Одил қарор – ишга барор

Иқтисодий судлар томонидан юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодий низо ва муаммоларни адолатли ҳал этиш орқали уларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Энг муҳими, иқтисодий судларнинг вазифаси масалани одилона ҳал қилиш, тадбиркорлик субъектларига молиявий зиён етказмаслик, аксинча, ёрдам бериш чораларини кўришга қаратилган. Хусусан, судларга берилаётган аризаларни суд мажлисларида кўриш жараёнида айрим ҳолларда даъвогар ва жавобгар томонларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмаслиги ёки етарли ҳуқуқий саводхонликка эга бўлмаслиги, тадбиркорлик фаолия­ти субъектларига нисбатан асоссиз равишда даъво аризалари киритилиши ҳолатлари ҳам учрайди.
Жумладан, Ўзбекис­тон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бош­қармаси даъвогар “Aгробанк”нинг Зарбдор филиали манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар “Ўткир довони” фермер хўжалигидан асосий кредит суммаси  ва фоизидан жами 12056000 сўм қарзни ундиришни сўраган. Суднинг ажрими билан банк ишга даъвогар сифатида жалб қилинган.
Суднинг жорий йил 25 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси асоссиз деб топилиб, уни қаноатлантириш рад этилган. Суд жараёнида палатанинг ҳудудий бошқармаси раҳбари Х.Номуротов томонидан “Ўткир довони” фермер хўжалигига нисбатан эътиборсизлик билан асоссиз равишда даъво аризаси киритилганлиги тасдиғини топди. Ваҳоланки, даъвогар ўзига ажратилган имтиёзли кредит маблағи ва унга ҳисобланган фоизларни судга даъво аризаси берилгунга қадар тўлиқ тўлаган.
Судга даъво аризаси киритилгунга қадар қарздорлик тўлиқ тўлаб берилганлиги, даъво аризаси келиб тушган санада низо мавжуд бўлмаганлиги ва палата томонидан эътиборсизлик билан асоссиз равишда даъво аризаси берилганлиги боис ҳал қилув қарори билан даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган ва фермер хўжалигининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд томонидан ҳимоя қилиниши таъминланган.
Шунингдек, суд мазкур қонунбузилиш ҳолати бўйича ўз муносабатини билдириб, йўл қўйилган қонунбузарлик ва эъти­борсизликни муҳокама қилган ҳолда келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси мас­ъул ходими Х.Номуротовга нисбатан белгиланган интизомий жазо чорасини қўллаш масаласини ҳал қилиш ҳақида фаолият кўрсатаётган муассасага тақдимнома юборишни лозим деб топди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, мамлакатимизда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баравар муҳофаза этилиши қонунга асосан давлат томонидан кафолатланади.

Машраб ЗИЯМИТДИНОВ,
Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси.