Тўйдан мақсад нима? Пул қистириб ўзни кўрсатишми?

Бир тўйда бошловчи жуда сўзамол йигит экан, микрофонни қўлга олиб, сўзини хонадон эгаларини мақташдан бошлади. Энг аввало, уйланаётган йигитнинг бобоси ва момосига уларни мақтаб-мақтаб тўйни очиб бериш учун сўз берди. Улар узр сўраб, даврага чиқа олмаслигини айтишди. Даврабоши эса “йўқ, очиб беришмаса, бўлмайди” деб туриб олди. Отахонни қўлтиқтаёғи билан суяб, онахонни белларидан тутиб, аранг олиб чиқишди. Тўқсондан ошган кекса ота билан момо зўрға гапирди.

– Хуш келибсизлар, илоё бахтли бўлинглар, – деди отахон.
Микрофонни кекса момога беришди:
– Мен нимаям дердим, чолимни гапига қўшиламан…
Микрофонни шитоб билан олган давра сухандони гапни илиб кетди:
– Шу ерда ўтирган барча меҳмонларга, келин ва куёвларнинг ўртоқларига, шу қария­лар умрини тилаймиз. Энди сизлардан илтимос, янграйдиган шўх қўшиғимизга бир хиром этиб берасиз.
Қулоқни қоматга келтирувчи овоз кучайтиргичлардан ажнабий мусиқага солинган эстрада қўшиғи янгради. Кекса чол билан кампирнинг қўл кўтаришга мажоли йўқ эди. Ота қўлтиқтаёғини маҳкам ушлаганча қўллари ва оёқларини қалтиратиб турди. Даврада савлат тўкиб ўтирган қариндош-уруғ, қуда-анда, ёшлар уларнинг устига ёпирилиб келиб, худди қарзларини узаётгандек қўлларига пул бериб кета бошлашди. Қўшиқчилар томонидан ёлланган бир йигит фурсатни бой бермай, аранг чайқалиб турган кексаларнинг қўлларидаги пулларни ола бош­лади. Пул икки қарияга берилиши ҳамоно ҳалиги йигит уни илиб кетарди.
Сўнгра сухандон куёвнинг ота-онасига тилак учун сўз берди.
– Мана биз орзиқиб кутган кун келди, – деди ота қаддини ғоз тутиб. – Ишладик, пул топдик, тўй қиляпмиз. Олдингизга қўйилган ноз-неъматлар сизларга мунтазир.
– Илойим, сизларга ҳам мана шунақа тўй насиб этсин, – деди куёвнинг онаси. – Тўйимизни ҳеч кимдан кам қилмаймиз деб ҳаракат қилдик. Бу бош­ланиши. Ҳали яна бир ўғлим, икки қизим бор. Уларнинг тўйларини ҳам шунақа тўкин-сочин қиламиз, насиб этса…
Ота-онанинг аҳдини қаранг. Боламиз яхши жойларда ўқисин, яхши мутахассис бўлсин деб эмас, бўлажак тўйларини бундан ҳам тўкин-сочин қиламиз, деб ният қилди.
Сўзамол давра бошловчиси эса ота-онани роса ўйнатди. Ота-онага пул ёғилди. Пул қистираётганлар эса уни кўзларига кўрсатиб, чаккаларига илишарди… Аммо улар бир лаҳзада санъаткорлар томонидан ёлланган “хушёрбек”нинг тўрига тушарди.
Кейин ёшларнинг яқинларига, дўстларига сўз берилди. Пул қистиришлар ҳам камайди. Чунки ҳамманинг ҳамёни бараварига бўшаётган, йиғилган пуллар эса  қўшиқчиларнинг жомадонларига ўтиб кетаётган эди.
Тўй охирлаган сари ёшлар даврани бўшатмай қўйди. Сал наридан кузатган одам ёшлар жазавага тушиб ўйнаётганларидан ҳайрон бўларди. Ашулаларга эса тоқат қилиб бўлмайди.
Келин ахтариб бордим Андижонга, вой-ей, вой-ей,
Келин ахтариб бордим Қашқадарёга, вой-ей, вой-ей,
Келин ахтариб бордим Наманганга, вой-ей, вой-ей,
Келин ахтариб бордим Қўқонжонга, вой-ей, вой-ей,
Келин ахтариб бордим Марғилонга, вой-ей, вой-ей…
Тўйда ота-онани ҳурмат қилишга ундайдиган одамийликни тарғиб этадиган мумтоз ашулалар айтилмади, ҳисоб.
Ким ўзарга қилинаётган бундай тўйларни фарзандларимизга бахт тилаб қиляпмизми ёки одамларга кўз-кўз қилиш учун? Ёки санъаткорларга пул қистириш учун?! Сиз нима дейсиз?

Ҳамиджон БУРҲОНОВ