Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашди

Сурхондарё вилояти

Термиз шаҳрида вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг конференцияси ўтказилди. Унда дастлаб вилоят фермерлар кенгашининг Сурхондарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари  кенгаши сифатида қайта ташкил қилиниши масаласи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида муҳим тармоқлардан бири бўлган қишлоқ хўжалиги, хусусан, фермерлик ҳаракати ўзининг янги ривожланиш босқичига ўтди. Мазкур йўналишдаги ишлар биргина фермер хўжаликларини эмас, балки деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқаларни ҳам қамраб олганлиги билан аҳамиятли бўлди. Музокараларда сўзга чиққанлар бу борадаги чора-тадбирлар хусусида сўз юритдилар. Фермерлар кенгашини фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил этиш масаласи овозга қўйилди ва у вакиллар томонидан маъқулланди. Шундан сўнг янги кенгаш устави тасдиқланди.
Конференцияда кенгаш раҳбарини сайлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Унга кўра, бу лавозимга Шерпўлат Бойқулов номзоди кўрсатилди ва у бир овоздан маъқулланди.
Йиғилишда сўзга чиққан вилоят ҳокими Э.Турдимов  фермер ва деҳқон хўжаликларида, аҳоли томорқаларида мева-саб­завот ва полиз маҳсулотлари етиштириш, “тўқсонбости” экинлар экиш бўйича чора-тадбирларни янада кенгайтириш лозимлигини таъкидлади. Асосий мақсад даромад оладиган маҳсулотларни етиштириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгани алоҳида қайд этилди.
Ташкил этилган Кенгашнинг самарали фаолият олиб боришини таъминлаш, ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Кенгашга халқ депутатлари туман кенгашларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини муҳокама қилишда, ер участкаларини ажратиш масалаларида иштирок этишга оид бир қатор ҳуқуқлар берилди.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.