Ер бўш турмайди, даромад узилмайди

3_jizzax

Жиззах вилояти

Зарбдор тумани “Шарқ юлдузи” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Қиличбек Қосимов томорқасидан йилига уч-тўрт марта ҳосил олиш ҳадисини олган. Тадбиркор анчадан бери иссиқхона қуриш ниятида эди.

Ундан-бундан суриштириб, соҳанинг нозик жиҳатларини ўзлаштирди. Иссиқхона учун жой тайёрлади, ишни бошлади-ю, охиригача етказишга қўли бироз калталик қилди. Шунда банкдан 6 миллион сўм кредит олиб, уни ишга туширди. Иссиқхонага 10 туп серҳосил “Меер” навли лимон кўчати ўтқазди. Кўчатлар оралиғидаги бўш жойларга тажриба тариқасида 80 туп помидор кўчати экиб парваришлади. Бўш жойларга  помидор уруғи сочди. Полиэтилен халтачаларда бодринг кўчати етиштирди. Апрель-май ойларида 3000 туп кўчат етиштириб, унинг 1500 тупини сотди. 1500 туп помидор кўчати очиқ майдонларга экилиб, парваришланди. Шу йилнинг ўзида помидор ва бодринг кўчатлари етиштиришдан 2 миллион сўм даромад қилди. Очиқ майдонга экилган кўчатлар ҳам мўлжалдагидан зиёд ҳосил берди.
– Айни пайтда аҳолининг Янги йил байрами дас­турхонини кўкат ва резаворлар билан таъминлаш иштиёқида меҳнат қиляпмиз, – дейди Қиличбек Қосимов. – Лимон кўчатлари орасига  саримсоқпиёз, кенза, петрушка, шавел каби кўкатлар экиб, парваришлаяпмиз.
Кейинги йилларда “Шарқ юлдузи” қишлоқ фуқаролар йиғинида ердан фойдаланиш самарадорлиги аввалгига қараганда икки ҳисса ошди. Айни пайтда аҳоли ихтиёрида экин экиб, ҳосил олиш имконияти бўлган салкам 50 гектар томорқа ер бор. Ана шу ерларнинг бир қисмида  олма, ўрик, шафтоли, анор, анжир ва беҳи каби мевали дарахтлар ўстирилаётган бўлса, бир қисмида сабзавот ва резаворлар етиштирилиб, мўл ҳосил олиняпти. Ҳосилнинг бир қисми уй-рўзғор эҳтиёжларига ишлатилса, қолгани  бозорга чиқарилмоқда.
Бугун  “Шарқ юлдузи” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги аҳоли хонадонларида 19 та иссиқхона фаолият кўрсатмоқда. 25 та хонадонда паррандачилик, 17 та хонадонда чорвачилик йўлга қўйилган. 8 нафар фуқаро боғдорчиликка, 8 нафар фуқаро эса балиқчиликка қўл урган. Қишлоқ аҳлини тадбиркорлик билан шуғулланишга ундаш, уни ривож­лантириш орқали манфаатдорликни ошириш асосий вазифалардан бирига айланиб боряпти.

Муқимбой ИСМОИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.