Ҳар бир мурожаат ортида эл дарди бор

Хоразм вилояти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қўшкўпир туманидаги Халқ қабулхонасида ҳар қачонгидан ҳам иш қизиган. Айниқса, туман ҳокими, прокурори, солиқ идораси ва ички ишлар бошлиқларининг фуқароларни қабул қилиш кунлари одам янада гавжум бўлади.

Одамлар бевосита раҳбарлар билан юзма-юз бўлиб, ўзларини қийнаб келаётган муаммоларни айт­моқдалар. Аҳолининг шикоят ва аризалари мутассадди ташкилот раҳбарлари билан шу жойнинг ўзида ҳал қилинмоқда.
Халқ қабулхонаси ташкил этилгандан буён туман аҳлидан жами 11960 та мурожаат қабул қилинди. Шулардан 552 таси ёзма равишда бўлса, 664 таси оғзаки мурожаатлардир. Ёзма аризаларнинг 84 таси вилоятга ва бошқа туманларга ўрганиш учун юборилди.
Масалан, туман марказий поликлиникасида ҳамшира бўлиб ишловчи Нилуфар Ашурова иш ҳажми 0,5 ставкадан 0,25 ставкага туширилганлиги, икки ойдан буён унинг норозилик аризаси қаноатлантирилмаётгани юзасидан мурожаат этган эди. Бунинг сабаби ўрганилиб, фуқаронинг иши яна 0,5 ставкага қайта тикланди.
Гурлан тумани Дўсимбой қиш­лоғилик Солияжон Абдуллаеванинг шикоят аризасида қайд этилишича, у ишлайдиган 15-сонли “Шалола” мактабгача таълим муассасаси 2017 йил июль ойида компьютер ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун ўтказилган  биржа савдоларида ғолиб чиққан. Уларни олиш учун Қўшкўпир туманидаги “Жалолбек-Азизбек” ва “Янги Бунёд” савдо корхонасига 100 фоиз тўлов амалга оширилган. Аммо шунга қарамай маҳсулот ҳалигача берилмай келинмоқда экан. Халқ қабулхонаси вакиллари шикоятни ўрганишга киришиб, ишга аралашгач, мактабгача таълим муассасасининг маҳсулотлари мазкур савдо корхоналаридан олиб берилди.
Навбатдаги мурожаат “Оқ мус­танг лидер” МЧЖ раҳбари А.Нуржоновдан бўлиб, унда шундай дейилади: “Жамиятимиз 2017 йилнинг 1 февралидан аҳолининг кундалик эҳтиёжи учун пахта чиқиндилари ва иккиламчи қоғоз маҳсулотларидан қоғоз сочиқ, турли хил қоғозларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Эндиликда ўзимиз ишлаб чиқарган маҳсулотларни четга экспорт қилишни ҳам мўлжаллаб турибмиз. Корхонада 40 нафар киши иш билан таъминланган. Биз маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашёни асосан пахта заводларидаги чиқиндилардан оламиз.
Хомашё олиш учун 2017 йил 18 майда 18-сонли, 2017 йил 12 июнда 19-сонли ва 2017 йил 7 сентябрда 21-сонли хатлар билан “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясига мурожаат қилдик. Аммо улардан жавоб ололмаяпмиз. Мана икки ойдирки, ишчиларимиз ишсиз қолишяпти…”
Бунга жавобан “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясидан қуйидагича жавоб олди: “Ўтган йилги пахта ҳосилидан заводларда пахта чиқити ва калта момиқ аралашган чиқиндилар қолмаган  ва бу йилги ҳосилдан октябрь ойининг иккинчи ярмидан “Оқ мустанг лидер” МЧЖга хомашё бериш чоралари кўрилмоқда”.
Туман газ таъминоти корхонаси назоратчиларининг айби билан Шиҳмаҳшад қишлоғида яшовчи Клара Қутлимуродовага ортиқча 347000 сўмлик қарздорлик ёзиб қўйилган. Бу мурожаат ҳам жойида ҳал этилиб, фуқаронинг талаби қондирилди.
– Ҳозирги кунда фуқароларимиздан турар жой, аҳоли бандлиги ва табиий газ етишмовчилиги каби масалаларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда, – дейди туман Халқ қабулхонаси мудири Отагалди Бобожонов. – Уларни ҳам мутассадди ташкилотлар билан биргаликда ҳал қиляпмиз.
Сирасини айтганда, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ўзининг самарасини бермоқда.

Болтабой МАТҚУРБОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.