«Оқ сув»нинг ўзига хос «кластери»

3_andijon

Андижон вилояти

кўплаб фермерлар учун тажриба мактаби бўлмоқда

Қўрғонтепа туманидаги “Оқ сув” фермер хўжалиги раҳбари Алижон Аҳмедов ноанъанавий усулда деҳқончилик юритиш борасида изланиб, муайян натижаларга эришмоқда. Шу боис унинг иш фаолиятига қизиқувчилар кўпаймоқда. Хусусан, Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги “Элбек элитаси” фермер хўжалиги раҳбари Турдиали Ҳайдаров унинг ютуқларига ҳавас қилган қишлоқ мулкдорларидан. Ҳамкорлик натижасида “Оқ сув”даги бир қатор тажрибалар “Элбек элитаси”да ҳам намоён бўла бошлади.

Учкўприк тумани ҳудудида ер ости сувлари яқин, айни вақтда чўл ҳудуди ҳам мавжуд. Шундай шароит­да Турдиали Ҳайдаров бошлиқ фермер хўжалиги жамоаси ғалла ва пахта ҳосилдорлиги борасида наинки туманда, балки вилоятда ҳам олдингилар сафида бормоқда.
Ўз навбатида, Турдиали Ҳайдаров “Оқ сув”да олган билим ва тажрибасини Учкўприк, Ўзбекистон ва Бувайда туманлари фермерлари билан ўртоқлашмоқда. Кези келганда, фермерлар билан “Оқ сув”га келиб, агротехник тадбирларнинг бажарилишини кузатади, сўнгра ўзларининг фермер хўжалигида қўллашади. Алижон Аҳмедов ҳам “Элбек элитаси” фермер хўжалигига бориб, маслаҳатларини бериб келади.
Ўтган йили кузда Бухоро вилоятидан ўн олти нафар фермер “Оқ сув”да дала сабоғи олиб кетишганди. Яқинда эса Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани ҳокими Ботиржон Мирзақулов раҳбарлигида бир гуруҳ мутахассислар “Оқ сув” тажрибаси билан яқиндан танишдилар. Ҳозирда Мирзаобод туманида пахта-ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш, қайта ишлаш ҳамда сотишни ўз ичига олган “Кластер” усулини жорий этишга тайёргарлик бормоқда. Бунинг учун 25 минг гектар экин майдони ажратиб берилди. “Кластер” таркибида пахтани қайта ишлаш, йигириш, тўқиш, бўяш ва тикишни ўз ичига олган ишлаб чиқариш мажмуаси барпо этилади. Дастлаб пахта тозалаш ҳамда ёғ-мой корхонаси барпо этилиши юзасидан ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Иқтисодий ривожланиш юзага келгач эса йирик чорвачилик мажмуаси барпо этилади. Унинг таркибида қорамолчилик, паррандачилик, асаларичилик, озуқа тайёрлаш корхонаси жамланади. Машҳур Мирзаобод анорини етиштириш бир неча ўн баробарга кўпаяди. “Кластер” раҳбари Улуғбек Сотиболдиевнинг сўзларига қараганда, Мирзаободда етиштириладиган барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари шу ернинг ўзида қайта ишланади, совиткичларга қўйилади ва харидорига етиб боради. Бу орқали эса минглаб мирзаободликлар мунтазам иш ўрнига эга бўлишади.
– “Оқ сув”га, келишимизнинг боиси, – дейди Мирзаобод тумани ҳокими Ботиржон Мирзақулов, – тажриба орттириш. Президентимиз “Кластер” ташкил этиш бўйича таклифимизни қўллаб-қувватлади. Пахта, ғалла, пилла, мева-сабзавот етиштириш ҳажмини кўтармасак, чорвачиликни ривож­лантирмасак, олдимизга қўйган мақсадларга эриша олмаймиз. “Оқ сув”да эса айни йўналишда катта тажриба бор. Ҳақиқатан ҳам, “Оқ сув”да пахта ҳосилдорлиги гектарига 50 центнердан кам бўлмайди. Ғаллачиликда эса ҳосилдорлик юқори. Хўжаликда наслли қорамолчилик мавжуд. Кунига 20 тонна сутни қайта ишлайдиган, хорижий технологияга асосланган корхона бор. Техника парки замонавий тракторларга, ишлов берувчи бош­қа воситаларга эга.
Мирзаободлик меҳмонларга Марказий Осиёда ягона бўлган, рақамли бошқариладиган тракторда пушта олиш жараёни намойиш этилди. Ушбу технология ҳисобига эгатларнинг тўғрилиги тўла таъминланади. Ҳозирда ишлатилаётган экиш сеялкалари эса ҳар ўн гектар экин майдони ҳисобига бир гектарини деҳқон зиёнига бой беради. Рақамли тарзда ишлатиладиган ушбу трактор эса ўша ерни фермер фойдасига олиб беради.
Техника паркидаги кўплаб воситалар Алижон Аҳмедов томонидан қайта жиҳозланган. Жумладан, буғдой экиш сеялкасининг бир кунлик иш унуми 60 гектардан кам эмас. Ғалла майдонининг 71 гектар эканлиги инобатга олинса, бу тадбир учун бир кун кифоя. Кўчатларнинг бир текис бўй кўрсатиши ва ҳосилдор бошоқларнинг мўллиги ҳисобига дон миқдори ҳам юқоридир. Дон учун маккажўхори экиш ҳам айнан юқорида зикр этилган сеял­када амалга оширилади. Қолаверса, ғалла уруғлигини сарфлаш борасида ҳам катта тажриба тўпланган.
Хўжаликда томчилатиб суғориш учун қудуқдан сув олиш ҳамда сутни қайта ишлаш корхонасида иссиқ сув учун қуёш батареясидан фойдаланилади. Ўтган йили биогаз ишлаб чиқариш ҳам жорий этилди. Алижон Аҳмедов экинлар агротехникаси, селекцияси билан чуқур шуғулланади ва кўплаб тажрибаларга қўл уришдан чарчамайди.
– Тажриба ўргангани хорижга боришимиз шартмаслигини “Оқ сув” тажрибасида янада яққол кўрдик, – дейди мирзаободлик Аҳадқул Пиримқулов. – Мен узоқ йиллар ғўза уруғчилиги билан шуғулланганман. Ҳозирда “Клас­тер” таркибида уруғчиликни ташкил этиш менинг зиммамга юклатилган. Алижон Аҳмедовнинг ғўза, ғалла, маккажўхори ва бошқа озуқа экинлари бўйича коллекцияси билан танишар эканман, ич-ичимдан тасаннолар айтдим. Туманимизда ташкил этилган “Кластер”да 15 минг гектар майдонда ғўза парвариш қилиш режалаштирилмоқда. Ҳозир “Оқ сув”да етиштирилаётган ғўзанинг “Андижон-36” навига қизиқишимиз ортди. Алижон Аҳмедовнинг тавсияси билан уруғчилик тизимида “Андижон-35”, “Андижон-37”, “ЎзПИТИ-201”, “ЎзПИТИ-202” навларини ҳам синовдан ўтказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Бир вақтлар Андижондан олинган ғалланинг “Старшина” нави туманимизда қониқарли ҳосил берган эди. “Оқ сув”да ана шу навдаги буғдой коллекцияси мавжудлиги янада ҳайратимизни оширди ва бу борада ҳам ҳамкорлик қилишни мўлжалладик.
“Оқ сув”да сиғими 2 минг тонна бўлган мева-сабзавотни музлатиб, савдога чиқаридиган совиткич қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. 2018 йилдан бошлаб ушбу совиткич фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқа эгалари томонидан етиштирилган мева-сабзавотларни қабул қилишни ва савдога чиқаришни бошлайди.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.