Устоз кўрган фермер узоққа боради

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Андижон вилояти

Бўз туманидаги “Ферузбек Қодиров” фермер хўжалиги дастлаб пахта-ғалла йўналишида ташкил этилган эди. Фермер Баҳодир Қодиров деҳқончилик борасида отаси – тажрибали иқтисодчи Қодиржон Турдиевнинг маслаҳатларига қулоқ тутди. Ишида олдинга силжиш кўрина бошлади. Дала шийпони қурди, техника сотиб олди. Асалари парвариш қилишни ўрганди. Сўнгра қорамол боқишга жазм этди.

– Жайдари сигирлар барибир мен кутган натижаларни бермади, – дейди фермер. – Шунда отамга бу ҳақда сўз очдим. Отам эса қорамол боқиш осон эмаслигини айтар экан, атрофдаги фермерларнинг ишларини кўришимни ва хулоса қилишимни уқтирди.
Шунда Баҳодир кўплаб чорвадор фермерларнинг ишини кўрди ва бир-бирига қиёслаб чиқди. Ахийри Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоиловга шогирд бўлишга аҳд қилди. Ундан билмаганларини сўрашдан чарчамади. Фахриддин Исмоиловни фермер хўжалигига таклиф этди.
– Ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди, – деди шунда Фахриддин. – Сиз банк билан ишлашни ўрганинг, ҳеч бўлмаса юз бош қорамол сиғадиган бино ва бошқа иншоотларни қуринг, тайёр бўлганида менга айтасиз. Бу ишларингиз мени қаноатлантирса, сизга ҳадемай сигир бўладиган бузоқлардан юз бошини бераман.
Орадан бир йил ўтгач, Баҳодир устозини хўжалигига таклиф этди. Қурилишнинг икир-чикиригача кўрган Фахриддин шогирдининг ишидан кўнгли тўлди ва вада қилган бузоқларни ажратиб берди.
Яқинда “Ферузбек Қодиров” фермер хўжалигида бўлганимизда ўша бузоқчалардан насл олишаётганига кўзимиз тушди. Фермернинг айтишича, ҳозиргача ўн тўрт бош бузоқ олинибди. Озуқанинг ширадорлиги эвазига ёш сигирлар биринчи туғма шароитида ўн беш килограмм­дан юқори миқдорда ёғлилик даражаси 3,6-3,8 фоиз сут бермоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, зоотехник ҳамда ветеринарнинг таҳлили бўйича келгуси йилнинг биринчи чорагида уларнинг барчаси бузоқлайди. Ҳозирнинг ўзида бир қатор сутни қайта ишловчи корхоналарнинг мутасаддилари шартнома тузишни таклиф этишаётир.
Банк билан ишлашни пухта ўзлаштириш фермер учун зарурат эканлигини англаган ва уни амалда кўрган Баҳодир Қодиров янги режалар устида бош қотирмоқда. У “Агробанк”нинг Бўз тумани бўлимидан олган икки юз эллик миллион сўмлик кредитни уч йилда қайтариши керак эди. Амалда эса ушбу муддат олти ойга қисқарди. Қаторасига ғалла ва пахтадан юқори ҳосил олиш эвазига келган даромад фермерга “дармон” бўлди. Ўз навбатида, туман ҳокимлиги фермерни қўллаб-қувватлаб, озуқа майдонини кенгайтириб бердики, эндиликда ширали озуқа-емнинг барчаси хўжалик даласида етиштирилмоқда.
Баҳодир Қодировдан ўрнак олаётган Содиқжон Абдуллаев, Бобур Равшанбеков, Соибжон Мирзаев, Одинахон Эргашева, Насибахон Мирзаабдуллаева каби чорвадорлар зотли қорамоллар парваришини пухта ўзлаштиришмоқда. Озуқа тарқатиш, молхонани тозалаш, сигир соғиш, биринчи навбатда, бузоқларни меъёрида озиқлантириш каби узвий юмушлар белгиланган вақтда ўз ижросини топаётир.
Баҳодир эса яқин вақтга мўлжалланган режалар ижроси билан банд. Ҳадемай, олинаётган бузоқлар катта бўлади. Шундан сўнг қорамолларнинг бош сони кўпайиши барқарор тусда давом этади. Шу боис икки юз бош қорамол сиғадиган бино барпо этиш ҳаракати бошланди. Бунда ҳам “Агробанк” мададкор бўлмоқда. Ана шундан сўнг қўл меҳнатига барҳам бериш сари яъни илғор технологияни жорий этишга навбат келади.
Президентимизнинг жорий йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2022 йилининг 1 январига қадар кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади.
Ушбу фармон моҳиятини теран ҳис этган Баҳодир Қодиров музқаймоқ ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳақида режа тузмоқда. Туман марказининг сўлим гўшаларидан бирида музқаймоқ савдосини ташкил этиш ҳам ҳисобда бор. Фермернинг отаси тажрибали иқтисодчи Қодиржон Турдиев ўғлининг устоз танлаш борасида адашмаганлигига ич-ичидан қувонади. Отанинг айтишича, бугун савоб топаман, деган тадбиркор фермер ишчи ўрни яратади. Ўғлининг ҳаракатларида эса буни кўраётган Қодиржон ота ҳамиша дуода.

Қобилжон АСҚАРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.