Ёш тадбиркор ғайрати

Наманган вилояти

Чортоқ тумани Алихон қишлоғи Меҳнатобод маҳалласи аҳли боғдорчилик, чорвачилик, сабзавотчиликда катта тажриба тўплаган. Айни вақтда улар яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришмоқда.

Маҳаллада замонавий мактаб,  савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд. Аммо шу вақтгача вояга етмаган ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишига хизмат қиладиган марказ йўқ эди. Яқинда шу маҳаллалик Шерзод  Қобулов бу муаммони бартараф этишга киришди.
– Ёш тадбиркорнинг таклифи қўллаб-қувватланишини сўраб қилган мурожаатимиз туман ҳокимлигида ижобий ҳал этилди, – дейди “Меҳнатобод” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг диний маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Соҳила Турсунова. – Ҳудудда бўш турган бино ёш тадбиркорга ноль харид қийматида берилди.
Ёш тадбиркор оилавий жамғармаси ҳисобидан бу бинони таъмирлаб, замонавий спорт анжомлари билан жиҳозлади. Бу ерда соғломлаштириш маркази, савдо шохобчаси, аёллар ва эркак­лар гўзаллик салонлари ташкил этилди.
– Келгусида марказда тикув цехини йўлга қўйиш ниятимиз бор, – дейди ёш тадбиркор Шерзод Қобулов. – Шунингдек, минифутбол майдони ва болалар аттракциони қуриб, 20 нафар ёшларни иш  билан таъминлашга аҳд қилганмиз.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.