Коммунал хизмат кўнгилдагидекми?

Қорақалпоғистон Республикаси

Нукусда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Қорақалпоғистон Республикасида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи тузилмалар томонидан ижро этилишини ўрганиш натижаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Адлия вазирликлари, Қорақалпоғис­тон Республикаси прокуратураси ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида кафолатланган ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари мавжуд.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат бош­қаруви тизимида жорий этилган Халқ қабулхоналари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси институтининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилди. Қонун асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий механизмларига аниқлик киритилди. Бу ислоҳотлар, аввало, инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини барча соҳаларда таъминлашга қаратилган.
Хусусан, уй-жой ва коммунал соҳани тартибга солиш, ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 18 апрелдаги “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Муҳокама этилаётган масалани ўрганиш натижасида маълум бўлишича, Орол­бўйида аҳолига коммунал хизматлар кўрсатувчи тузилмалар томонидан юқорида қайд этилган Қонун ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2017 йилнинг 9 ойи мобайнида давлат органларига мазкур йўналишда 2852 та мурожаат қилинган. Уларда асосан табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, иситиш тизими муаммолари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятидаги йўл қўйилаётган камчилик­лар, шу билан бир қаторда, коммунал хизматларга ўз вақтида ҳақ тўламаслик каби масалалар ёритилган.
Қонун талабларига кўра, мурожаатларни кўриб чиқиш давомида 1363 тасида кўтарилган масалалар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва унинг қуйи бўғинлари томонидан ҳал этилган бўлса, 1451 таси бўйича тегишли тушунтириш­лар берилган.
Мажлисда жисмоний ва юридик шасхларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган уй-жой, коммунал соҳадаги муаммоларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, аҳоли сифатли ичимлик суви ҳамда иситиш тизими билан лозим даражада таъминланмаётганлиги қайд этилди.
Шунингдек, мажлисда таъкидланишича, коммунал хизматлар кўрсатувчи кўпчилик корхоналарда мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни тегишли журналларга киритиш, ижросини назорат қилиш бўйича ишларга етарли даражада эътибор берилмаяпти. Айрим мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари қўпол равишда бузилган, хабарлар муро­жаат этувчиларга ўз вақтида юборилмаган, фуқароларни қабул қилиш учун етарлича шарт-шароит­лар яратилмаган. Айрим туман ва шаҳар тузилмалари мурожаатлар билан ишлаш бўйича малакали мутахассислар билан таъминланмаган.
Мажлисда кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.