Сув сероблиги учун сармоя

Андижон вилояти

Жаҳон банки сармоялари иштирокида Фарғона водийсида сув иншоотларини модернизация қилиш кўлами кенгаяди

Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бормоқда. Айниқса, энергетика, ирригация ва чорвачилик тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг “Жаҳон банки иштирокида “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш 2-босқич” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Андижон вилояти ҳудудидаги “Савай-Оқбурасой” ирригация тизими бошқармаси таркибидаги каналлар, насос станциялари, сув тақсимлаш иншоотлари тармоқларини реконструкция қилиш учун лойиҳа тайёрланди. Ҳозирда мазкур лойиҳа ижроси учун Жаҳон банки ҳамда Европа иттифоқининг салкам 40 миллион АҚШ долларилик сармояси йўналтирилиши мўлжалланган.
Яқинда Жаҳон банки ҳамда Европа иттифоқи экспертлар гуруҳи “Савай-­Оқбурасой” ирригация тизими бошқармаси тасарруфидаги инфратузилма объектларини кўздан кечиришди. Сўнгра “Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида лойиҳа тақдимотида иштирок этишди.
“Норин-Қорадарё” ирригация тизимлари ҳавза бош­қармасида “Савай-Оқбурасой” ирригация тизимидаги мавжуд объектлар модернизацияси ва реконструкцияси билан боғлиқ лойиҳа бўйича батафсил маълумот берилди. Мазкур лойиҳа қамраб оладиган экин майдони 19,4 минг гектарни ташкил этади. Суғориш тармоқлари узунлиги 276,5 км. тенг. Гид­ротехника ва сув ўлчаш иншоот­лари 694 тани ташкил этади. Сув етказиб беришда Савай канали алоҳида аҳамиятга эга. 1930 йилда қурилган канал техник жиҳатдан эскирган. Шу боис, унинг сув ўтказиш қуввати йилдан йилга камайиб бормоқда. Ҳозирда Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод ва Булоқбоши туманларидаги қатор массивларда деҳқончиликни ташкил этиш борасида қийинчиликлар юзага келмоқда. Оқбурасойнинг ҳимоя дамбалари емирилиши оқибатида сув тошқинлари бўлиш эҳтимоли ортмоқда. Бугунги кунда “Савай-1”, “Савай-2” ҳамда “Ором” насос станцияларининг сув чиқариш имкониятлари пасайиб бормоқда.
Жаҳон банки ишчи гуруҳи аъзолари лойиҳа борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Лойиҳа ижроси етти йилда ниҳоясига етади. Ўз навбатида, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод ва Булоқбоши туманлари ҳокимликлари, мутасадди идоралар сувдан фойдаланишни янада оқилона тарзда ташкил этишга ҳозирлик кўришлари муҳим аҳамиятга эга. Тақдимотда фермерлар, деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқа эгаларининг сувдан фойдаланишга бўлган муносабатлари тубдан ўзгариши зарурат эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Жаҳон банки миссияси аъзолари Фарғона вилоятидаги “Исфайрам-Шоҳимардон” ва Наманган вилоятидаги “Подшо­ота” ирригация тизими иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.