги ўша илк таассурот ўтган ярим асрдан зиёд вақт мобайнида Иброҳим аканинг нафақат адабий таҳлилга оид тақризу мақолалари, бадиалари, балки бадиий ёки публицистик асарлари ва таржималарини ўқиш, ҳатто энг оддий кундалик жонли суҳбатларини тинг­лаш асносида мудом барқарорлашиб, мустаҳкамланиб борди ва донишмандлардан бирининг: “Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак”, деган ҳикмати инъикосини айнан Иброҳим Ғафуров сиймосида кўрдим. Дарвоқе…
“Гўзаллик нимада?” деган риторик савол асрлардан буён наинки адабиёту нафис санъатнинг, балки ҳаёт фалсафасининг етакчи мавзуларидан бўлиб келади ва назаримда абадий шундай бўлиб қолади.
“Гўзаллик қизларда,
У қора кўзларда,
Соз каби сўзларда,
Деганлар янглишар.
Гўзаллик-ишлайиш,
Манглайин терлатиш,
Гўзалдир унган иш,
Мақталса ярашар,
деб ёзган эди Ғафур Ғулом. Бу ҳам ҳақли эътироф албатта. Бироқ ушбу тушунчанинг моҳият миқёси шу қадар кенг, шу қадар теран ва қирралари шунчалик кўпки, ижод оламига кириб келаётган ҳар бир истеъдод эгаси ўз қалби кўзгусида кўради ва янги жиҳатини кашф этади.
Иброҳим Ғафуров ҳам ижоддаги илк қадамини ана шу  мангу саволга жавоб излашдек гўзал ният билан бошлади ва пировардида  юксак мақсадига етди: ўзинг­нинг мукаммал жавобини топди. “Гўзаллик – ҳаёда”, деган бағоят нафису нозик, айни пайтда мукаммал хулосага келди. Бир неча аср олдин улуғ рус адиби Фёдор Михайлович Достоевский “Дунёни гўзаллик қутқаради”, дея башорат қилган бўлса, Иброҳим ака чинакам шарқона қилиб: “Ҳаё – халос­кор”, дея лутф этди. Ҳа, гўзаллик тадқиқи уни комилликка – миллатимизнинг йирик адибию олимлигидан ташқари умумжаҳон миқёсида фикрловчи мутафаккир, улкан шахс даражасига  эриштирди.
Шубҳасизки, Иброҳим Ғафуров биринчи навбатда адабиётшунос, бадиият заргари. Турли йилларда яратилган асарлари – “Ёнар сўз”, “Жозиба”, “Ям-яшил дарахт”, “Прозанинг шоири” ва бошқаларда чин маънодаги закий  олимга, фасоҳатли мунаққидга хос бетакрор фазилатлар ярақлаб кўринади. Бу фазилатларнинг энг асосийси, назаримда, ниятнинг холислиги, самимият, хайрихоҳлик, ижодкор билан дардлашиш, унга чин дилдан кўмаклашиш истаги.  Айнан шунинг учун муҳокамаю мулоҳазалари нақадар тиниқ, беғаразу беғубор. Бундай даражада фикр юритиш учун инсонга чашманинг сувидек шаффоф қалб, нурдек покиза виждон ва шижоатли мардонаворлик керак  албатта. Иброҳим аканинг адабий суҳбатлардан биридаги: “Танқидчилик – муҳаббат изҳор қилиш”, деган иқрори унда ана шу хислатлар мужассам эканини яққол англатади. Шуларни ўйлайману, унинг номаю аъмоли – эзгуликка фидокорона хизмат эканига яна ва яна ишонч ҳосил қиламан ва уни   Ф.М.Достоевскийнинг ўзи севиб таржима қилган асарларидаги князь Мишкин сингари юраги тоза, инсон дўст қаҳрамонларга менгзайман. Бугина эмас.
Ижодидан ҳайратланиш асносида устозни жаҳон адабиётининг ўзим озми-кўпми билган қатор намояндалари ила қиёслаб кўрдим. Дастлаб  Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Оноре Бальзак, Чарлз Диккенс,  Стендаль ва бошқалар ҳақида бетакрор эсселар иншо этган австриялик ёзувчи Стефан Цвейг кўз олдимга келди. Кейинроқ у менга бадиий ижодини, ҳамма ишини бир чеккага қўйиб, Пушкиннинг “Евгений Онегин”ини заҳмату машаққат ила инглизчага таржима қилган ва бу асар ҳақида 1000 бетлик шарҳлар ёзган улуғ рус адиби Владимир Набоковга, сўнг­ра бетакрор романлар ёзишни давом эттириш ўрнига йиллаб ранжу риёзат чекиб Пушкин ва Гоголь ҳаётини ҳар бир куни, соат, дақиқасигача ўрганиб, ҳар қайсиси ҳақида салкам 1000 саҳифа китоблар ёзган  В.Вересаевга ўхшаб кетадигандай туюлди.  Билмадим нега? Балким Усмон Носир, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ижодларига бағишланган йирик тадқиқотларга сингдирилган чексиз риёзат, машаққат ва, энг муҳими, беназир муҳаббатдан астойдил ҳайратга тушганим, қойил қолганим учундир. Ана шу асарлардан тортиб ёш навқирон шоиру адибларнинг илк чиқишлари хусусидаги мўъжаз, лекин лазиз битикларни кўздан кечирар эканман хаёлларим кўзгусида Иброҳим Ғафуров “муҳаббат изҳори”ни санъат даражасига олиб чиққан, бош ҳарф билан дарж этилувчи Ошиқ образида намоён бўлади. Зеро у адабиётни “паривашлар мажлиси” сифатида тасаввур этади. Бу мажлиснинг “мангу латофати”дан чексиз ҳайратга тушиб,  ошиқона ўртаниб яшайди ва бу беғараз ишқ уни сўфиёна илоҳий муҳаббат сари етаклайди, муқаддас Калом мазмун-моҳиятларини  тадқиқ этиш, англаш саодати ила мукофотлайди. Устознинг Қуръон маънолари таржималари  қиёсий таҳлилига доир изланишлари мутахассислар томонидан юксак баҳолангани шунинг ёрқин далилидир.
“Умрини ошиқ ҳамиша ўтказар орзу билан”, дея куйлаган эди устоз Эркин Воҳидов. Бизнинг Ошиқ ўзбек адабиётининг бундан-да мутараққий, жаҳоншумул истиқболини, ҳазрати На­воий даврларидаги сингари юксак камолию дилбар жамолини орзу қилиб яшайди.  Балким бу муқоясаларда бир қадар муболағага йўл қўйгандирман. Аммо  шунга аминманки, Иброҳим акани ижод оламига бошлаб кирган пок, гўзал ният унга бир умр садоқатли ҳамроҳ бўлиб келмоқда.

Сўз мулкининг хазинабони
Иброҳим Ғафуровнинг таржимачиликдаги ижоди меваларидан баҳраманд бўлиб келаётган миннатдор муштарийлар устознинг луғат бойлиги нақадар миқёсли эканини яхши билишади ва, шубҳасиз, у кишининг Шарқу Ғарбнинг ўнлаб тилларини етарли даражада эгаллаганини эътироф этишади. Эрнест Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”, “Алвидо қурол”, Ги де Мопассаннинг “Азизим”, Ф.М.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Иблислар”, “Қиморбоз”, Ч.Айтматовнинг “Кунда”, Г.Г.Маркеснинг “Бузрукнинг кузи”, Ж.Жойснинг “Улисс”, Уильям Фолк­нернинг “Эмили учун атиргул” ва “Тўзонли сентябрь” асарларини, Ф.Ницшенинг “Зардўшт таваллоси” фалсафий трактатини, Ҳинд эпоси “Панчатантра”ни И.Ғафуров таржимасида ўқиган киши унинг тилмочликдаги беназир санъатига тан бермай иложи йўқ. Хўш, бунга у қандай эришган? Билишимизча, Иброҳим ака ҳайратланарли даражада кўп ўқийди. Ўқиганда ҳам зукколик ва ўта нозик таъб билан Шарқу Ғарб адабий дурдоналарини танлаб, саралаб ва энг муҳими, уқиб ўқийди. Бундан ташқари, халқ орасида юришни, оддий одамлар билан суҳбатлашишни хуш кўради. Шунинг ҳосиласи ўлароқ луғати захираси – лисоний ғазнасининг сандиқлари лиқ тўла. Таржима жараёнида ҳар икки тилни мукаммал билгани, ҳар икки халқу миллат тарихи, маданиятини ипидан игнасигача ўргангани боис у ўгираётган асарининг бутун борлиғини намоён этади ва ҳатто оригиналда у қадар порламаган “олмос қирраларини” заргар мисоли чархлаб, ярқиратиб юборади.
Мулоқотларнинг яна бирида Иброҳим ака ижод дунёсига кириб келиши сабабларини изоҳлаб “сўз гадоси, мубталоси” эдим, деган дарвешона бир иқрорлик билдиради. Яхши маънодаги ана шу мубталолик туфайли қилинган машаққатли меҳнат, рамзий маънода унга сўз мулкининг энг бебаҳо, нодиру ноёб хазиналари эшигини очди. Очдигина эмас, ана шу бойликка эгалик қилиш, тасарруф этиш ҳуқуқини берди. У эса мана шу бойликни дунёдаги энг муаззам, энг муқаддас сарват, деб билди. Фоний дунёнинг ҳою ҳаваслари, майда манфаатларидан тўққиз қават юксакда фақирона яшашга бир умрлик азму қарор қилди. Шу ҳақда ўйлайману баногоҳ мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг фақирона турмушлари ҳақидаги ривоятлар ёдимга тушади. Камтарона ҳаёт ҳам инсон комиллигининг муҳим белгиларидан бири эканлигига так­рор-такрор ишонч ҳосил қиламан. Айни пайтда Иброҳим аканинг юриш-туришидаги, ўткир нигоҳидаги, сўзлари оҳангидаги мағрурликни, ўз ишининг ҳақлигидан кўнгли тўқликни, ижобий маънодаги киборликни пайқамаслик мумкин эмас. Бу ҳали айтганимиз, у кишининг беназиру бебаҳо маънавий дурдоналар мулкига дахлдорлиги туфайли бўлса керак. Мана шундай ғурурга эга, кўкси шу қадар баланд инсонлар билангина, ўзининг ибораси билан айтганда “миллатнинг биллурлашуви”га эришиш мумкин, десам жоиз кўринармикан.
Навоий ижодининг билимдони бўлган Иброҳим Ғафуров навоийшуносликда ҳам ўзининг салмоқли ўрнига эга.
“Ноёб сўзларга, уларнинг жаранглашига жуда ишқибоз эдим”, дейди у болалик хотираларини эслаганда. Ана шу ишқибозлик узлуксиз тадриж топиб, нақадар мукаммаллашгани энди сир эмас. “Миямда ҳеч кутилмаганда бирон сўз қайдандир пайдо бўлиб, “чиқ” этиб чироғини ёқадию, тилим уни ҳар оҳангда тинмасдан такрорлайди. Бошқа бир пайти бошқа бир сўзнинг чироғи ёнади”, дейди устоз. Баъзида бу сўз у ўқиган беҳисоб китоблардан шуурига нақш этган ноёб бир калом ёки унинг сайқалланган янгича шакли бўлиши, аҳён-аҳёнда эса тамоман янгидан ясалган, кашф этилган янги бир фусункор сўз, илмий тилда айтсак, неологизм бўлиши мумкин. Айримларнинг бу ҳодисага салбий қараши, янги сўзлар кашфини инкор этиши сир эмас. Жаҳон адабиётидаги тажрибаларга кўра етук ижодкорларнинг бунга ҳақи бор. Албатта, бу неологизмларнинг навраста тани жонли тилнинг ҳаётбахш илдизларига туташган бўлсагина яшайди,  шаклбозлик учун тўқилган  бўлса ғалвирдан тушиб қолаверади. Иброҳим ака томонидан илк бор қўлланган сўзларнинг аксариятини эса унга оға-ини ижодкорлар ҳайрату ҳавас-ла такрорлаб юришларига, бажонидил фойдаланишларига бевосита гувоҳмиз.

Камарбасталик
Истиқлол арафасида шиддат билан кўтарилиб, унинг дастлабки йилларида янада катта куч билан давом этган миллий ўзликни анг­лаш тўлқини мамлакатдаги барча илғор, тараққийпарвар зиёлилар сингари Иброҳим Ғафуровни ҳам ижобий маънода ўз гирдобига олган эди. Айнан шунинг учун ҳам, у навқирону навниҳол республикамизнинг ўзбек миллий давлатчилиги тарихий илдизларидан баҳриёб ўлароқ ўсиши, барча соҳаларда барқарор ривожу равнақ йўлига тушиб олиши учун камарбаста бўлганлар сафида турди. Иккинчи чақириқ Халқ депутати, янги демократик партиялардан бирининг лидери сифатида фаол ва сермаҳсул сиёсий фаолият билан шуғулланди. Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни ҳаётга изчил жорий этиш, парламентаризмни ривож­лантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бугунги кунда мамлакатимиздаги етакчи сиёсий кучлардан бирига айланишида, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида ўзининг ярашиқли ўрнини эгаллашида, ҳеч шубҳасиз, унинг бешигини тебратган арбоблардан бири сифатида Иброҳим Ғафуровнинг муносиб ҳиссаси бор.
Ҳақиқий олим, чин маънодаги устоз таржимачилик илмининг билимдони Иброҳим Ғафуров узоқ йиллар давомида талабаларга ушбу ўта нозик соҳанинг асрорларидан сабоқ берди.
Айни кунларда ҳам фаол ижод билан биргаликда мураббийлик фаолиятини завқу масъулият билан давом эттирмоқда. Унинг бу йўлда асло ҳормасдан мудом олға боришига тилакдошмиз.

Ҳабиб ТЕМИРОВ

Таҳририятдан:

Иброҳим аканинг ижоди, фаолияти давлатимиз, халқимиз томонидан доимо муносиб баҳоланиб келинган. Хусусан, яқинда, яъни Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз Президенти фармони асосида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби унвонига сазовор бўлди. Конституциямизнинг 25 йиллиги байрами арафасида эса ушбу мукофотни Президентимиз қўлидан қабул қилиб олди. Устозни қутлуғ 80 ёш билан қутлар эканмиз, уни бу юксак тақдирланиш билан ҳам чин дилдан муборакбод этамиз!