ХАРАЖАТИ ҚУШДЕК, ДАРОМАДИ ТУЯДЕК

3_tuya

Фарғона вилояти

Риштон туманидаги туяқуш парваришлашга ихтисослашган “Straus Farm” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси бундан икки йил олдин ташкил этилган. Тез фурсатда бу ерда қушлар боқиладиган махсус бинолар қурилди ва жиҳозланди, инвестор маблағи ва банк кредити ҳисобига Африкадан 200 дона туяқуш келтирилди.

– Туман ҳокимлиги томонидан ажратилган 16 гектар майдонда туяқушларни сақлайдиган учта замонавий бино, жўжаларни парвариш­лаш биноси, инкубатория, озуқа цехи, очиқ айвонлар қурилди, – дейди корхона иш бошқарувчиси Ҳасанбой Аҳмаджонов. – Туяқуш боқиш тажрибасини ўргандик. Икки йил ичида туяқушлар сони уч бараварга ошди. Улар бизнинг шароитимизга мослашди.
Таъкидлаш керакки, туя­қушнинг гўшти ўз хусусиятлари билан мол гўштига ўхшаб кетади. Аммо унда холестерин моддаси бор-йўғи 1,2 фоизни ташкил қилади. Бу эса туяқуш гўшти парҳез таом эканлигидан далолатдир. Шунингдек, шифобахш хусусиятга эга, дармондориларга бой, қуввати бошқа парҳезбоп гўштлардан анча юқори.
Йирик қушлар сирасига кирувчи туяқушларнинг бўйи 270 сантиметр, оғирлиги 80-90 килограммгача тош босишини ҳисобга олсак, парҳез гўшт ишлаб чиқаришда унинг самарадорлиги маълум бўлади. Асосан ўсимликлар, ҳашарот ва майда умуртқали ҳайвонлар билан озиқланиши эса уларни парваришлашда енгиллик туғдиради. Бугун корхонада ўн нафар ишчи меҳнат қиляпти. Уларга барча шароит яратилган. Махсус иш кийимлари билан таминланган. Корхонада санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилинади. Барча йўллар ва майдончалар дизенфекция қилиб турилади, махсус дизобарлар мавжуд.
Корхонадаги хориждан келтирилган замонавий инкубаторияга жойлаштирилган 480 дона туяқуш тухумнинг ҳолати ходима Хуршида Тош­боеванинг доимий назоратида. Унинг таъкидлашича одатда 42 кунда туяқуш жўжалари тухумни ёриб чиқаркан. Тухумидан чиққан жўжалар барча талабларга жавоб берадиган махсус бинога жойлаштирилади. Бу ерда бир ҳафталик жўжалар озиқлантиришга ўргатилади. Жўжабоқар Илёсбек Соҳибназаров билан ветврач ва зоотехник Шерали Йигиталиев жўжаларни парваришлашга масъул. Катта туяқушларни парваришлашда эса Мадаминжон Мўминов ўзига хос тажриба тўплаган.
– Туяқушлар очиқ ҳавода сайр қилишни хуш кўришади, – дейди Ҳасанбой Аҳмаджонов. – Бироқ уларга кўк ўт берилмайди, сабаби касалликка чалиниб қолишлари мумкин. Озуқа цехимизда тайёрланадиган махсус 13 хил ўт, ем ва витаминли қўшимчалардан иборат гранулалар билан озиқлантирамиз. Унинг таркибида буғдой, маккажўхори, беда, сули,  соя, витаминли бошқа аралашмалар бор. Туя­қушлар ёпиқ бинода яхши ривожланмайди, шу сабаб кенг майдонларда сайр қилдиришга алоҳида эътибор қаратилади.
– Яқинда туман ҳокимлиги томонидан яна 50 гектар ер ажратиб бериладиган бўлди, – дейди “Straus Farm” қўшма корхонаси раҳбари Фарангиз Азимова. – Бу ерда нафақат озуқа экинлари етиштирилади, балки 2020 йилгача бинолар қурилади, туяқушларни боқиш учун барча шароитга эга майдонлар барпо этилади. Ниятимиз туяқушлар сонини 2000 бошга етказиш. Туяқушлардан олинаётган иқтисодий самара салмоқли. Айниқса, унинг парҳезбоп гўштига талаб катта. Ҳозирда Тошкент, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона, Қўқон ва бошқа шаҳарлардан буюртмалар тушяпти. Талаб­лардан келиб чиқан ҳолда тез кунларда кушхона, гўштни сақлаш омбори, кафе, терини қайта ишлаш цехи каби қўшимча бинолар қуришни бошлаб юборамиз.
Туяқуш терисидан аёллар сумкаси, тирноғидан бриллиант ва олмосларни тозаловчи кукун, патидан эса пар ёстиқлар тайёрланади.
Сирасини айтганда, туя­қуш боқиш ва ундан яхшигина даромад олиш лойиҳаси ўзини оқлади. Шу боис бугун вилоятда кўплаб тадбиркорлар унга қизиқиш билдиришмоқда, бу ерга келиб тажриба ўрганишмоқда.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.