Мумтоз наволаримизнинг умри боқий бўлажак

Қашқадарё вилояти

Президентимизнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан танишар эканман, Юнус Ражабий, Ориф Алимахсумов сингари санъатимиз дарғаларининг нурли сиймоси кўз ўнгимда гавдаланди.

Дарҳақиқат, ўзбек миллий мақом санъати узоқ тарихга эга. Уни асраб-­авайлаш, келажак авлодга етказиш, янада равнақ топтириш йўлида фидойилик кўрсатган инсонларни халқимиз эъзозлайди. Мен буни ўзимнинг 52 йиллик меҳнат фаолиятим давомида кўриб, ҳис этиб келмоқдаман. Ўзбекистон халқ артисти Марям Сатторова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Насиба Сатторова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўктам Аҳмедов, Ўзбекис­тон Респуб­ликасида хизмат кўрсатган артист Ойгул Ҳалилова, Ўзбекистон Рес­публикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев сингари мақом санъатини қадрлаб, элда эъзоз, юртда қадр топган шогирдларим билан ҳақли равишда фахрланаман.
Энг муҳими, ёш шогирдларимиз ҳам улар изидан бормоқда. Хусусан, Шаҳрисабз шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Севинч Аблоқулова Муҳиддин Қориёқубов хотирасига бағишлаб ўтказилган санъат фестивалида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин олди. 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Шаҳзод Нуъмонов “Камалак юлдузлари” республика танловида биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Бу каби истеъдодли ёшлар ўзбек қўшиқчилик санъати, мақом ижрочилигининг порлоқ келажагини таъминлашга ҳисса қўшишади. Бундай ютуқлар замирида, энг аввало, келажагимиз эгаларига яратиб берилаётган имкониятлар, улар таълим олаётган мас­канларнинг мустаҳкам ўқув, моддий-техник асос­лари турибди.
Шаҳримиздаги икки қаватли мослаштирилган бино тўла таъмирланганидан сўнг 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби ихтиёрига топширилди. Ўзбекистон халқ артис­ти Озодбек Назарбеков ташаббуси билан “Коба” (қадимги карвонсарой) тарихий мажмуаси қад ростлади. Унда ўзбек қўшиқчилиги, мақом санъатининг тарғиботи ва ташвиқоти учун барча қулайликлар мавжуд.
Дарвоқе, айни пайтда кўҳна шаҳримизда ўзгача руҳ ҳукмрон. Шаҳрисабз  амалга оширилган кенг кўламдаги қурилиш, ободончилик ишларидан сўнг таниб бўлмас даражада ўзгарди. Маҳобатли ва кўркам Оқсарой майдони халқаро мақомчилар анжуманини ўтказиш чоғида ўз бағрига 4,5-5 минг томошабинни жамлай олиш имкониятига эга бўлди. Қайта таъмирланиш арафасида турган маданият саройи салобати ҳам майдонга улуғворлик бағишламоқда.
Бугун санъат ихлосманд­лари кўҳна Кешда икки йилда бир марта ўтказиладиган халқ­аро мақомчилар анжумани ҳақидаги хушхабардан кўнгиллари шод, диллари равшан тортганлигини изҳор этмоқдалар. Танбур, сурнай наволари жўрлигидаги мумтоз наволар санъатимиз бардавомлиги, унинг умрбоқийлигидан дарак беради.

Элмурод БОЙМУРОДОВ,
Шаҳрисабз шаҳар маданият саройи қошидаги “Бахтли болалик, намунали болалар” мақомчилар ансамбли раҳбари.