«Бухоро бўйлаб саёҳат қилинг»

bukhara_1024x522_uul

Бухоро вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси кенгаши томонидан ички туризмни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган 2 кунлик саёҳат дастури ана шундай номланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 2 октябрида мамлакатимизда туризмни изчил ривожлантириш истиқболлари, сайёҳлик объектларидан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат сифатини ошириш, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириққа асосан ишлаб чиқилган ушбу саёҳат дастуридан мақсад воҳа аҳолисини бебаҳо маданий мерос объектлари ва тарихий обидалар билан таништириш, муқаддас қадамжоларга зиёрат қилишни тизимли йўлга қўйиш орқали ички туризмни янада тараққий эттиришдан иборатдир.
Эндиликда мазкур дастурга мувофиқ, душанба ва сешанба кунлари – маҳаллалар аҳли, чоршанба ва пайшанба кунлари  олий таълим муассасалари талабалари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари, шанба ва якшанба кунлари эса меҳнат жамоалари вакиллари махсус туристик автобусларда ташкилий равишда саёҳатга чиқадилар. Улар саёҳатнинг дастлабки куни Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобои Самосий, Ҳазрат Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд маж­муаларини зиёрат қиладилар. Пешку туманининг Афшона қиш­лоғидаги Абу Али ибн Сино мемориал музейи экспонатлари билан танишадилар.Туманлардан келган сайёҳларга “Бухоро Гранд”, “Азия-Бухоро”, “Девонбеги”, “Лабиҳовуз”, “Караван”, “Гранд Нодирбек”, “Бухоро маликаси”, “Атлас” ва “Ором” меҳмонхоналари хизмат кўрсатади. Саёҳатнинг иккинчи куни меҳмонларга Бухоро шаҳридаги Сомонийлар мақбараси, Арк қалъаси, Пойи Калон мажмуаси, Абдуллахон тими, Заргарон, Телпакфурушон ва Саррофон тоқлари, Улуғбек ва Абдулазизхон мадрасалари, Лабиҳовуз мажмуи, шунингдек, Бухоро туманидаги Чорбакр мажмуини кўрсатилиб, бу обидаларнинг ўзига хос меъморий жиҳатлари, улар ҳақидаги қизиқарли афсона ва ривоятлар, тарихий воқеа­лар сўзлаб берилади.

Ҳамроз АЛИ,   
“Qishloq hayoti” мухбири.