Бунёдкорлик анъаналари бардавом

Халқимиз азалдан бунёдкор, яратувчан, бир сўз билан айтганда, ижодкор халқ. Ота-боболаримиз  ҳар нарсадан гўзаллик ахтаришга ва ана шу гўзалликни ўз қўли билан яратишга, шу аснода турмушини обод этишга интилиб келишган.  Айниқса, ҳунармандчилик соҳасида бой тажриба тўплашган.

Авлоддан-авлодга мерос бўлиб келаётган анъаналар  юртимизда бугун ҳам қадрланмоқда, эъзозланмоқда. Қўли гул уста ҳунармандлар томонидан тайёрланган ҳар қандай санъат асарини  кузата туриб, халқимизнинг кўп асрлик тарихга эга, улкан маданияти кўз олдингизда намоён бўлади. Давлатимиз раҳбарининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ўқиб, бу ҳужжат бугунги кунимиз учун нақадар зарур ва айни вақтида қабул қилинганлигини англадим. Тан олиш керак, сўнгги йиллар давомида республикамизда миллий ҳунармандчиликни ривож­лантириш,  тарихий анъаналарни сақлаб қолиш, ҳунарманд­чилик билан шуғулланувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларга қарамасдан, ҳунарманд­чилик кичик бизнес ва якка тадбиркорликда кенг бўй кўрсата  олмаётган эди. Айни шу йўналишдаги муаммо ва камчиликлар туфайли “Ҳунарманд” уюшмаси ўз атрофига соҳа вакилларини бутунлай қамраб ололмади. Маълумки, бу фаолият, энг аввало, сабот ва қунтни, қолаверса, узоқ муддатли машаққатли меҳнатни талаб этади. Бу эса бизнесдаги вақт – пул деган қатъий қоидага нисбатан янгича ёндашувни, яъни соҳада фаолият олиб бориш тизимини бугунги кун нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни ҳамда такомиллаштиришни талаб этади. Янги қабул қилинган фармонда эса айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан,  миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, имтиёзли кредитлар бериш, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш ва экспорт қилиш, шунингдек, республикамизнинг туман ва шаҳарларида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва “Уста-шогирд” мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ишлари қатъий белгилаб берилган. Айниқса,  ҳунармандчилик билан шуғулланишга ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларнинг жалб этилиши бир томондан, аҳолининг бандлик муамммосини ҳал этса, иккинчи томондан, ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг юксалишига замин яратади.
Шунингдек, фармонда ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқ тўловидан тўлиқ озод этиш,ёшга доир пенсия ва нафақа олувчиларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этиш, қишлоқ туманларида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг фақатгина 50 фоизини тўлаши каби енгилликлар соҳа истиқболининг асосий омилларидан бири этиб белгиланган.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, миллий ҳунармандчилигимиз анъаналарини янада равнақ топтириш ва ҳунармандларимизни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинаётган қарор ва фармонлар бой меросимизни сақлаш, шу орқали ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, натижада эса халқимизнинг турмуш даражасини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Дилором ТОЖИЕВА,
Тошкент банк коллежи ўқитувчиси.