«Майсалар қишга туплаб кирсин»

3_sirdaryo

Сирдарё тумани ғаллакорлари ана шундай тамойилда меҳнат қилмоқда

Сирдарёлик миришкорлар кузги экиш-тикиш ва парваришлаш ишларининг ўз вақтида ва меъёрида ўтказилиши мўл ҳосил  гарови эканини яхши билишади. Жорий йилда улар ўртача ҳар гектар майдондан 50 центнердан ошириб сара дон ўриб-йиғиб олишганди. Айни вақтда ғалла майдонларига юқори ҳосилли “Гром”, “Грация”, “Ғазғон”, “Лебед”, “Андижон-4” каби сара навлар экилиб, уруғ қулай муддатларда ундириб  олинаётир.

Уруғни тайёрланган майдонларга ўз вақтида етказиб беришда тумандаги “Шуҳрат” дон қабул қилиш ва уруғлик тарқатиш шохобчаси ишчи-хизматчилари жонбозлик кўрсатишаётир.
– Бу йил туманда 10 минг гектар майдонга кузги дон экиш режалаштирилганди, – дейди “Шуҳрат” уруғлик дон тарқатиш маскани омбор мудири Сайдулла Ҳотамов. – Ана шу майдонларга 2,5 минг тонна уруғлик етказиб берилди. Уруғлик тарқатиш отряд-гуруҳ усулида ташкил этилди. Ҳозиргача фермер хўжаликларига режадаги уруғ тарқатилди ва асосий майдонларда уруғ тўлиқ ундирилиб, майсаларнинг майдонда бир текис ривожланиши таъминланди. Экиш-тикиш даврида гектарига 250 килограммдан аммофос ва 50 килограммдан калийли ўғит солинаётгани майсалар ривожини янада тезлаштириб, қишга тўлиқ туплаган ҳолда киришига замин яратади.
Ғўза қатор орасига экилган ғаллани пешма-пеш суғориш ишлари ўтказилаётир. Бу эса уруғнинг барвақт униб, келгуси ҳосилга ишончли пойдевор яратилишига хизмат қилади. Тумандаги “Тинибек бобо”, “Авесто Зардўшт”, “Шодлик”, “А.Темур”, “Тилов Юсуфалиев”, “Бахтиёр Муслимбек”, “Абдулла Усмонов” фермер хўжаликларида эса барвақт экилган уруғ тўла ундириб, туплатиб олинди.
Туман ғаллакорлари ҳозир бор эътиборни ғалла ривожини янада тезлаштиришга қаратмоқдалар.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.