Янги сайёҳлик манзиллари кўпаймоқда

4_khiva

Хоразм вилояти

Хива туманидаги “Хива Қоракўл”, “Эшонравот”,  Боғот туманидаги “Қалъажиқ” экотуристик манзилгоҳлари ёнига Хива туманидаги Ғовук кўл массиви ҳамда Урганч тумани Чолиш қишлоғи атрофидаги экосайёҳлик масканлари қўшилмоқда.

Республикамизда туризмни янада ривожлантириш ва уни янги поғонага кўтариш мақсадида Хивага алоҳида шаҳар мақоми берилди. Бу эса қадимий шаҳарга хорижий сайёҳлар ва туризм соҳасига қизиқувчи инвесторларни жалб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Хивадаги “Ичан қалъа” мажмуасида реставрация ишлари, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи янги иншоотлар, меҳмонхоналар, турли савдо шохобчаларини ташкил этиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.  Жумладан, Нуруллабой мажмуасини реставрация қилиш, бу ерда маҳаллий кўринишдаги ресторан, қабуллар уйи, галерея, амфитеатр, ҳунармандлар кўргазмалари учун алоҳида хоналар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. “Ичан қалъа” музей қўриқхонаси ҳудудида сизот сувларини камайтириш, Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини рес­таврация қилиш, сополдан бежирим ҳайкаллар ясашга мўлжалланган корхона ташкил этиш, ҳудудни замонавий ёритиш тизими билан таъминлаш, кечки экологик саёҳат дастурини ишлаб чиқиш ва “Дишан қалъа” мажмуасини тиклаш каби қатор лойи­ҳаларни амалга ошириш  ишлари бошлаб юборилди. Мазкур дастурга кирган энг йирик лойиҳалардан бири Урганч – Хива йўналиши бўйича  қурилаётган темир йўл линия­сидир. Айни кунларда қурилиш жадал давом этмоқда.
Тарихий шаҳарни томоша қилишга келадиган маҳаллий ва хорижий сайёҳларни қабул қилиш аввал “Ота” дарвозасидан бошланган бўлса, энди қадимий шаҳар бўйлаб саёҳат шаҳарнинг кунчиқар томонидаги “Ҳазорасп” дарвозасидан бошланади. Хива темир йўл вокзалидан то “Ҳазорасп” дарвозасигача бўлган йўл эса шаҳарнинг намунавий кўчасига айлантирилади. Хивага ташриф буюрувчи ҳар бир сайёҳнинг шаҳар ҳақидаги илк таассуроти  ушбу йўлдан бошланади.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.