Деҳқон даромади янада юксалади

xurmo-01

Наманган вилояти

Наманган вилоятининг боғу далаларида деҳқон меҳрию меҳнати билан етиштирилаётган сархил мева-сабзавотлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам машҳур. Ҳозирги кунда вилоятда 100 турдан зиёд мева-сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар АҚШ, Бразилия, Вьетнам, Индонезия, Россия,  Хитой, Япония, Малайзия сингари элликдан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Президентимиз жорий йилнинг 7 июль куни вилоятга ташрифи чоғида Тўрақўрғон туманидаги “Gold Fresh Fruits” масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳалари билан танишар экан, вилоятда боғдорчиликни ривожлантириш, меваларни қайта ишлаш, экспортини йўлга қўйиш истиқболлари борасида муҳим кўрсатмалар берди. Хусусан, 300 нафардан ортиқ киши меҳнат қилаётган мазкур жамиятнинг 482 гектарлик боғ майдонини яна 400 гектарга кенгайтириш таклифини бериб, йилига ўн минг тонна маҳсулот етиштириш, 30 миллион АҚШ доллари ҳажмида экспорт қилиш зарурлигини таъкидладилар.
Президентимизнинг 2017 йилнинг 6 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ маҳаллий экспорт қилувчилар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиб-қоидалари янада соддалаштирилди. Қарорда таъкидланганидек,  мамлакатимиздан экспортга йўналтирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг 90 фоизидан ортиғи кичик ишлаб чиқарувчилар томонидан ёрдамчи хўжаликларда, хонадонларнинг томорқаларида  етиштирилмоқда. Улар шу пайтга қадар мавжуд тартиб-қоидаларнинг мураккаблиги боис маҳсулотларини мустақил равишда экспорт қилиш имкониятига эга эмасдилар. Эндиликда  экспорт контракти тузмасдан тўлов ва етказиб бериш бўйича шартномаларга  риоя қилган ҳолда инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.
Божхона томонидан экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқотиш нормативини ҳисобга олиш тартибидаги ўзгариш ҳам хўжалик юритувчи субъектларга асоссиз дебитор қарзлардан, жарималар тўлашдан холи бўлишини таъминлайди.
Шунингдек, қарор асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича берилаётган имтиёзлар, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига божхона юк декларациясини расмийлаштириш кўрик ҳужжати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилиши тартибининг жорий қилиниши, тез бузиладиган мева ва сабзавот, қайта ишланган маҳсулотлар экспортига сертификат олиш учун  тақдим этилган ҳужжатлар узоғи билан бир иш кунида ҳал этилиши, янги инфратузилмаларнинг яратилиши, маҳсулотларни ишлаш, сақлаш ва ташиш бўйича логистика марказлари ташкил этилиши, хорижлик харидорлар учун ахборот базаларининг ягона  порталга бирлаштирилиши мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштиришга ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Буларнинг барчаси деҳқон учун қулайлик яратади. Шунинг баробарида Наманган меваларининг шуҳрати дунё­га таратишига муносиб шароит яратилади. Энг муҳими, деҳқон даромади ошиб, эл фаровон, юрт обод бўлишига мустаҳкам замин қўйилади.

Равшанбек МИРЗАОЛИМОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.