Оиланинг туганмас “олтин хазинаси”

Бухоро вилояти

Ромитан туманидаги Атторон маҳалласида истиқомат қилувчи Саъдулла Рустамов олти сотих экин майдонидан иборат томорқасида беш ўғли ва келинлари учун ўзига хос меҳнат корхонаси яратган.

Улар иссиқхонада помидор ва бодринг кўчатларини етиштиришади. Бунинг учун дастлаб уруғ аввалдан тайёрланган, фақатгина биогомусдан иборат махсус жўякка қадаб чиқилади. Уруғ ниш отиб, икки “қулоқ” чиқарганда қум ва бошқа минераллар билан тўлдирилган елим тувакчаларга олинади. Шу тахлит қишки кўчатлар 60 кунда, баҳорги кўчатлар эса 40-45 кунда ерга ўтқазиш учун тайёр ҳолга келтирилади. Айтиш жоизки, иссиқхонада ўстириладиган экинлар ҳар бир нави бўйича ўзига хос агротехник тадбирлар амалга оширилиши боис биогомусли жўяк ҳам тувакчалар қаторида навларнинг аралашиб кетмаслигига алоҳида эътибор қаратилади. Кўплаб иссиқхоначилар ушбу жараённинг мураккаблиги, қолаверса, вақтни тежаш учун тайёр кўчатни ўтқазишни афзал кўришади. Яъни ерни тайёрлаб, иссиқхона целлофанини тортишган заҳотиёқ “суяги қотган” кўчатларни ўтқазишади. Шу орқали 60 кунлик вақт билан бирга уруғни ундириш жараёнида сарфланадиган иссиқлик энергиясини ҳам тежашади.
Томорқадаги кўчатхонада “Аксиома”, “Лилос”, “Криола”, “Белла”, “Кларабелла” сингари помидор кўчатлари мижозларга тақдим этилади. Кўчат мавсуми тугагач, иссиқхона усти очилиб, ер шамоллатилади ва экинлар очиқ майдонга ўтқазилади. Айни пайтда ёзги экинлар йиғиштирилиб, иссиқхона устига плёнка тортилмоқда. Ушбу жараён тугаши билан ниҳол учун уруғлар қадалади. Шу тахлит ер бир зум бўлса-да қаровсиз қолдирилмайди. Баҳор ўрталарида очиқ майдондаги алмашлаб экиш жараёни эса ерни “чарчаш”дан сақлайди.
Қишлоққа саноатни олиб кириш мақсадида Саъдулла ака катта ўғли Файзулла билан бирга замонавий дизайндаги йўлак плиткалари ишлаб чиқарувчи цех фаолиятини йўлга қўйди. Албатта, оила муҳитида ҳалол меҳнат фароғатига амин бўлган фарзандлар ўз ҳовлиларида ҳам иссиқхона ташкил этиб, кўчатхона юмушларидан бўшади, дегунча ўз томорқаларида экин парваришига ошиқишади.
Президентимизнинг жорий йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони илғор томорқачиларни янада руҳлантирди. Улар энди ўз ишларини янада ривожлантириш, чинакамига намунали томорқачига айланиш учун барча ҳаракатларини ишга солишмоқда.

Ҳамроз АЛИ,  
“Qishloq hayoti” мухбири.