Сирдарё ҳавзаларидаги «хазина»

pl2yt-5iapzgxyqf3bndentopkgzp9qz

Вилоятда  гўшт, тухум, балиқ, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш борасида   қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Буларнинг  самарасида  йирик чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари ташкил  этилаётир.

Вилоятда, айниқса, балиқчиликни ривожлантиришга тижорат банклари томонидан кўплаб сармоялар йўналтирилаётганлиги самарасида маҳсулот етиштириш ҳажми ўсиб, жойларда юзлаб янги иш ўринлари барпо этиляпти.
“Янгиер балиқ” МЧЖ Янгиер шаҳри ва Мирзаобод туманидаги йирик балиқчилик хўжаликларидан бири саналади.  Фаолияти тўхтаб қолган хўжаликни ака-ука Толиб ва Ўктам Нурмуҳаммедовлар қайта оёққа турғазиб, вилоятдаги мўл парҳез маҳсулот ва балиқ чавоғи етказиб берадиган йирик хўжаликка айлантиришди. Аввало, бу ерда майдони 370 гектарни ташкил этадиган 7 та кўлни қазиш, таъмирлаш, ҳудудда янги иншоотлар барпо этиш ишлари тезкорлик билан бажарилди. “Қишлоқ қурилиш банк”нинг Янгиер филиалидан олинган сармоя ҳисобига хўжаликка 2 та юк ташиш, 3 та балиқ ташиш ва яна шунча автомашина сотиб олинди. Сув йўлларини тартибга келтириш, кўлларни балиқ ейдиган хушхўр ўт-ўланлар билан тўлдириш, ҳудуд шароитига мос, тез ривожланадиган балиқ зотларини танлаш, саралаш бўйича изланишлар олиб борилди. Қатъий саъй-ҳаракатлар натижасида “Янгиер балиқ” МЧЖнинг умумий майдони 1100 гектарга етказилди.
Уларнинг изланиш ва интилишлари туфайли хўжаликда йилига 100 тоннадан ошиқ балиқ етиштирилиб, вилоят аҳли ҳамда Чиноз бозорига етказиб берилаётир. Жорий йилнинг ўн ойида аҳоли дас­турхонига 80 тоннадан зиёд парҳез маҳсулот тортиқ этилди. Бундан ташқари, бу ерда йилига 7,5 тоннадан ошиқ чавоқ етиштирилиб, балиқчилик хўжаликларига сотилаётир.
Вилоятда балиқчилик хўжаликларини кўпайтириш, аҳолини арзон парҳез маҳсулот билан таъминлаш борасида  кейинги йилларда катта лойиҳалар амалга оширилди. 2017 йилнинг ўзида 50 дан ортиқ янги ташкил этилган балиқчилик хўжаликларига банклар томонидан мақсадли кредитлар берилди. Ҳозирга келиб вилоятда балиқчилик хўжаликлари сони 330 тадан ошди. Жорий йилнинг ўзида ана шу хўжаликларда 3500 тоннадан ошиқ балиқ аҳоли дастурхонига етказиб берилди.
– Вилоятда балиқчиликни бундан кейин ҳам жадал ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, – дейди Сирдарё вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдуазим Хидиров. – Дастурга кўра, 2018 йилда Мирзаобод туманида йилига 50 минг дона чавоқ етиштирадиган инкубация цехи барпо этилади. Бундан ташқари, Сайхунобод туманидаги “Сирли кўл сири” агрофирмасида балиқни қайта ишлаш, консервалаш корхонаси ишга туширилади. Рўёбга чиқариладиган лойиҳалар самарасида балиқчилик вилоятда сердаромад соҳага айланмоқди.

Бозорбой БЕКМУРОДОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.