“Ўзбекистон гавҳари”нинг сайёҳлик имкониятлари кенгаймоқда

4_fargona1

Фарғона вилояти

Фарғона вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш, янги сайёҳлик йўналишларини очиш юзасидан ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қўқон, Марғилон шаҳарлари ва Риштон тумани ҳудудидаги 30 га яқин замонавий меҳмонхоналарнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди.

Туристик объектлар, транспорт логистикаси тизими ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, сайёҳлар эътиборини тортувчи кўнгилочар мас­канлар ҳам барпо этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Фарғона вилоятининг Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида ҳунармандчиликни янада ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2017-2019 йилларда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Марғилонликлар ота-боболаридан мерос шойи, атлас, адрас, чит матоларини тўқиш, ёғоч ўймакорлиги, косибчилик ва гиламдўзликда катта муваффақият қозонаётган бўлсалар, қўқонлик ҳунармандларининг ёғоч ўймакорлиги, иш қуроллари ясаш анъаналари, косибчилик ва тадбиркорлик ишлари ёш авлод томонидан изчил давом эттирилмоқда.
Риштонда эса кулочилик қадимдан ривожланган. Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Шарофиддин Юсупов, таниқли кулол-дизайнер Рустам Усмонов сингари усталар уй-музейларини яратган эдилар. Яқинда Жалаер қишлоғидан яшовчи рассом-кулол Тоҳиржон Ҳайдаров томонидан янги кулочилик уй-музейи фаолияти йўлга қўйилди. Қувонарлиси, бу ерда кутубхона ҳам ишлаб турибди.
Риштонлик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Саид­жон Аҳмедов ташкил этган уй-музейига эса хорижлик сайёҳлар тез-тез ташриф буюриб туришади. Ёш тадбиркорнинг фаолияти ёшларга ибрат бўляпти.
– Риштон тупроғи – соз тупроқ, – дейди кулол-дизайнер Рустам Усмонов. – Ундан бетакрор санъат асарлари яратиш мумкин. Ёш кулолларимиз аждодлар анъанасини давом эттириш баробарида янги-янги ранглар, услублар ўйлаб топяптилар, кулолчилик буюмларини замонавий миллий нақшлар, портрет ва пейзажлар билан безамоқдалар.
Туманда кулолчилик билан бир қаторда чиннипазлик ва мусаввирликни оммалаштириш, сайёҳларни кенг жалб қилишга қаратилган тадбирлар ҳам  амалга оширилмоқда.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.