ОЛТИАРИҚНИНГ ОЛТИНРАНГ УЗУМЛАРИ

3_02

Фарғона вилояти

Биласиз, Олтиариқ узумлари юртимизда машҳур. Шу боис, вилоятнинг бошқа туманларидан, қўшни вилоятлардан бу ерга келиб узумчилик тажрибасини ўрганиб кетишади.

Олтиариқ шаҳридаги Кўл бўйи – 2 маҳалласида яшовчи Шукрулло Тўйчиев хонадонида бўлиб, миришкор боғбоннинг узум етиштириш тажрибаси билан танишдик.
– Ёшлигимда ҳовлимизда бир туп Ҳусайни навли узум бўларди, – дейди Шукрулло ака. – Шу узумдан бир йилда 700 килограмм ҳосил олинарди. Яна денг, бу узумнинг танаси жуда катта эди ва ҳосилига битта ҳам ҳашарот тушмасди. Отам аввало узумнинг илдизини озиқлантиришга, кейин танаси, новдалари ва энди гуллаёт­ган меваларини махсус дорилар билан ишлашга эътибор берарди. Мен ҳам отамнинг тажрибасини қўллаяпман. Мана ёмон бўлмади, ҳар йили ҳовлимиздаги, кўчадаги ва томорқамиздаги узумлардан 4-5 тоннадан ошириб ҳосил оляпмиз. Даромадимиз рўзғорни обод этмоқда.
Хонадоннинг кўча томонида бошдан оёқ ишкомлар қурилган бўлиб, узум новдаларида товланиб турган олтинранг узумларни кўрган кишининг кўзи қамашади. Ҳар бош узум камида бир килодан тош босади, унинг биронта чириган донасини топиш қийин. Ҳусайни, Қора жанжал, Келин бармоқ навли узумлар ҳосил мўллигини кўз-кўзлаб турибди. Шукрулло Тўйчиевнинг узумлари баҳорда ҳам сархил туради.
– Бунинг сирини ҳозир сизга ошкор этамиз, – деди хонадон соҳиби бизни кираверишдаги узун уйга бошлаб. – Мана бу узумларни кўринг, шу уйда уч қатор яшиклар бирин-кетин тахлаб қўйилган. Яшиклардаги ҳосил бир-бирини эзмаслиги учун тўрт томонидаги тахталари баландроқ қилиб қоқилган. Яшик тўрт бурчига елим идиш­ларни белидан кесиб сув қўйилган. Сувга узум банди билан кесиб солиб қўйилади, шу билан у то апрель ойигача сархиллигини йўқотмайди.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.