Янги марраларга ундамоқда

Хоразм вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони биз ҳунармандларни янада тўлқинлантириб юборди. Фармон асосида ҳунармандларга берилаётган катта имконият ва имтиёзлар бизни янада шижоат билан ишлашга ундамоқда.

Мен Янгиариқ туманидаги Каттабоғ зангори кулолчилик мактабининг вакилиман. Ота-боболаримиз кулол ўтган. Уларнинг еттинчи авлод сулоласиман. Кулолчилик  билан шуғулланиб келаётганимга 27 йилдан ошди. Тарихий ёдгорлик ва муқаддас қадамжоларни таъмирлаш ишларида фаол қатнашиб келмоқдаман. Республикамиз ва хорижда ўтказилаётган турли кўрик-танловларда ўзимнинг ишларим билан иштирок этиб, муваффақиятларга эришдим. Хусусан, 2014 йили Тошкентда ўтказилган кулолларнинг халқаро семинарида қатнашдим. Унда кўргазмага қўйилган икки панно барчанинг эъти­борини тортди. ЮНЕСКО ташкилотининг экспертлари кулолчилик санъати ривожланган дунё мамлакатларининг ҳеч бирида бундай катта паннолар яратилмаганини таъкидлашди. Мутахассислардан бири Хоразмга келиб, фаолиятимиз билан яқиндан танишди. Халқаро эксперт кошин тайёрлаш жараёнини бошдан охиригача диққат билан кузатиб, устахонамизни “Кулолчилик технологиясининг энг катта лабораторияси”, дея эътироф этди. Бу ҳақда мақола ҳам тайёрланиб, хориж матбуотида эълон қилинди. Шундан буён ЮНЕСКО билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.
Укаларим Баҳодир ва Одилбеклар билан аждодларимиздан мерос бўлиб қолган кошин тайёрлаш технологиясини қайта тиклашга эришдик.
Шунингдек, “Ташаббус – 2015” кўрик-танловида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналиши бўйича ғолиб бўлиб, Президент соврини – “Spark” автомобили билан тақдирландим.
Айтмоқчи бўлганим шуки, эришаётган ютуқларимизнинг асоси – эъти­борда. Президентимизнинг мазкур фармони ҳам фаолиятимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Алланазар САЪДУЛЛАЕВ,
Янгиариқ туманилик кулол.