Фаровонлик ва тараққиёт кўзгуси

2_kurgezma

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да “UzAgroExpo – 2017” ҳамда “UzProdExрo – 2017” XIII халқаро ихтисослаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари кўргазмалари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирнинг очилишида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида иқтисодиётнинг барча тармоқлари, хусусан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани таъкидланди.
Бу жараёнда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур кўргазмалар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларда иштирокчилар сони ошиши билан бир қаторда, намойиш этилаётган асбоб-ускуна ва маҳсулотлар тури ҳам кўпаймоқда.
Бу галги халқаро кўргазмаларда Беларусь, Германия, Испания, Исроил, Россия, Хитой, Корея ва жаҳоннинг бошқа давлатларидан 120 дан ортиқ компаниялар иштирок этмоқда. Намойиш этилаётган маҳсулот ва хизматлар кенг қамровли бўлиб, қишлоқ хўжалиги технологиялари, деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш линиялари, қадоқлаш технологиялари, паррандачилик, асаларичилик ва боғдорчилик, чорва учун ем тайёрлаш ускуналари, ўсимликлар ҳимояси учун кимёвий моддалар, қоракўлчилик ҳамда терини қайта ишлаш, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш каби юзга яқин йўналишни қамраб олган.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги йирик тадбир ҳисоб­ланган “UzAgroExpo” кўргазмасида иштирокчилар эътиборига жаҳоннинг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган технология, асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва материаллар намойиш этилаётир. Жорий йилги кўргазмада Россия ва Беларуснинг етакчи компаниялари – “Клевер” АЖ, “Гомсельмаш” ОАЖ, “Минский тракторный завод” ОАЖ  ва маҳаллий “Amkodor-Tashkent” масъ­улияти чекланган жамият шаклидаги хусусий корхонаси томонидан намойиш этилаётган техника воситалари фермерлар диққат марказида бўлмоқда. Сабаби, ушбу корхоналар қишлоқ хўжалиги техникалари соҳасидаги энг сўнгги янгиликлар ва ютуқларни тақдим этишмоқда. Хитойлик ишлаб чиқарувчилар эса қиш­лоқ хўжалиги техникаларининг барча турлари учун эҳтиёт қисмларини таклиф этишаётир.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, сув тақчил бўлган ҳудудлардаги боғ ва токзорларни томчилатиб суғориш орқали маблағ ва ишчи кучи тежалишига замин яратилади. Бу борада “Агродрип” (Ўзбекистон), ирригация тизимида жаҳонда етакчилардан ҳисобланган “Atlantis Engineering” (Туркия) ва “Agro Business Innovation Technolog” (Исроил) компаниялари томонидан сувни тежовчи замонавий технологиялар, эмиттерли микроиқлим ва томчилатиб суғориш тизимлари намойиш этилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги экинларини турли зараркунанда ва касаллик­лардан ҳимоя қилиш учун кимё­вий воситалар тайёрлаш, турли органик ва минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компаниялар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам иштирокчилар билан гавжум. Бу ерда Туркия, Россия компаниялари ўсимликларни ҳимоя қилувчи турли воситаларни тақдим этишаётир. Ушбу соҳада мамлакатимиз компаниялари – “Ифода агро кимё ҳимоя”, “Агроветҳимоя”, “Global Inks”лар томонидан ҳам кенг турдаги маҳсулотлар намойиш қилинмоқда. Бу эса, ушбу соҳада ҳам мамлакатимизда маҳаллийлаштириш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганидан далолат беради.
Сифатли мева-сабзавот етиштиришда интенсив боғларнинг аҳамияти катта. Айниқса, касалликка ва совуққа чидамли, серҳосил ва сувни кам талаб қиладиган дарахт ва ўсимлик кўчатларидан барпо қилинган боғларнинг самарадорлиги юқори бўлади. Кўргазма доирасида интенсив боғлар учун мевали дарахтлар ва декоратив ўсимликлар кўчатларини тақдим этаётган компаниялар орасида Туркия, Нидерландия, Қозоғистон мамлакатлари ишлаб чиқарувчилари етакчилик қилишмоқда. Шунингдек, Россиянинг “Гавриш”, “СеДак”, “Гриномика” компаниялари ҳам кенг кўламдаги серҳосил уруғларни таклиф қил­япти.
– Компаниямизга асос солинганига 100 йилдан ошди, – дейди “Royal Brinkman” (Нидерландия) компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича вакили Екатерина Волянская. – Бу даврда биз ўсимликшунослик соҳасида дунё­да етакчилар сафига кўтарила олдик. Харидорларга махсус тувакларда ўстирса бўладиган сабзавот, гул, турли ўсимлик ва замбуруғларнинг 36 мингдан ортиқ турини таклиф қиляпмиз. Бундан ташқари, сув ва электротехник жиҳозлар, иссиқхоналарда микроиқлимни бошқариш, пуркаш жиҳозлари, дизинфекция қурилмалари ва воситаларини ҳам ишлаб чиқарамиз. Асосийси, биз мижозлар билан кенг қамровли алоқани йўлга қўямиз. Яъни фақат ўсимлик ёки сабзавот уруғларини етказиб бериш билан кифояланмай, уни парваришлашгача бўлган жараёнларда иштирок этамиз. Бошқача айтганда, экиш, суғориш, ўғитлаш, ишлов бериш, кимёвий ва биологик ҳимоялаш каби жараёнларда бевосита қатнашамиз. Лозим бўлса, мутахассисларимиз йиллар давомида амалга оширилаётган лойиҳани кузатиб бориши ҳам мумкин. Мазкур маҳсулотларимизни ўзбекистонлик харидорларга тақдим этишимизда бу ерда яратилган турли имтиёзлар, хусусан, божхона ва инвестициявий енгилликлар қўл келмоқда.
Кўргазмада чорвачилик соҳасидаги илғор тажрибалар ва замонавий технологиялар ҳам кенг кўламда намойиш этилаётир. Таъкидлаш керакки, соҳанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани шахсий ва деҳқон хўжаликларида чорва моллари сонининг ошишига замин яратмоқда. Шунингдек, фермер хўжаликларига яратилган шароитлар натижасида наслли қорамоллар бош сони йилдан йилга ўсмоқда. Хусусан, чорвачилик соҳасида жорий йилнинг 9 ойи мобайнида республикамизда 1257 та лойиҳа ҳаётга татбиқ қилиниши натижасида 3450 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди, наслли қорамоллар сони 43 минг бошга кўпайди. Бу, шубҳасиз, ана шу йўналишда фаолият кўрсатаётган хориж компанияларининг эътиборини жалб қилади. Кўргазмада Беларусь, Россия, Нидерландия, Польша каби ўнлаб давлатларнинг зотдор қорамол етиштирадиган компаниялари ўз хизматлари ва маҳсулотларини таклиф этишмоқда. Исроиллик ишлаб чиқарувчилар сут фермалари ва соғиш залларини жиҳозлаш, қуриш ва лойиҳалаштириш хизматларини таклиф қилаётган бўлса, “Брестплемпредприятие” (Беларусь) наслчилик компанияси зооветеринария ва чорвачилик соҳаларида инновацион технологиялар, илмий ва илғор тажрибаларни жорий қилишга эътибор қаратмоқда.
“UzProdExpo” кўргазмаси экспозицияларида эса озиқ-овқат саноатининг барча тармоқлари учун асбоб-ускуналар, совитиш ва қуритиш, саралаш ва қадоқлаш технологиялари кенг кўламда намойиш этилаётир.
– Компаниямизнинг Ўзбекистонда фаолият юритаётганига 16 йилдан ошди, – дейди “Goztepe Makina LTD” (Туркия) компаниясининг савдо менежери Абдулазиз Мирзоҳидов. – Биз янги узилган мева ва сабзавотларни музлатиш, қуритиш ва консервалаш ҳамда қадоқлаш каби жараёнларда лозим бўладиган замонавий технологияларни харидорларга етказиб берамиз. Шунингдек, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саралаш, тозалаш ва сақлаш учун ҳам турли хилдаги ускуналарни таклиф қилмоқдамиз.
Шунингдек, Туркиянинг яна бир компанияси – “Озстар Макина” писта, ёнғоқ ва меваларни қовуриш ускуналарини намойиш этмоқда. “Тан” МЧЖ (Украина) эса ёғ-мой саноати ускуналари, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш жиҳозлари билан иштирок этаётир.
Кўргазмада маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларнинг замонавий технология ва ишланмалари – дўкон ва супермаркетлар учун автоматлаштирилган тизимлар, мева ва сабзавотни сақлаш қурилмалари, саралаш ва қадоқлаш ускуналари, музлаткич камералари тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Кўргазманинг “Жиҳозлар уйи” бўлимида савдо марказлари, дўконлар, ресторан, бар, ошхона, меҳмонхона, новвойхона, кимёвий тозалаш хизмати учун асбоб-ускуналар намойиш этилмоқда.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг харидоргир ва рақобатбардошлиги унинг ташқи кўриниши ва қадоқланишига ҳам боғлиқ. Кўргазмада қадоқлаш ва реклама воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар таклиф этаётган маҳсулотлар шу жиҳатлари билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.
Кўргазмада иштирок этаётган маҳаллий тадбиркорлар сони ҳам йилдан йилга ошмоқда. Жорий йилдаги кўргазмада қатнашаётганларнинг 40 фоизидан ортиғи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар экани ҳам фикримизнинг исботидир.
– Ушбу халқаро тадбирда илк бора қатнашяпмиз, – дейди Хоразм вилоятидаги “Afri” хусусий корхонасининг савдо-сотиқ масалалари бўйича директори Руслан Саидов. – Мақсадимиз бозорда ўрнимизни янада мустаҳкамлаш ва хориждан харидорлар топиш. Корхонамизда сув, яхна ичимликлар ва улар учун турли ҳажмдаги идишлар тайёрланади. Шунингдек, турли ўлчамдаги бир марта фойдаланиладиган идишлар ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимизни қўшни респуб­ликаларга сотиш борасида ҳам келушувларга эришдик.
Кўргазмалар доирасида турли мавзуларда семинарлар ташкил этилиши ҳам режалаштирилган.

Акбар ҚАРШИЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.