Равшан аканинг сўзамол майналари

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Сурхондарё вилояти

Термиз шаҳридаги Байналмилал маҳалласида яшовчи Равшан Саидов фарзандлари билан майна боқиб, уларни гапиртиришга муваффақ бўлди.

Равшан аканинг таъкидлашича, одатда майналар табиий шароитда узоғи билан 5-7 йил яшайди. Қафасда боқилса аксинча, 10-15 йил умр кўрар экан. Шунингдек, битта уйда иккита майна қуш боқилса, ҳеч қачон гапирмайди, у ёлғиз бўлиши керак.
– Очиғи, шу вақтгача 7 та майна қуш боқиб, уларни гапиртиришга ҳаракат қилдим, – дейди Равшан ака. – Бразилия лақабли майнани 2014 йилнинг 12 июнидан боқиб келяпман. Майна қушларга бир-икки ойлигидан бошлаб “амалий машғулот” ўтказиш зарур, йўқса, бирор натижага эришиш қийин бўлади.
Бразилия уч ёшда бўлса-да, энди “тили” чиқаётган экан. Айни пайтда у  20 тача сўзни ва ўнлаб жумлаларни эркин айта олади. Мисол учун: “Ассалому алайкум, яхшимисиз?”, “Ғоибжон, яхши келдингми?”, “Равшан”, “Наргиза”, “Икром”, “Акбар”, “Димка” ва ҳ.к. Ушбу гапирувчи антиқа қушга кўпроқ Равшан аканинг катта ўғли Ғоибжон қарайди. Унга тилдан “дарс” ўтади.
– Ҳозирда севимли қушчамга рус ва инглиз тилларда сўзлашишни ўргатмоқдаман, – дейди Ғоибжон. – Бразилия жуда хушчақчақ. У бошқа майналарга сира ўхшамайди. Ҳатто бирон-бир мусиқани эшитса, унга тақлид қилишга ва жумлаларни такрорлашга ҳаракат қилади.
Яна бир гап. Бу ноёб қуш қафасидан чиқиб, ҳовлида эркин юради, лекин сира учиб кетмайди. Ҳар куни уй эгалари билан бирга нонушта қилади, овқатланади.

Чори ПАРДАЕВ