Нозигулдан ўрнак олса арзийди

3_01

Бухоро вилояти

Деҳқончилик кишидан катта  тажриба, омилкорлик ва меҳнатсеварликни талаб этади. Шундай хислатларга эга бўлган қишлоқ мулкдорлари халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш баробарида оиласи иқтисодини мустаҳкамлашга эришиб келишмоқда. Улар орасида ёшлар сони тобора ортиб бораётгани эса қувонарли ҳол.

Когон туманидаги “Оққош Бўрон замини” фермер хўжалиги раҳбари Нозигул Жўраева шундай ғайрат-шижоатли, юрт равнақи  йўлида камарбаста, эртанги кунга қатъий ишонч билан қараётган ёшлардан. Бундан икки йил олдин коллежни тамомлаган Нозигул ишонч билан ўз фаолиятини фермерликда синаб кўришга қарор қилди. Унинг бу ташаббусини отаси Бўрон ака, онаси Раъно опа қўллаб-қувватлади. Бугун Нозигулнинг отаси қизининг техника ва механизмлари учун жавобгар бўлса, онаси ҳисоб-китоб ишларида унга кўмакдош бўляпти.
Ёш фермернинг ишлари билан яқиндан танишсангиз, унинг тиришқоқлиги ва меҳнатсеварлигига қойил қоласиз. Бу ерда пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик ва асаларичилик йўналишлари йўлга қўйилган.
– Жорий йилда фермер хўжалигимиз пойдеворини янада мустаҳкамлашга эришдик, – дейди ёш фермер. – Мавжуд 30 сотихли ҳовузга 5 минг дона майда балиқ ташладик.  Асалари оилалари сонини 30 тага, қорамоллар бош сонини 40 тага, майда шохли молларни эса 45 бошга етказдик. Паррандачилик йўналишига асос солдик. 26 гектар майдонда пахта етиштириб 104 тонна ҳосил олдик. Ғалладан бўшаган 17 гектар майдонга  мош, шоли, сабзи ва шолғом экиб, яхшигина даромад олдик. Айни кунда ҳосилдан бўшаган майдонларни шудгорлаш ишларини якунлаб, ғалла экинлари парвариши билан шуғулланяпмиз.
Хўжаликнинг моддий-техник базаси ҳам ҳавас қилишга арзигулик. Мавжуд техникалар дала-­деҳқончилик ишларини бажаришда қўл келяпти.
Албатта, ўтган қисқа вақт ичида коллеж битирувчисининг фермер сифатида бундай натижаларга эришиши кўпчиликка имконсиздек туюлиши мумкин. Бу борадаги саволимизга ёш фермердан қуйидагича жавоб олдик.
– Фермерлик ҳам тадбиркорликнинг бир тури саналади, фаолиятни бош­лаш учун маблағ зарурлиги турган гап, – дейди у. – Мен ота-­онамни оиламизнинг шахсий жамғармасини шу ишга сарфлашга кўндира олдим. Фермерлик кўпнинг ризқу насибасини яратадиган фаолият тури эканлиги доимо кўнглимни кўтаради, сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.
Нозигулнинг чин кўнгилдан айтган ушбу сўзлари фермерликка бўлган иштиё­қи қатъийлигини, танлаган йўлидан хурсандлигини кўрсатиб турибди. Айни кунда унинг хўжалигида 8 киши иш билан банд. Келгусида мавжуд тармоқларни янада ривожлантириш ҳамда қишлоқда аҳолига хизмат кўрсатадиган шохобчалар ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга ҳисса қўшишни ҳам режалаштириб қўйган.
Мухтасар айтганда, Нозигул Жўраева фермерлик фаолияти билан юрт равнақига ҳисса қўшишга бел боғлаган ёшлардан. Унинг эзгу ишлари тенгқурларига ибрат бўлишга арзийди.

Ҳамроз АЛИ,
 “Qishloq hayoti” мухбири.