Йўл очиқ, кўнгил тўқ, шижоат баланд

Навоий вилояти

Жорий йил ташқи савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун эсда қоларли давр бўлди. Ўтган қисқа фурсатда ишбилармонларга жуда катта имтиёз ва имкониятлар яратилди. Уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Президентимиз томонидан яқинда қабул қилинган “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон, “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлар ҳам бу борада қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида экспорт-импорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга янада енгиллик яратиш мақсадида тизимда бир неча ўзгаришлар қилинди. Хусусан, фармонда экспорт-импорт тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва махсус турдаги товарларни экспорт ҳамда импорт қилиш учун лицензиялар бериш функцияларини ягона органда бирлаштириш мақсадида лицензиялаш функцияларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўтказиш назарда тутилган. Бундан ташқари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомилларни истисно қилиш мақсадида импорт шартномаларини экспертизадан ўтказишга доир амалдаги тартиб соддалаштирилмоқда. Бундан буён қиймати 100 минг АҚШ долларидан кам миқдордаги импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш шарт эмас. Шунингдек, тендер савдолари натижалари бўйича тузилган қиймати 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган импорт контрактларини ҳам экспертизадан ўтказиш бекор қилинмоқда. Бунда тендер савдолари натижалари бўйича тузилган импорт контрактлари қўшимча экспертизадан ўтказилмасдан ҳисобга қўйилади.
“Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ эса экспорт қилувчи корхоналарнинг истиқболли хорижий савдо бозорларини фаол ўзлаштириши учун қулай шароитлар яратишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар жорий этилмоқда. Жумладан, экспорт операциялар бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзи ҳосил бўлишини ҳисоблаш муддати узайтирилиб, маҳсулот экспортга жўнатилган кундан бошлаб 120 кун этиб белгиланмоқда. Шу вақтгача бу муддат 60 кун эди. Шунинг ўзиёқ экспортчи ташкилотларнинг ҳамкорлари учун якуний ҳисоб-китоб қилишда имкониятларни оширади ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.
Энди мамлакатимиз тадбиркорлари ҳам маҳсулотларини олдиндан тўлов тўламасдан, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ва суғурта полисисиз хорижий валютада экспорт қилиши мумкин. Шундан кўриниб турибдики, уларнинг олдида бюрократик тўсиқ ва чеклов қолмаяпти.
Мазкур қарор асосида тадбиркорлик субъектларига 2017 йил 1 декабрдан бошлаб, товарларни экспорт қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисоб­рақамларига олдиндан 100 фоиз тўлов тўлангандан сўнг экспорт контракти тузмасдан инвойслар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда. Бунда янги мева-сабзавот, узум, полиз, дуккакли маҳсулотлар, шунингдек, қуритилган сабзавотлар ва меваларни экспорт қилишга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида талаблар белгиланганлигини ҳам назарда тутиш зарур.
Шунингдек, қарорда ташқи савдо фаолиятининг барча иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш, экспортдан валюта тушумларининг тушиш муддатлари объектив сабабларга кўра кечиктирилган ҳолатларда экспорт қилувчиларга нисбатан молиявий санкцияларни асоссиз қўллашга йўл қўймаслик, экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш тартиб-таомилларини соддаллаштириш ҳам кўзда тутилган.
Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш ва бюджетга тушумларни ошириш кўпинча мева-сабзавот маҳсулотларини маҳаллий экспорт қилувчилар учун яратилган имкониятларга боғлиқ бўлади. Тадбиркорлар олдида пайдо бўладиган ҳар қандай сунъий тўсиқлар, ортиқча вақт талаб қиладиган ҳужжатлаштириш ишлари соҳа ривожига катта зарар етказиши мумкин. Президентимизнинг “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Мазкур қарор асосан экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантиришга қаратилган.
Шу билан бир қаторда, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига божхона юк декларациясини расмийлаштириш кўрик ҳужжати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга ошириладиган тартиб жорий этилди. Мева-сабзавот ва тез бузиладиган маҳсулотларнинг экспорти учун зарур бўлган сертификат бериш муддати экспорт қилувчи томонидан ҳужжатлар тақдим қилинган вақтдан бошлаб бир иш кунига қадар қисқартирилди.
Президентимизнинг мазкур фармон ва қарорларининг амалда бажарилиши экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш соҳасидаги мавжуд тўсиқлар ва чекловларга барҳам бериш, экспорт салоҳиятини, энг аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарининг экспорт салоҳиятини янада ошириш, маҳсулотлар тури ва жўғрофиясини бундан-да кенгайтириш имконини беради.

Ойбек ШУКУРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг Навоий вилоятидаги ваколатли вакили.