Бир йилда бир ердан уч ҳосил

3_sirdaryo

Сирдарё вилояти

Мирзаобод тумани “Мирзачўл” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи аҳоли бу йил мева-сабзавотдан мўл ҳосил олишди. Кейинги йилларда Янгиовул, Дўнгариқ ва Ҳақиқат маҳаллаларида янги боғ-роғлар, анорзор ва узумзорлар барпо этиш, томорқа хўжаликларида полиз, сабзавот, кўкат етиштириш борасида катта тажриба тўпланди.

Хусусан, Дўнгариқ маҳалласида яшовчи миришкор Зокир Маматқулов 20 сотих майдонда иссиқхона ташкил этди. Иссиқхона усти ва чор атрофи икки қават плёнка билан ёпилган. Қиш ойларида у ўтин билан иситилади. Тажрибали деҳқон август ойи охирида саримсоқпиёз экиб, биринчи ҳосилни декабрь ва январь ойларида йиғиштириб олади. Кейин ҳосилдан бўшаган майдоннинг ярмига бодринг кўчати, ярмига помидор, булғор қалампири уруғларини экади. Шу тариқа иссиқхонада ҳам бодринг ҳам аҳолига сотиш учун кўчат етиштирилади. Иккинчи ҳосил йиғиштириб олингач эса ялпи майдонга кечки помидор кўчати ва картошка уруғини экиб, улардан ҳам миллион-миллион даромад олади. Биринчи ҳосил – саримсоқпиёздан тадбиркор 8-10 миллион сўм даромад олишни чўтлаб турибди. Ҳозир саримсоқпиёзни суғориб, ўғитлаб, бор эътиборни унинг ривожини тезлаштиришга қаратмоқда. Бир ердан бир йилда уч марта ҳосил олаётган миришкорлар оиласи  мўъжазгина иссиқхонанинг ўзидан йилига 30-40 миллион сўм  даромад қиляпти.
Дўнгариқ маҳалласида  яшовчи Норжигит Туротов қишда тонналаб гўнгни анор жўякларига “шарбат” қилиб оқизади. Кўчатларни кузда кўмиш, баҳорда очиш ишларини ҳам оби-тобида амалга оширади ва мўл ҳосил етиштириши эвазига оила даромадини янада мустаҳкамлаб бораётир.
Дўнгариқликлар етиштирган анорнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинди. Шу маҳаллада яшовчи меҳнат фахрийси Аҳмад Эшонқулов фарзанд­лари билан анорзорлари майдонини 1,5 гектарга етказди. Анорчиликдан олинаётган фойда ана шу ҳаракатларга яраша бўляпти. Агротехник тадбирларни кўчатларнинг ҳолатига қараб олиб бораётган миришкорлар анорнинг янги навларини экиб, тажрибада синовдан ўтказади. Оиладаги тўртта томорқа хўжалигида бир қарич ер ҳам бўш қолмайди. Анор орасига кўкат,  помидор, булғор қалампири ва  бодринг экиб, шунинг ўзидан 4-5 миллион сўм қўшимча фойда олишмоқда.
Янгиовул маҳалласида истиқомат қилаётган Раҳматулла Холмуродовни эса кўпчилик узумчи деҳқон сифатида яхши танийди.  У томорқасида ҳар йили мўл узум етиштириш билан бирга, янги боғ яратувчиларни турли навдаги ток кўчатлари билан таъминлайди. Ўзи барпо этган боғда узум­нинг ўнлаб нави бор. У томорқасида захкаш тупроқ шароитига мослашган ток кўчатларини ҳам парвариш қилаётир.
Қишлоқ аҳли ер умрини бекор ўтказмай томорқа хўжалиги имкониятларидан самарали фойдаланса, рўзғорига барака кириб, оиласи фаровонлиги ошишини билади ва барча ҳаракатини шунга қаратишади.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.