Фуқаролик паспортлари топширилди

Хоразм вилояти

Вилоят ҳокимлигида  Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш юзасидан ташкил этилган тадбирда юртимизда қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатлари устуворлигига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирлари тизимли равишда амалга ошириб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Хоразмлик 41 нафар юртдошимизга фуқаролик пас­портларини вилоят ҳокими ­И.Собиров тантанали равишда топширди.
– Гурлан туманидаги 33-умумтаълим мактабида 20 йилдан буён ўқувчиларга хорижий тилдан сабоқ бериб келаман, – дейди фуқароликка қабул қилинганлардан бири Зулфия Содиқова. – Бугун жуда бахтлиман. Чунки Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиндим. Келажакда бор куч-ғайратимни Ватаним равнақига сарф этаман.
– Ўзбекистонда 1992 йилдан буён истиқомат қиламан, – дей­ди шовотлик Елена Сарватка. – Ёшлигим шу юртда ўтди. Мана бугун Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиндим. Бу мен учун улкан шарафдир.
Шу пайтгача фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида рўйхатда турган, аммо ўзининг меҳнатсеварлиги билан юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ватандошларимизнинг орзу-истаклари бугун давлатимиз, Президентимиз томонидан рўёбга чиқарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси фуқароси деган шарафли мақом уларни юрт тараққиёти йўлида сид­қидилдан меҳнат қилишга янада илҳомлантиради.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.