Сурхондарёда пекан ёнғоғи етиштирилади

3_pekant

Сурхондарё вилояти

Денов туманидаги “Дендрарий” боғида олимларнинг субтропик ўлкалар ўсимликларини вилоят иқлимига мослаштириш йўлида олиб бораётган илмий изланишлари ижобий натижа бермоқда. Ҳозир бу ерда чет элдан келтирилиб, парваришланаётган дарахт кўчатларининг тури 600 тадан ошди.

Хусусан, дуб, каштан, қрим арчаси, япон сафораси, хитой бамбуги, австралия акацияси каби дунёнинг тропик ва субтропик мамлакатларига хос бўлган ноёб бута дарахтлари ҳамда ўсимликлар кўпайтирилмоқда. Ҳудуд иқлим шароитига тўла мослаштирилган айрим мевали ва манзарали субтропик дарахт кўчатларини экиш бўйича эса истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тавсия қилинаётган серҳосил дарахтлардан бири пекан ёнғоғи бўлиб, унинг асл ватани Шимолий Америкадир. У мамлакатимизга 1945-йилларда Қримдан олиб келинган. “Дендрарий” боғида ушбу дарахтнинг 10 га яқин тури мавжуд. Айни пайтда унинг янги нав намуналарини танлаш мақсадида илмий кузатув ишлари олиб борилмоқда. Мутахассисларнинг айтишича, пекан ёнғоғи дарахти ўртача 300-400, ҳатто, 500 йилгача умр кўриб, 300 йилгача мева беради. Боғдаги 45-50 ёшли пекан дарахт­ларидан 250-270 килограммгача ҳосил олишга эришилган. Бундан ташқари, пекан ёнғоғи совуққа чидамли. Унинг таркиби фойдали микро ва макроэлементларга бой бўлиб, ёғ миқдори 80-85 фоизни ташкил этади. Дарахтнинг илдизи камида 20-30 метр чуқурликкача боргани туфайли сувсизликка бардошли. Мутахассисларнинг таъкидлашича, воҳанинг табиий иссиқ иқлим шароитида етиштирилган бу тур ёнғоқлар бошқа ҳудудларда етиштирилганига нисбатан  фойдали витамин ва моддаларга бой бўлади.
Президентимизнинг юртимиз тоғ ва тоғолди ҳудудларида чилонжийда экиш, ёнғоқ плантация­лари ташкил этиш каби эзгу ташаббуси вилоят олимларини ҳам руҳлантирди. Улар бу борада қатор лойиҳалар ишлаб чиқиш, уни амалиётга кенг жорий этиш устида изланмоқда. Ана шу лойиҳалардан бири – пекан ёнғоғи етиштиришдир. Ташаббус ва ҳаракат ҳамоҳанг, демак, ҳадемай Сурхондарёда пекан ёнғоқзорлари кўпаяди.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.