Қадр-қиммат қомуси

3_kons

Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига

Конституциямиз, аввало, миллатнинг юзи, халқ эркининг ифодаси, жамият тараққиётининг асосидир. Энг муҳими, Бош қомусимизнинг ғояси, асосий принцип ва қоидалари умумэътироф этилган халқаро талаблар билан бирга, халқимизнинг минг йиллар давомида шаклланиб келган қадриятларини ҳам ўзида мужассам этган.

Бугун Конституциямизнинг асосий принциплари ва қоидалари негизида қабул қилинган қонун ва дастурлар бўйича давлат қурилиши, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда босқичма-босқич ва изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини бутун дунё тан олаётганини кўриб, асосий Қонунимиз белгилаб берган мустақил тараққиёт йўли нақадар тўғри эканига такрор ва такрор ишонч ҳосил қилмоқдамиз.
Конституциямиз халқаро ҳуқуқий меъёрларга ва андазаларга, миллатимизнинг урф-­одат ва анъаналарига, давлатчилигимиз тарихий меросига тўла мос келади. Унинг тузилиш мазмуни – “шахс – жамият – давлат” кўринишида ифодалангани эса инсон ҳақ-ҳуқуқлари олий қадрият этиб белгиланганини намоён этади.
Асосий қомусимизга амал қилган ҳолда олиб борилаётган барча соҳалардаги  ислоҳотлар фуқароларнинг дунё­қарашида туб ўзгаришлар я­сади. Уларда атрофдаги воқеаларга мустақил нуқтаи назар билан қараш, ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлиқ ҳолда ҳис этиш каби инсоний туйғуларни шакллантирди.
Конституцияда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларининг вазифалари аниқ ажратиб қўйилган. Бу давлат ҳокимиятининг битта орган ва бир шахс қўлида бўлишининг олдини олади, шу билан биргаликда, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияларга тўла мувофиқ келади. Бу Конституциямизнинг янада халқчиллигидан далолат беради.
Бош қомусимиз мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолатидир.
Президентимизнинг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, юртдошларимиз, айниқса, ёшларимиз қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз фармонига кўра, Ўзбекистон Рес­публикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан ҳамда мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони таъсис этилди.
Бу эсдалик нишони билан барча соҳа вакиллари тақдирланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – инсонларнинг озод ва обод яшаш, меҳнат қилиш, илм олиш, фикр­лаш, сўзлаш, сайлаш ва сайланиш, никоҳ тузиш, тиббий хизмат турларидан, турар жой дахлсизлиги, тил ва эътиқод эркинликларидан фойдаланиш ҳуқуқларининг асосий кафолатидир.

Нозимжон АНВАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистикаси қўмитаси юридик бўлим бошлиғи,
Тўлқин ТЎХТАСИНОВ,
Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари маркази бош юристи.