Ҳар қарич ер қадрли

Фермерлик ҳаракати бошланган дастлабки йилларда унинг келажагига шубҳа қилган, айни пайтда бу ишни осон даромад топиш манбаи, дея енгил-елпи қараган, бошқача айтганда, соҳага адашиб кириб қолганлар ҳам бўлди. Чунки фермернинг иши бир қарашда осон кўринади: хўжалик раҳбари ўзи, илгаригидек ҳар куни кимгадир ҳисоб бериш, режа ортидан қувиш йўқ. Атрофида яқин одамлари ишлайди. Хуллас, ер олиб экин экасану, ҳосилни йиғиштириб олаверасан.

Аслида бу тинимсиз машаққатли меҳнат, катта тажриба ва сабр-тоқат талаб қиладиган, одамларнинг ризқ-насибаси, керак бўлса, тақдири билан боғлиқ улкан масъулият эканини ҳамма ҳам бирданига англаб етмади. Соҳага доимий эътибор натижасида фермерлик ҳаракати ривож топди. Йиллар тажрибаси юқори ҳосил олиш, ерни яшнатишга ишбилармон фермергина қодирлигини кўрсатди. Энг муҳими, фермерларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имтиёз ва қулайликлар самарасида одамларимиз эски тузумдан қолган боқимандалик кайфиятидан халос бўлди.
Ҳеч истисносиз айтиш мумкинки, фермер қишлоқдаги жадал ва барқарор ривожланиш­нинг, қишлоқдошларининг муносиб ҳаёт даражаси ва сифатини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг ташаббускори бўлиб майдонга чиқмоқда. Унинг зиммасига юкланган масъулият ерга, мулкка ва зарур ишлаб чиқариш воситаларига бўлган чин эгалик муносабати, ислоҳотчилик кайфияти билан замондошлари онгида янгиланиш жараёнларига нисбатан чуқур дахлдорлик ҳиссини тарбияламоқда. Жамиятнинг соғлом фикрловчи кишиси бўлиб ўзига, оиласига ва мамлакатга кўпроқ наф келтиришга ундамоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда жорий йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйи­ча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Эндиликда мазкур ҳужжатлар асосида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини янада қўллаб-қувватлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлаш, пировард натижада ер эгаларининг даромадларини кўпайтиришга бўлган муносабатлар тубдан ўзгаради.
Президентимизнинг фармон ва қарори билан соҳада уч асосий муҳим ўзгариш бўляпти. Аввало, фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларининг манфаатлари ва қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган янги тузилма ташкил этилди. Унинг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функциялари кучайтирилди. Ер эгаларининг ерга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга қаратилган мезонлар ва ниҳоят ердан фойдаланишни рағбатлантириш, фермер хўжалик­лари, томорқа ер эгаларининг ишлаб чиқариш қувватини оширишга доир чора-тадбирлар мустаҳкамлаб қўйилди. Қисқа вақт оралиғида тегишли қонун ҳужжатларига мазкур фармон ва қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Жиззах вилоятида айни шундай кайфият, уддабуронлик билан меҳнат қилаётган фермер хўжаликларини мисол қилиб келтириш мумкин. Вилоятимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, уни қишлоқда етакчи кучга айлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида кўптармоқли фермер хўжаликлари сафи кенгайиб, улар томонидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айни пайтда вилоятимизда 12 мингдан ортиқ фермер хўжаликларидан 5 минг 426 таси кўп тармоқлидир. Улар томонидан ғалла ва пахта билан бир қаторда, асал, балиқ, парранда гўшти каби озиқ-овқат маҳсулотларининг халқимиз дастурхонига етказиб берилаётгани далил бўла олади. Кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 1790 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 8 минг 400 дан зиёд янги иш ўринлари яратилади. Фермер хўжаликларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш ҳажми кўпаймоқда. Жорий йилда ҳудудимиз фермерлари 205 минг 500 гектар майдонда 600 минг тонна ғалла етиштирдилар. Сувли майдонлардаги ғалла ҳосилдорлиги ўртача 51,2 центнерни ташкил этди.
Фермерларимиз интенсив боғлар токзорлардан ҳам мўл ҳосил олишмоқда. Боғлар асосан, табиий иқлим шароити қулай бўлган Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах, Зомин, Фориш, Янгиобод каби тоғолди туманларда барпо этилмоқда.
Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 2 минг 450 гектардан зиёд майдонга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилганди. Бунинг самарасида бозорларимиз сабзавотлар билан таъминланди. Бундан атиги 4-5 йил аввал ҳам мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларидан келтирилган эртаги мева-саб­завотнинг барча турлари энди вилоятимизнинг ўзида етиштирилмоқда.
Вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Уларнинг тайёрлов, етказиб берувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан дебиторлик қарздорликларини ундириш борасида ҳам муайян ишларни амалга оширмоқда. Кенгашнинг бевосита амалий ёрдами билан 550 та фермер хўжалигининг тайёрловчи ташкилотлардан ҳақдорликларини ундириш бўйича иқтисодий судларга 2948,1 миллион сўмлик даъво аризалари киритилди. Бунинг натижасида 526 та фермер хўжалиги фойдасига 2730,4 миллион сўм маблағ ундириш бўйича иқтисодий судларнинг қарорлари қабул қилинди. Бундан ташқари, 4229,6 миллион сўмлик иқтисодий, молиявий, бошқа масалалар юзасидан берилган маслаҳат ва ҳимоя қилиш ишлари бўйича мурожаатлари қаноатлантирилди.
Юқоридаги фармон ва қарорлар асосида ҳар қарич ердан унумли фойдаланиш, ер эгаларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, шунинг баробарида, уларда шахсий масъулият ва жавобгарлик ҳиссини ошириш, қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини янада кенгроқ жорий этиш, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган камчиликларни узил-кесил бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Айни пайтда вилоятимиздаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа майдонларида етиштирилади. Эндиликда ер майдонларидан самарасиз фойдаланаётган, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажармаётган, экин экмаган фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгаларидан ер участкаларини олиб қўйишгача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилганки, бу, ерга бўлган масъулиятни янада ошириши билан аҳамиятлидир.
Сирасини айтганда, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳага оид қонун ва қонун ости ҳужжатлари халқимиз турмуш фаровонлигини оширишнинг асосий манбаи бўлган ерга муносабатни тубдан ўзгартирмоқда.

Анорбой ЭШМАТОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Жиззах вилояти Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси.